Бухорода биринчи кун имтиҳонга юзлаб абитуриент келмади (фото + видео)

Улашиш:

Бир неча йиллар давомида олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилиш учун бўлиб ўтадиган тест жараёнлари йирик мажмуалар очиқ майдонларида, катта ўйингоҳларда ўтказиб келинди. Бунда сиғим жуда катта бўлишига қарамай, абитуриентлар учун қийинчиликлар туғдирарди.

«Тўғриси, жорий йилги тест синовларининг катта сиғимдаги ёпиқ биноларда ташкил этилгани бизни қувонтирди. Ваҳоланки, жазирама иссиқ ва қуёш тиғида бизга ўхшаган абитуриентлар тест топширишга мажбур бўлишган. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ўтган йил жазирамада бошим айланиб, оқибатда бурним қонаган. Бир муддат тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўтган йил ўқишга кира олмаганимга шуям ўз таъсирини ўтказди, деб ўйлайман»,— деди ромитанлик абитуриент Васила Жуманова.

Ҳар бир жараённинг видеокузатув остида кечиши, бундан ташқари, ота-оналар учун алоҳида жойлар тайёрлангани ва уларнинг ўша ердан туриб, кузатиб туришлари имкониятининг яратилгани абитуриентга куч бағишлайди.

«Жорий йилги тест жараёнлари Бухоро шаҳрининг 4 та йирик биноларида бўлиб ўтади. «Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги» вилояти бўлими биноси, «Ёшлик» спорт мажмуасининг 1-2-бинолари ҳамда «Семурғ» спорт мажмуаси шулар жумласидан. Тест синовларининг адолатли, холис ва шаффофлик билан ўтказилиши таъминланади. Мазкур жараёнларда абитуриентларнинг ота-оналари ўз фарзандларини кўришлари, соя-салқинда дам олишлари учун ҳам барча шароитлар яратилган. Яна шуни таъкидлаш керакки, Бухоро вилоятидан жами 47741 нафар абитуриент турли Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Илк кунидаги илк синовларга 2040 нафар талаба кирди. 146 нафари етиб келмади», — деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Бухоро вилояти бўлими бош мутахассиси Иззат Раҳмонов «Xabat.uz»га берган интервьюсида.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида тест жараёнлари онлайн трансляция қилинган. Шунингдек, 91 дона видеокамера ўрнатилиб, жараёнлар тўлиқ назоратга олинган. 200 нафарга яқин профессор ўқитувчи гуруҳ назоратчилари сифатида қатнашган.

«Тест жараёнларига соат 08:00 да расман старт берилди. Бухорода бошқа вилоятлардан фарқли ўлароқ ота-оналар учун кутиш залларида ортиқча ҳаяжонларга берилмасликлари учун маданий ҳордиқ олишлари таъминланган. Совитиш мосламалари ўрнатилган. Тест жараёнлари шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилмоқда. Абитуриентларга четдан ёрдам олмаслиги, ҳар қандай айланма ҳаракатларга йўл қўймаслиги қатъий талаби қўйилган», — Олий таълим Фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази директори ўринбосари Фозилбек Фарҳодов.

Бундан илгари бир гуруҳда репетиторга қатнаган ва илк бор тест синовларини топшираётган гуруҳдошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бўлган Жасмина Раҳмонованинг ҳатти-ҳаракатлари «Xabar.uz» мухбирининг эътиборини тортган.

У гуруҳдошларининг суратлари туширилган баннерни қулочлаганча, уларга зафар тилаб, тест синовларига кузатарди.

«Россия Федерацияси фуқароси бўлганим учун ҳам мен оғзаки синов топширдим ва ўтдим. Энди навбат гуруҳдошларимга, улар тест синовларига кириб кетишди. Уларга мотивация бериш учун нимадир «сюрприз» қилгим келди ва уларнинг суратларини қоғозга «муҳрладим». Абитуриент гуруҳдошларим билан бирга талабалик насиб этсин»,— дейди Жасмина Раҳмонова.


2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.