Samsung Galaxy А52 ва Galaxy А53 янги чиққан Galaxy А54'га қарши

Улашиш:

Гарчи ўрта тоифага мансуб бўлса ҳам Samsung Galaxy А5Х линиясидаги смартфонлар харидорларга флагманларга яқин техник хусусиятлар таклиф қилади. Яқинда Жанубий Корея компанияси ўзининг шу қатордаги янги смартфон, Galaxy А54 ни тақдим қилди. Galaxy А53 давомчиси, албатта, бир қанча яхшиланишларни ўз ичига олади. Хўш, бу ўзгаришлар ҳозирги Galaxy А53 ёки Galaxy А52 смартфонингиз устидан янгиланишга сабаб бўла оладими?

Келинг аввал смартфонларнинг асосий техник хусусиятларига бир назар ташласак:

 
Galaxy А52
Galaxy А53
Galaxy А54
Ўлчам
159.9×75.1×8.4
159.6×74.8×8.1 
158.2×76.7×8.2 
Экран
6.5 дюйм, 1080×2400 пиксел, Super AMOLED, HDR10+
6.5 дюйм, 1080×2400 пиксел, Super AMOLED, HDR10+
6.4 дюйм, 1080×2340 пиксел, Super AMOLED, HDR10+
Процессор
Snapdragon 750G
Exynos 1280
Exynos 1380
Оператив хотира (RAM)
6/8 GB
4/6/8 GB
6/8 GB
Доимий хотира
128/256 GB
128/256 GB
128/256 GB
Батарея
4500 мА/соат
5000 мА/соат
5000 мА/соат
Зарядланиш тезлиги
25 Вт
25 Вт
25 Вт
Орқа камераси
64+12+5+5 MP
64+12+5+5 MP
50+12+5 MP
Олд камераси
32 MP
32 MP
32 MP

Дизайн

Агар ҳозирги Galaxy А5Х смартфонингизни Galaxy А54 га янгилаш учун фақат биргина сабаб мавжуд бўлса, унда бу унинг янгича дизайни бўлади. Смартфон, у тақдим қилинмасидан бир ой аввал чиқарилган Galaxy S23 флагмани каби кўринишни ўзлаштирган – учлик камера модулларини ўзи энди смартфондан чиқиб туради (орқа тарафда бир қарашда сиз уни Galaxy S23 дан деярли ажрата олмайсиз). Ҳозирги Galaxy А52 ва Galaxy А53 моделларидаги тўртта камералар ва LED чироғини эса тўртбурчак камера ороли ўраб туради ва эҳтимол, буни энди эскирган дизайн дейишимиз мумкин.

Шунингдек, Galaxy А54 бурчаклари ва ён томонлари янада юмалоқланган эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, чунки бу унинг қўлда янада яхшироқ туришини таъминлайди.

Galaxy А54 нинг яна бир ютуқларидан бири бу унинг орқа томони пластик эмас, балки шиша билан қопланганлигидир, лекин бу ўзига яраша йўқотиш билан келган ёхуд Galaxy А54 материалининг ўзгариши унинг бироз оғирлашишига сабаб бўлган:

Galaxy А54 - 202 грамм;
Galaxy А52; А53 - 189 грамм.

Экран

Galaxy А54 ўзининг аввалгиларига қараганда бироз кичикроқ экранга эга – Galaxy А52 ва Galaxy А53 смартфонлари экрани 6.5 дюйм бўлса, Galaxy А54 модели 6.4 дюйм ўлчамдаги экранга эга ва 200 нитга ёрқинроқ, яъни қуёшли шароитда унинг экрани эски моделларникига қараганда янада ёрқинроқ бўлади. Қолган хусусиятлари эса фарқ қилмайди: 120 герц янгиланиш тезликда янгиланадиган FHD+ резолюциядаги HDR10+ Super AMOLED дисплей Corning Gorilla Glass 5 билан ҳимояланган. Агар Galaxy А54 экранида биргина "–" бўлса, бу унинг қалинроқ рамкаси бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, Galaxy А52 ва Galaxy А53 янги смартфонга қараганда ингичкароқ рамка билан ўралган.

Операцион тизим ва ички техник хусусиятлари

Янги смартфон, янги версиядаги операцион тизим. Galaxy А54 смартфони қутидан Android 13 га асосланган One UI 5.1 билан чиқади ва бу унинг "+" томонларидан бири. Шу билан бирга сиз смартфонда ҳали яна 4 йил операцион тизим ва 5 йил хавфсизлик янгиланишларини қабул қиласиз. Galaxy А53 ҳам худди шунча йил янгиланишлар олади. Айтиш керакки, у аллақачон ўзининг илк катта тизим янгиланишини қабул қилиб бўлган. Galaxy А52 га қайтадиган бўлсак, у 3 йиллик тизим ва 4 йиллик тизим янгиланишини қабул қилади. У One UI 5.1 га эришиш учун икки "жони"дан фойдаланиб бўлди ва энди унда яна битта "жон" қолди.

