Ўзини 15 ёшли қиз бола мактаб ўқувчиси деб таништирган эркак 10 ёшли қизга порнографик характердаги видео ва суратларни юбориб, ундан ҳам шундай суратларини юборишни талаб қилган. Тошкент вилояти суди эркакни 4,5 йилга манзил-колонияга ҳукм қилди.
Андижон вилоятида туғилган 26 ёшли йигит ўзини қиз бола мактаб ўқувчиси деб таништириб, 10 ёшли қиздан интим характердаги сурат ва видеоларни юборишни талаб қилган. Бу ҳақда Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш лойиҳаси Nemolchi.uz хабар берди.
2023 йилнинг январь ойида Андижон вилоятида туғилган 26 ёшли Р.М. турли математик масалаларни ечиш учун Telegram`да очилган гуруҳга аёл исми билан қўшилган ва ўзини 15 ёшли мактаб ўқувчиси деб таништирган. Гуруҳ аъзоси ниқоби остида қизларнинг ишончини қозонишга уриниб, уларга шахсий хабар ёза бошлаган. Уларнинг орасида 10 ёшли Саида (исми ўзгартирилган) ҳам бўлган.
Р.М. ҳақиқатан ҳам ёш қиз билан мулоқот қилаётганига ишонч ҳосил қилиш учун ундан фотосурат ёки видео юборишни сўраган. Саида янги ўртоғига қуйидагича овозли хабар юборган: «Мен ўғил бола эмас, қиз боламан. Мана, эшитинг». Шундан сўнг Саида суҳбатдошининг қиз эканини тасдиқлашни сўраган. Бунга жавобан Р.М. унга интернетдан юклаб олинган ўсмир қиз видеосини юбориб, «бу менман» деб ёзади. Кейин эркак қизга «Ҳожатхонага бор, тўлиқ ечин ва менга камида 3−4 дақиқа давом этадиган видео юбор», деб видео юборишни сўраган, бироқ қизча ундай қилмаган.
«Р.М. қизга мусулмонлар учун муқаддас исмни қўллаган ҳолда қизга порнографик видеоларни юбориб, Саидадан ҳам худди шуни кутган. Қиз рад жавобини беради ва бу асло мумкин эмаслигини ёзади. Шунда Р.М. ҳалигача ўзини қиз бола деб кўрсатиб, жойнамоз ва муқаддас китоб фонида қизларнинг ички кийимда тушган суратларини юборади ва қиздан худди шундай суратларни юборишни талаб қилади. Эвазига кўп пул беришни ваъда беради ва гўёки ўз овози билан ёзилган бир ролик юборади, унда айтилишича „Мана, қара, мен шундай видеолар учун бир кунда шунча пул топяпман“ дейилган эди. Қиз унинг талабани бажармаса унинг контактлари ва профилдаги суратларини тарқатиб, шарманда қилиш билан таҳдид қилади», — дейилади Nemolchi.uz хабарида.
Саида бўлиб ўтганларни ота-онасига айтиб беради. Қизнинг онаси телефонни олиб, Р.М.га ички ишларга хабар беришини ёзган. Бунга жавобан Р.М кулади ва тезда барча ёзишмаларни ўчириб ташлайди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари тезда гумонланувчини топиб, телефонини мусодара қилган. Суд-техник экспертизаси натижаларига кўра, Р.М.нинг ушбу қурилмасидан Саида билан ёзишмалари бўлгани, телефонда порнографик характердаги юзлаб сурат ва видеолар топилгани аниқланди.
2023 йилнинг июнь ойида суд Р.М.ни болалар порнографиясини тарқатиш, шунингдек, вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этишда (Жиноят кодексининг 130-моддаси 3-қисми) айбдор деб топди. Жиноят содир этилган вақтда (2023 йил январь) ушбу модданинг санкциясида назарда тутилган энг юқори жазо 5 йилни ташкил этади. Суд ҳукми билан эркак 4,5 йил манзилли колонияда жазо ўташга ҳукм қилинди.
Nemolchi.uz қонунчиликни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди
«2023 йилнинг апрель ойида ушбу модда бўйича санкция 7 йилга оширилди, аммо бу етарли эмас. Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Сенат ишчи гуруҳи болалар порнографиясини тарқатиш, онлайн груминг ва болаларга нисбатан бошқа жиноятлар учун алоҳида модда киритишни таклиф қилди. Афсуски, ушбу таҳрир бир қатор идоралар томонидан қаршиликка учради ва биз бошқа жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш ва оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида ушбу моддадан воз кечишга мажбур бўлдик», — дея таъкидлади Nemolchi.uz.
«Эришганимиз жавобгарлик 7 йилгача оширилди. Аммо биз таклиф қилган таҳрирга кўра, Р.М. каби жиноят содир этган шахс 11 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», — дея қайд этган лойиҳа.
Жабрланувчи 10 ёшли қиз бўлсада, суд очиқ ўтди. Гап шундаки, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича суд ёпиқ тарзда ўтказилади, порнография моддаси эса Жиноят кодексининг бошқа бўлимида. Очиқ ёки ёпиқ мажлис ўтказиш суднинг ихтиёрида. Буни ҳам қайта кўриб чиқиш талаб қилинади, деб ёзади Nemolchi.uz.