«Насаф» - «Пахтакор» ўртасида Суперкубокдан кейин Суперлига ўйини ҳам қолдирилди

Улашиш:

Суперлига 11-туридан ўрин олган «Насаф» — «Пахтакор» тўқнашуви 20 май куни бўлиб ўтиши керак эди. Мазкур беллашув «Пахтакор» футбол клуби сўровига асосан қолдирилади. Бу ҳақда ПФЛ хабар бермоқда.

«Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 10.9-бандида Ўзбекистон U20 жамоасининг жаҳон чемпионати финал босқичи учрашувига уч ва ундан кўп футболчиси жалб қилинган клуб расмий учрашувни бошқа санага кўчиришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли эканлиги қайд этилган. Ўзбекистон U20 жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Аргентинадаги мундиалга «Пахтакор»нинг 8 нафар аъзосини олиб кетишни режалаштирган: Отабек Боймуродов, Диёрбек Ортиқбоев, Абубакр Ашуров, Аббос Файзуллаев, Шаҳзодбек Раҳматуллаев, Беҳрузбек Асқаров, Пўлатхўжа Холдорхонов, Рустам Турдимуродов. Шундан келиб чиқиб, Лига «Пахтакор» сўровини қаноатлантиради. 

Регламент бўйича «Пахтакор» U20 Осиё кубоги даврида ҳам расмий учрашувларини суришни сўраши мумкин эди. Бироқ клуб ўтган давр давомида вазиятдан кўчиришларсиз чиқишга эришди. Айни вақтда эса нафақат юқорида номлари қайд этилган футболчилар жамоа билан бирга эмас, балки ёши нисбатан каттароқ қатор футболчиларда ҳам жароҳатлар мавжуд. 

Аввалроқ, Лига «Пахтакор» ва «Насаф» иштирокидаги Ўзбекистон Суперкубоги учрашувини Қарши клубининг Чемпионлар лигасидаги иштироки сабаб мавсум олдидан ўтказа олмаганди. 

Июнь ойида Сречко Катанец Ўзбекистон миллий жамоасини ФИФА кунларидан аввалроқ йиғишга мажбур бўлаётганини ҳам ҳисобга олса, 2022 йилги мавсум совриндорлари иштирокидаги ҳар икки ўйин июль ёки август ойларида ўтказилиши мумкин. Лига бу ҳақда кейинроқ қарор қабул қилади. Боиси биз ОФК томонидан Чемпионлар лигасининг 2023/24 йилги мавсумига қуръа ташланишини кутишга мажбурмиз. Зеро мазкур мусобақада Суперлиганинг тўрт клуби Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Шундан келиб чиқибгина мавсумнинг иккинчи давраси учун тақвим шакллантириш мумкин бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.