АҚШдаги отишмада 15 ёшли ўзбекистонлик ўсмир вафот этди (фото)

Улашиш:

Бруклиндаги отишмада оғир яраланган 15 ёшли ўзбекистонлик ўсмир вафот этди. Бу ҳақда New York Post хабар берди.

Марҳум Фаридун Мавлонов профессионал UFC жангчиси бўлишни орзу қилган ва Жеймс Медисон ўрта мактаби ўқувчиси бўлган. У 17 июль куни кўчада юз берган отишмада бел соҳасидан яраланган.

“Бугун ўғлим вафот этди. Балки яна бир кун бошқа одамларнинг ўғли вафот этади. Ҳар вақт, ҳар кун хавфли”, — дейди марҳумнинг отаси.
Фаридун Мавлоновнинг отаси
New York Post

Нью-Йорк полиция департаменти бошлиғи Жеймс Эссигнинг айтишича, марҳум шунчаки нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлган.

17 ёшли отишмада гумонланган ўсмир полиция қидирувида, ҳали ҳам қўлга олинмаган. У Франклин Делано Рузвельт юқори мактабида бошқа бир бола билан жанжаллашган ва иккаласи муштлашишга келишиб олган.

Отишма жойидан олинган сурат
New York Times

Отишма нишони бўлган ўсмир беш нафар бола, жумладан, Мавлонов билан кетаётганида гумонланувчи уларга етти марта ўқ узган. Полиция маълумотига кўра, ўқ отишмачининг рақибига эмас, Мавлоновга тегган.

Видеокузатув камераларида 17 ёшли гумонланувчи ўт очганини кўриш мумкин. 
New York Times

Ўлим даражасида яраланган Мавлонов зудлик билан Маймонидлар тиббиёт марказига етказилган, у оғир аҳволда рўйхатга олинган. Бироқ полиция у 18 июль куни эрталаб олган жароҳатлари оқибатида вафот этганини айтган.

Ўзбекистонлик ўсмир UFC жангчиси бўлишни орзу қилган ва кўпинча рингда ҳам, муносабатларда ҳам ҳимоявий позицияни эгаллаган, дейди унинг дўсти.

“У ҳеч қандай вазиятда зўравонликка йўл қўймасди. Эсимда, аслида уни жанжални тўхтатишга чақиргандим. У жанг қилишни хоҳламади. Ҳамма учун катта акадек эди”, — дейди у.
Воқеа жойида ишлаётган полиция ходимлари
New York Post

Мавлонов билан бир хил дзюдо мактабига борган ўсмир уни шундай эслайди:

“Кимдир билан гаплашиш керак бўлса, у доимо ҳозир бўларди. У сизни биринчи ўринга қўярди ва ғамхўрлик қиларди. Бошқаларнинг куни яхши ўтишида иштирок этарди ва кейин ўз кунини кечирарди. Жуда яхши дўст эди. У жуда етук бола эди”.

Ўзини Мавлонов дадасининг амакиваччаси деб таништирган 39 ёшли Азат Жўраев марҳумни “жуда меҳрибон ва хотиржам бола” деб атади.

“У спорт билан шуғулланган, мактабда ҳам яхши ўқиган. Яхши дўст эди ва унинг кўплаб дўстлари бор эди”.

Жўраевнинг қўшимча қилишича, қариндошининг “душманлари бўлмаган” ва доимо муаммолардан четда бўлган, ҳеч қачон жанжалларга аралашмаган.

“Жиноятчи жазоланиши керак. Оиладаги йўқотилган боланинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди ва шу учун айбдор жазоланиши керак”.

Жабрланувчининг дадаси ишлайдиган сартарошхона ёнидаги юк ташувчи ширкат эгаси, 37 ёшли Мансур Жаҳонгировнинг айтишича, ўлдирилган ўсмир “доим отасининг гапига қулоқ солган”.

“У отасини кўришга келарди, биласизми, унга сочиқ ва шунга ўхшаш нарсаларни олиб келишга ёрдам берарди. У ҳақиқатан ҳам яхши эди. Баъзан отасини кўргани укаларини ҳам олиб келарди. Уларнинг ҳаммаси меҳнаткаш”, — дейди ўзбекистонлик Жаҳонгиров.

15 ёшли марҳум олти фарзанднинг энг каттасидир: унинг икки укаси ва уч синглиси бор. У Ўзбекистонда туғилган ва АҚШга 10 йил аввал келган.

“Мен учинчи дунё мамлакатиданман, шунинг учун бизда ҳеч қачон бундай воқеалар бўлмаган, мамлакатимда (Ўзбекистонда) ҳеч қачон бир-биримизни ўлдирмаймиз”,  — дейди ўзбекистонлик сартарош.
2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.