News time: Президентликка номзодлар, газ шахобчадаги портлаш ва хайфсан олган ҳокимлар

Улашиш:

Ўзбекистон президенти Москвада Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди.

Муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови 9 июль куни ўтказилади

Шавкат Мирзиёев муддатидан илгари президенти сайловини 9 июлда ўтказиш бўйича фармонни имзолади.

Ўзбекистон президентлиги учун сайлов кампаниясига старт берилди

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайлови кампанияси 10 майдан бошланди. МСК сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Календарь режани тасдиқлади. Унга кўра президентликка номзодларни рўйхатга олиш 6 июнгача амалга оширилади.

ХДП Улуғбек Иноятовни президентликка номзод сифатида маъқуллади

Халқ демократик партиясидан партия раиси Улуғбек Иноятов президентликка номзод сифатида Қурултойда кўриб чиқиш учун маъқулланди.

«Адолат» партияси Робахон Маҳмудовани президентликка номзод сифатида кўрсатди

«Адолат» социал-демократик партияси Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудовани Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатмоқда.

ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка кўрсатишни маъқуллади

Партиянинг Сиёсий кенгаши аъзолари Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиш масаласини навбатдаги партия Съезди муҳокамасига киритилишини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

 

«Ўзбекистон — дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади» — Шавкат Мирзиёев

«Ўзбекистон — дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев референдум якунларига бағишланган учрашувда. Давлат раҳбари мамлакатда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўйилмаслигини айтди.

Meta, Google, Apple каби хорижий компаниялар Ўзбекистонда тўрт ойда 32,4 млрд сўм солиқ тўлади

Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 42 та хорижий компания томонидан январь-апрель ойларида 32,4 млрд сўм солиқ тўланган. Улар ичида энг кўп солиқни Meta (12,1 млрд сўм), Google (9,3 млрд сўм) ва Apple (6 млрд сўм) тўлаган.

Ўзбекистон компаниялари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишдаги ёрдами учун ЕИнинг «қора рўйхати»га киритилиши мумкин

Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг Украинадаги уруши муносабати билан янги санкцияларни муҳокама қилмоқда. Reuters инсайдерларига кўра, Россияга киритилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Хитой, Эрон, Қозоғистон ва Ўзбекистон компаниялари қора рўйхатга киритилиши мумкин.

Самарқандда газ қуйиш шохобчасидаги портлаш оқибатида 1 киши жароҳатланди

Пахтачи туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида техника хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида портлаш содир бўлди. Ҳодиса туфайли, дастлабки маълумотларга кўра, 3 та Isuzu ёниб зарарланди, 1 киши жароҳат олди.

 «Даволаниш. Таълим. Уй-жой таъмири». Ўзбекистонликлар кўпроқ нимага пул сарфлайди?

Марказий банк 2023 йилнинг I чораги бўйича Аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳини эълон қилди. Ўрганиш респондентларнинг таълим, уй-жой таъмири, даволанишга кўпроқ маблағ сарфлаганини кўрсатди. Кредит олувчилар бироз камайган, маиший хизмат соҳасидагиларнинг даромадлари бўйича кутилмалар яхшиланган.

Қуёш панелларини ўрнатишдаги камчиликлар учун 9 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилди

Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда қуёш панелларини ўрнатишда камчиликларга йўл қўйган 9 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши белгиланди. 2 ойда ўзгариш қилмаса, улар ишдан олинади.

Тадбиркорларнинг банкдаги пулларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жазо тайинланади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда жиноят кодексига қўшимча киритилди. Энди тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан розиликсиз пул ўтказган ёки олиб қўйган ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаган шахслар 13,2 млн сўмгача жаримага тортилади. Ҳолат яна қайтарилса, 3 йилгача қамоқ жазоси тайинланади.

«Озодликдаман, ўлиб кетганим йўқ». 15 суткага қамалган Аctivist лойиҳаси муаллифи оммага кўриниш берди

8 апрель куни 15 суткага қамалган Аctivist лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носиров орадан бир ой ўтиб жамоатчиликка видео чиқиш билан кўриниш берди. «Менда ҳаммаси яхши, озодликдаман. Ўлиб кетганим йўқ ёки фирибгарлик, товламачилик билан устимдан жиноий ишлар очилгани йўқ», — дейди у.

Ўзбекистон президенти энергетика тизимини ёзги мавсумга тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев электр энергияси истеъмоли кескин ошадиган ёз фасли учун Ўзбекистонда энергия таъминотига тайёргарлик бўйича йиғилиш ўтказди. Ҳокимларнинг кутилаётган юклама ҳажмини қоплаш юзасидан ҳисоб-китоблари йўқлиги танқид қилинди.

Президент кўмир қазиб олишни 22,6 фоизга ошириш бўйича топшириқ берди. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 14 фоизга пасайганди

«Ўзбеккўмир» корхонасининг Ангрен кўмир конига 80 миллион доллар кредит ажратилади, деди президент. У кўмирга бўлган талаб 1,5 баробар ошишини айтди ва қазиб олишни 22,6 фоизга — 6,5 миллион тоннагача ошириш вазифасини қўйди. Кўмир қазиб олиш биринчи чоракда 14 фоизга қисқарганди.

Жиззахда бедарак йўқолган 5 ёшли боланинг мурдаси каналдан топилди

3 май куни Бахмал туманида 5 ёшли бола уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолди. Орадан икки кун ўтиб, унинг мурдаси «Туятортар» каналидан топилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.