«2011 йил Қатарда Абрамов даврида Одил акалар «портлатишганди», бу сафар биз «портлатамиз». Машарипов бўлажак Осиё кубоги ва Элдор билан муносабати ҳақида

Улашиш:

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумкор яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов 2024 йил январда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги ва Элдор Шомуродов билан муносабати ҳақида фикрларини билдирди.

«Ан-Наср» футболчиси «инстаграм»даги саҳифасида жонли эфирда мухлислар саволларига жавоб қайтариб, миллий жамоадаги мақсадлари ҳақида гапирди.

«Миллий жамоамиз ҳозир зўр. Худо хоҳласа, кейинги йил январда Осиё кубоги бўлади. Унда яхши натижа кўрсата оламиз деб ўйлаяпман. Чунки шахсан ўзим анчадан буён бунақа позицион ўйин (ўйнамагандим), жамоа асоси ҳозирда жуда яхши ўйин намойиш этмоқда. Ҳозир миллий жамоамиз яхши, кўз тегмасин. Насиб қилса, бу сафарги чемпионатда Қатарда «портлатамиз». Ўзи 2011 йил Қатарда Абрамов даврида Одил акалар «портлатишганди», Худо хоҳласа бу сафар биз «портлатамиз», зўр натижа қиламиз. 

Элдор – Ўзбекистоннинг энг кучли ҳужумчиси. Мен ўзим билганлар орасида энг яхшиси. Фикримча, Ўзбекистон тарихида Элдор Шомуродовдек яхши ҳужумчи бўлмаган. Тўғри, Гейнрих бўлган, аммо унинг услуби бошқачароқ эди. Элдорнинг тезлиги яхши, менга жуда ёқади. Миллий жамоада пас берган пайтда ҳам тезлик олиб, вазиятни голга айлантира олади. Савия жиҳатдан ҳам зўр. Элдорда техника ҳам, тезлик ҳам бор. Одамгарчилик жиҳатидан ҳам яхши бола. 

Одамлар Элдор билан мени таққослайверади, аммо у билан муносабатимиз яхши. Кўпчилик ўйлайдигандек эмас. Бир-биримизга яхши муносабатдамиз», - дейди Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси.

Маълумот учун, Осиё кубоги-2023 баҳслари 2024 йилнинг январь ойида Қатарда бўлиб ўтади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси 2011 йил Вадим Абрамов қўл остида Осиё кубоги тарихидаги энг яхши натижа – 4-ўринни эгаллаганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.