Украинанинг қарши ҳужумига тайёрланаётган Россия Запорожье вилоятида улкан хандақ қазимоқда. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Украинага қарши ҳужумга ўтишга тайёргарлик кўрмоқда. Шу сабабли Запорожье вилоятида қурилаётган ва ҳозирда 72,4 километрга етган “мега хандақ”ни ҳатто космосдан ҳам кўриш мумкин. Россия Президенти Владимир Путин ўтган йили “референдумлар” орқали қўшиб олинган ушбу вилоят яна Украина томонидан қайтариб олинишидан чўчимоқда. Украин қўшинларини ўтказмаслик мақсадида қурилаётган хандақ фронт чизиғидан қарийб 80 километр ортда жойлашган.
Хандақ Мелитополь шаҳри марказидан 9,6 километр узоқликда бўлиб, Приморье вилоятидаги Мариновка қишлоғига қадар етади. Қурилиш Қирғизистондан борган ёлланма ишчилар томонидан амалга оширилаётгани, баъзи ҳолларда ишчиларга ваъда қилинган маблағ тўлаб берилмаётгани хабар қилинган.
Кўплаб таҳлилчилар томонидан ушбу хандақнинг қурилиши ўтган йили Киевни бир неча кунда эгаллаб олишни мақсад қилган Путиннинг Украинадаги муваффақиятсизликларни тан олишини англатиши таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия муҳожирларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Россия қўшинлари Бахмутни эгаллаганини иддао қилишига жавобан, Украина вакили бу хабар ёлғон эканини айтиб, руслар “қандайдир ҳожатхона устида” байроқ кўтарганини таъкидлаганди.