Ўзбекистонда 2,4 млн хонадоннинг кадастр ҳужжати йўқлиги маълум қилинди

Улашиш:

Ўзбекистонда қарийб 2,4 миллиондан ортиқ хонадонларда кадастр ҳужжатлари йўқ. Бу ҳақда Сенат қўмитаси мажлисида маълум қилинган.

Мажлисда кадастр соҳасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва муаммоли масалаларни ҳал қилиш зарурлиги муҳокама қилинган.

“Республика ҳудудидаги 2 миллион 400 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқлиги ва бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқини белгиловчи тартиб мавжуд эмаслиги сабабли аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаяпти. Шу туфайли агентликка ҳамда Халқ қабулхоналарига мурожаатлар сони кўпайган. Таҳлил натижаларига кўра, айни шу мазмундаги мурожаатлар жами мурожаатларнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил этади” — дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаларига жисмоний ва юридик шахслар юборган мурожаатларни кўриб чиқишда раҳбар ва масъул ходимлар томонидан камчилик ва қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланган. Оқибатда масъулларга нисбатан 10 та жарима ва 78 та ҳайфсан, 1 та лавозимдан озод этиш, жами 89 та интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Мажлисда агентликнинг фуқаро ва тадбиркорлар томонидан ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича қўшимча тарғибот ишларини етарлича амалга оширмагани танқид қилинган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.