2022 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг 47 фоизига виза беришдан бош тортган. АҚШ элчиси Жонатан Хеник рад этишлар кўпайганига қарамай, рекорд миқдорда виза берилаётганини таъкидлади ва АҚШга Мексика орқали ноқонуний миграция уринишларига изоҳ берди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистон фуқароларига АҚШ визаси беришни рад этиш даражаси юқори эканига изоҳ берди.
2022 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг 47,04 фоизига B тоифали виза (сайёҳлик ва ишбилармонлик визаcи) беришдан бош тортган. Бу 2021 йилдаги 45,98 фоизлик кўрсаткичдан юқори, аммо 2020 йилдаги пандемия давридаги — 74,14 фоиз, 2019 йилдаги — 68,06 фоиз, 2018 йилдаги — 61,76 фоиз ва 2017 йилдаги — 50,29 фоиздан кам.
«Биз учун юзма-юз суҳбатлар ўтказиш жуда қийин бўлган ковид давридаги турғунликдан сўнг ўтган йили кўпроқ одамлар билан суҳбатлашдик ва 2022 йилда коронавирусдан олдинги 2019 йилдагидан кўра кўпроқ виза бердик. Биласизми, биз тўлиқ ишга қайтдик ва биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамлар билан суҳбатлашяпмиз. Талабгорлар сони ҳар қачонгидан ҳам кўплиги аслида жуда яхши белгидир», — дейди у.
Элчининг таъкидлашича, АҚШга саёҳат қилиш истагида бўлганлар, жумладан, талабалар ва тадбиркорлар сони ҳам ортиб бормоқда. Элчихона АҚШга боришни имкон қадар кўпайтириш ва осонлаштириш, шунингдек, икки давлат манфаатлари йўлида имкон қадар кўпроқ алоқа ўрнатиш ниятида.
«Афсуски, ҳар доим виза сўрови рад этиладиган одамлар бўлади. Ўйлайманки, сиз ҳам жуда яхши биласиз, сўнгги ойларда биз, масалан, Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари Мексикага бориб, сўнг ноқонуний равишда АҚШ чегарасини кесиб ўтишга уринаётганига гувоҳ бўлдик. Мен улар бу ишни Disneyland`га бориш учун қилишган деб ўйламайман. Тўғрими? Улар буни АҚШда туристик виза бўйича қонуний бўлмаган иқтисодий имкониятларни кўрганлари учун қилади», — деди элчи.
Жонатан Хеникнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг миллионлаб фуқаролари мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият туфайли оиласини боқиш учун Россияда меҳнат қилмоқда.
«Ва, табиийки, Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ва бошқа мамлакатлардан иқтисодий имкониятларни излайди. Лекин, албатта, сиз биласизки, АҚШ Конгресси томонидан бизга қўйилган мажбуриятлар бор ва биз АҚШга виза билан борадиган ҳар бир киши, сайёҳлик визаси бўладими ёки талабалик визаси бўладими, бу визалар билан қонуний равишда саёҳат қилишига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Шунинг учун, кимдир виза учун мурожаат қилса, лекин биз унинг нияти АҚШга сайёҳ сифатида саёҳат қилиш эмас, бошқа нарса эканлигини билсак, афсуски, қонун бўйича унинг сўровини рад этишимиз керак бўлади», — деб тушунтирди у.
Дипломат АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган ўзбекистонликларнинг аниқ сонини айта олмади.
«Аниқ рақамни билмайман. Ўйлайманки, кўрганларимиз минг нафар атрофида. Очиғини айтганда, бу жуда хавфли вариант. Ва мен ҳар қандай томошабинингизни бу имкониятни кўриб чиқишдан қайтарган бўлардим. Мексикадами ёки бошқа жойдами, ҳар доим бу одамлардан фойдаланадиган, уларга кейинчалик бажаролмайдиган ваъдаларини берадиган жиноятчилар бор. Чегара орқали қуруқликдаги йўл ҳам жуда ва жуда хавфли ва, албатта, биласизки, сизни қайтариб юбормасликлари ва ўзингиз учун катта харажат орттириб олмаслигингизга ҳеч қандай кафолат йўқ», — дея огоҳлантирди элчи.
У Ўзбекистон сўнгги йилларда Diversity Visa дастурида (грин карта) ғолиб бўлганлар сони бўйича мамлакатлар орасида доимо биринчи ўринларда турганини эслатди.
«Ва бу, албатта, Қўшма Штатлардаги имкониятлар топишга ҳаракат қилишнинг қонуний йўли. Бошқа йўллар ҳам бор, масалан, АҚШга борган талабалар талабалик визаси муддати тугаганидан кейин маълум муддат ишлаш имкониятига эга. Ва биласизки, агар сизга АҚШдаги тадбиркорлик субъекти ҳомийлик қилса ҳам, АҚШда қонуний ишлаш имконияти мавжуд», — деди у.
2022 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси «ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ визаларни расмийлаштирди», — деди дипломат.
«Бунинг сабаби, аризалар сони ҳам кўпроқ. Демак, визани рад этишлар сони ортиб бораётган бўлиши мумкин, аммо биз ҳали ҳам рекорд миқдордаги визалар беряпмиз. Мен ўз статистикамни икки марта текшираман, сизга ёлғон маълумот беришни хоҳламайман. Аммо ҳар бир виза берилганда, биз бу одамнинг АҚШга қонуний равишда саёҳат қилаётганини аниқ билмаймиз. Улар виза муддатидан ўтиб кетишлари мумкин. Кимдир АҚШга саёҳат қилганда ва визаси муддатидан ўтиб кетганда, биз АҚШ расмийларидан билдиришнома оламиз ва бу маълумотлар АҚШга ким қонуний йўл билан саёҳат қилаётганини ва у ерга ким ноқонуний ҳаракатлар учун боришга ҳаракат қилаётганини яхшироқ тушунишга ёрдам беради», — деди Жонатан Хеник.