Ўзбек боксчидан нокаутга учраган қозоқ жангчиси боксдан четлатилди

Улашиш:

Польшанинг Вроцлав шаҳридаги профессионал бокс кечасида ўзбекистон Лазизбек Муллажонов (4-0, 4 КО) ва қозоғистонлик Нурсултон Аманжолов  (5-1, 4 КО) ўртасидаги жанг атрофида юзага келган вазиятга оид гап-сўзлар ҳали тингани йўқ.

Маълумки, икки енгилмас профессионалнинг ўзаро тўқнашувида Лазизбек рақибини биринчи раунднинг ўзидаёқ техник нокаутга учратганди.

Ўзбек боксчисининг оғир, қақшатқич ва залворли зарбаларига ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган рақиб, ҳимоялана олмай қолди. Буни кўрган ҳакам  унинг саломатлигига зиён етмаслигини таъминлаш мақсадида жангни тўхтатди. Нурсултон бундан норози бўлиб, ҳакамга ташланди ва уни бир неча бор турткилади.

Бу ҳолатга халқаро экспертлар, журналистлар, мураббийлар ўз муносабатини билдиришда давом этмоқда.

Хусусан, Қозоғистон Республикаси профессионал бокс федерацияси бош котиби Болат Манкенов ҳам  шов-шувли жанг ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Аманжоловнинг хатоларини айтди ва  ўзбек боксчисининг ғалабасини тан олди.

- