Даврон Файзиев: Биз кўпроқ хато қилдик, Эрон эса минимум

Даврон Файзиев: Биз кўпроқ хато қилдик, Эрон эса минимум

Таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграм каналида Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги ўйин ҳақида фикр билдирди.

"Бундай учрашувлардан кейин шарҳловчилар ҳам ўзига келишига бир неча кун сарфлашади. Бунинг устига жамоанинг аъзоси бўлсанг мағлубиятни қабул қилиш кўп карра оғир. Шундай бўлсада, маълум аудиторияга эга шахсий блогим бор экан, учрашув таассуротларига тўхталишни тўғри деб билдим.

Даражаси бир-бирига яқин терма жамоалар учрашганда майда деталлар натижани келтириб чиқаришини кўп мураббийлар эътироф этишади. Баъзида ўйин жараёнидаги, баъзида атрофидаги факторлар. Бугунги финал яққол мисол. Икки хил тайм, биринчисида юқори темп, иккинчисида эпизодларга бўлиниш. Иккисида ҳам мезбондек ёки фаворитдек активлик биз томонда бўлди. Назорат, ҳаракат, босим ва олдинга интилишда устунлик бор эди. Асосий муаммо якуний лаҳзада. Элдорнинг зарбасидан кейинги тўпнинг устунга тегиши, Остон бирга-бир чиқиши ва яна қатор вазиятларда сўнгги аниқ пас етишмагани. Эрон эса ўзининг иккита позицион ҳужумидан биттасини голга айлантирди.

Яна бир вазият ҳакамнинг савиясизлиги сабаб йўққа чиқди. Юсупов тўпни Шомуродовга узатгач, Элдор тоза бирга-бир чиқиб кетаётганди. Ҳар қандай нормал ҳакам бу вазиятда ҳужум нима билан тугашини кутади. Лекин бизнинг ҳужумга ўтаётганимизни кўриб туриб рефери ўйинни тўхтатди. Ўша сариқ карточкани кўрсатаман деб бизни яққол голдан маҳрум қилди. Бир гол ҳаммасини ҳал қиладиган, Эрон ҳимоясидан ўтиш ўта оғир кечаётган, Элдорга умуман бўшлиқ берилмаётган пайтда бизга шу вазият жуда ва жуда керак эди.

Гол ургач, Эрон онгли равишда темпни пасайтиришга интилди. Азмун ўйиндан кейин бу футболнинг бир қисми дебди. Тўғри. Шундай услубда натижа учун ҳамма ишни қиладиган рақиб билан ҳам ўйнашни ўрганишимиз кераклиги бўйича бизга сигнал ва сабоқ бўлди. Катанецнинг ўрни ҳам билинди. У барчани тонусда ушлаб тура оларди.

Натижа ўртадаги умумий фарқни яққол кўрсатиб берди деб бўлмайди. Биз кўпроқ хато қилдик, Эрон эса минимум. Шу таъриф мос менимча. Ютсак бўларди деган туйғули мағлубият янада аламли. Кучлироқ қайтамиз, дея чиқарилган ҳулоса қадрли", - дея ёзиб қолдирди Файзиев.


Яндекс.Метрика