Мана буни трансфер деса бўлади! Ҳусановнинг Францияга кетаётгани қандай баҳоланмоқда?

Улашиш:

Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Франция чемпионатида давом эттириш имкониятига эга бўлиб турибди.

2022 йилнинг бошидан Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган 19 ёшли легионеримиз Франция вице-чемпиони “Ланс” сафига қўшилиши кутилмоқда.

Бу трансфер расмийлаштирилиши учун икки қадам қолди. Биринчидан, Абдуқодир Ҳусанов Францияга бориб шартномани имзолаши керак. Иккинчи масала, футболчининг “Энергетик-БГУ” билан амалдаги битими шу йилнинг охиригача давом этиши туфайли, “Ланс” вакиллари Минск клуби билан бадал пули масаласини ҳал қилиши шарт.

Шунга қарамай, футбол мухлислари Ҳусановнинг кучли бешлик чемпионатига, айниқса, Европа Чемпионлар лигасида қатнашадиган клубга ўтаётганини ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилишни бошлаб юборди.

Sports.uz портали футбол ишқибозлари эътиборига мухлисларнинг Ҳусанов трансфери ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ҳавола қилади.

Юра Рассадин:

Бу маълумотга ишониш қийин. Ҳозирча, “Ланс” трансферни расман тасдиқламади. “Энергетик-БГУ” ҳам жим.

Агар бу трансфер амалга ошса, Абдуқодир Ҳусановнинг фойдасига ишлайди.

Old Joker:

Ўзбек футболчисига омад тилайман. Агентига ҳам гап йўқ. “Энергетик-БГУ”дан “Ланс”га трансферни қандай амалга ошириш мумкинлигини ақлимга сиғдира олмаяпман. Бу тушимми ёки ўнгимми?

Ҳа, тўғри тушунаман, йигит 19 ёшда, баланд бўйли, бақувват марказий ҳимоячи, Ўзбекистон миллий терма жамоасида дебютини нишонлади.

Лекин бирданига “Ланс” сингари катта клубга ўтишини кутмагандим. Агенти жуда зўрга ўхшайди. Яна бир бор балли, дейман!

Максим Смирнов:

Ҳусанов 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида порлаган эди. Ўзбеклар бежизга плей-оффда ўйнагани йўқ. Бунда Абдуқодирнинг ҳам хизматлари катта.

Hon:

Французлар Ҳусановни Аргентинадаги жаҳон чемпионатида кашф қилишган.

Farrukh Jurakhanov:

Абдуқодир 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатида ғолиб чиққан терма жамоанинг энг зўр ўйинчиларидан бири эди. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам жамоанинг энг яхши футболчиси бўлди.

Krasota:

Бу йигитга омад тилайман!

Андрей Чекавый:

Бепул кетиб қолмаса бўлди.

Феликс Цукерберг:

Ўзбек футболчисига омад, бизникилар ҳали ҳам масхарабозлик қилиб юрибди.

Лешка Алексеев:

Трансфермаркт портали ўйинчининг нархини оширди.

Юрий Сорока:

Фаолиятида катта ўсиш бўлади. Ҳусановга янги клубида омад. Бироқ, асосий таркибдан жой олиши анча оғир бўлади.

Игорь Вячеславович:

Қанча тўлашса ҳам, клубга фойда.

Dmitry Novichkov:

Мана буни трансфер деса бўлади! Абдуқодирга фақат омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.