Galaxy А53 дан кейин Galaxy А54 ҳам Samsung ўзи ишлаб чиқарган Exynos чипсетини олиб юриш анъанасини давом эттиради. Янги смартфон Exynos 1380 билан жиҳозланган ва у ўтган йилги Galaxy А53 нинг Exynos 1280 чипсетидан яхшироқ ишлаши табиий. Бироқ, смартфондан кундалик фойдаланишда бу ўзгаришни унчалик сезмаслигингиз мумкин. Икки йил аввал Snapdragon 750G билан жиҳозланган Galaxy А52 ни Galaxy А54 билан солиштиришнинг ўзи нотўғри, чунки янги смартфон яхшироқ ва силлиқроқ ишлаши аниқ.

Камералар

Бугунги кунда смартфонлар сотувидаги энг кўп эътибор камераларга қаратилмоқда. Кўпроқ камералар, кўпроқ мегапикселлар сизни ўша смартфонни сотиб олишга ундайди, чунки улар сизни "яхши тасвирлар олади" деб ўйлашга ундайди. Бироқ, Galaxy А54 ҳолатида бундай эмас. Бошланишига шуни айтиш керакки, смартфон энди аввалгилари каби тўртта эмас, балки учта камера билан жиҳозланган, биттаси олиб ташланган (портрет). Қолаверса, Galaxy А52 ва А53 смартфонлари 64 MP камерага эга эди. Galaxy А54 эса 50 MP камера билан жиҳозланган. Смартфонни сотиб олиш фикридан қайтишга шошилманг. Битта сенсор олиб ташланиши ва мегапикселлар сони камайтирилиши Galaxy А54 ёмон суратлар олишини англатмайди.

Galaxy А52 ва А53 смартфонларининг f/1.8 диафрагмали 64 MP камералари, албатта, яхши суратлар олади, лекин улар Galaxy А54 нинг 50 мегапикселли камерасичалик зўр эмас. Гап шундаки, тасвирга олишда пикселлар сони муҳим аҳамият касб этмайди. Samsung 50 MP камера сенсоридан ўзининг Galaxy S флагманларида ҳам фойдаланади, чунки у 64 MP камера сенсорига қараганда яхшироқ тасвирлар олади. Аммо, агар фотографияни зўр биладиган одам бўлмасангиз, унда ушбу камералар ўртасидаги фарқни деярли сезмайсиз. Қолган икки камералар эса уччала моделда бир хил: 12 MP ултра-кенг ва 5 MP макро. Селфи камера томонда ҳам ўзгаришлар мавжуд эмас ёхуд Galaxy А52, А53 ва А54 бир хил 32 MP олд камерага эга.

Батарея

Агар сиз Galaxy А52 фойдаланувчиси бўлсангиз, унда сиз Galaxy А54 га янгиланишни хоҳлашингиз мумкин, чунки қўлингиздаги қурилма 4500 мА/с, Galaxy А54 эса 5000 мА/с батареяга эга. Орадаги фарқ катта эмас ва Galaxy А52 батареясини ҳам амаллаб 2 кунга етказиш мумкин. Бироқ, смартфонингиз батареяси ҳолати ёмонлашган бўлса, яъни узоқ вақтга етмаётган бўлса, унда Galaxy А54 га янгилашни ўйлаб кўришингиз тавсия қилинади. Galaxy А53 эгалари эса батарея ҳақида қайғуришмаса ҳам бўлади, чунки уларда ҳам батарея 5000 мА/с. Ҳа, айтганча, батареяни қувватлаш тезлиги уччала смартфонда ҳам 25 Вт ва уларнинг ҳаммаси USB Type-C порти орқали қувватланади. Ҳеч қайси бири симсиз зарядлана олмайди.

Қўшимчасига шуни ҳам айтишимиз керакки, Galaxy А54 эски моделлардан фарқли ўлароқ Wi-Fi 6 ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди. Олдинги моделлар эса Wi-Fi 5, Bluetooth 5.0 (А52)/Bluetooth 5.1 (А53) версияларида ишлайди.

Хулоса

Galaxy А52 ҳали ёшини яшаб бўлганича йўқ ва агар у яхши ишлаб турган бўлса, уни Galaxy А54 билан алиштиришингиз шарт эмас. Аксинча бўлиб, унинг эскираётгани билинаётган бўлса, унда уни янгилаш вақти келибди. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Galaxy А54 га янгиланиш сизга янгича дизайн, каттароқ батарея, янги версиядаги операцион тизим ва узоқ йиллик қўллаб-қувватлаш таклиф қилади. Аммо, шуни унутмангки, янги смартфонда сиз 3.5 миллиметрли наушник уяси ва FM Radio хусусиятини топа олмайсиз.

Galaxy А53 фойдаланувчилари эса чўнтаклари ва кайфиятларига қараб Galaxy А54 га янгиланишни ўйлаб кўришлари мумкин, чунки янги авлод смартфони ўзининг аввалгисидан дизайндан бошқа катта ўзгаришларга эга эмас.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.