Ҳаром ичимликнинг энг оз истеъмоли ҳам 60 та касаллик хавфини оширади

Улашиш:

Ҳар қандай, ҳатто оз миқдордаги спиртли ичимликларни истеъмол қилиш 60 та касалликни ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширади - Оксфорд университети олимлари узоқ тадқиқотлардан сўнг шундай хулосага келишди.

Маълумки, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш жигар циррози ва саратон каби касалликларнинг ривожланишига олиб келади – ҳаммаси бўлиб 28 га яқин касаллик, дея хабар беради The Daily Mail.

Бироқ, Оксфорд олимлари спиртли ичимликларни келтириб чиқарадиган касалликлар рўйхатини 32 тага оширдилар ва улар орасида, масалан, подагра ва катаракта, шунингдек, суяк мўртлашиши, ўпка, ҳалқум ва тўғри ичак саратони, қон айланишининг бузилиши, тўғри ичак яралари ва бошқалар бор.

Кўпгина касалликлар ҳатто спиртли ичимликларни минимал истеъмол қилганда ҳам пайдо бўлади. Хитойдаги ярим миллион эркакнинг тиббий маълумотларини таҳлил қилиш натижасида шундай хулосалар чиқарилди. Тадқиқотни ўтказиш учун Оксфорд олимлари Хитой Тиббиёт фанлари академияси мутахассислари билан ҳамкорлик қилишди.

Тадқиқотда ўртача ёши 52 ёшда бўлган 512 000 катта ёшли эркак иштирок этди. Уларнинг барчаси билан спиртли ичимликларни истеъмол қилишлари ҳақида батафсил сўров ўтказилди. Сўровда қатнашган эркакларнинг учдан бир қисми камида ҳафтасига бир марта спиртли ичимликларни истеъмол қилишини билдирган, аёлларда эса бу нисбат фақат 2% ни ташкил қилади.

Олимлар сўнгги 12 йил давомида респондентларнинг касаллик тарихини таҳлил қилиб, спиртли ичимликларни истеъмол қилишнинг 207 та касалликнинг ривожланиши билан боғлиқлигини ўрганишди ва унинг 60 та касаллик билан бевосита боғлиқлигини аниқладилар.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.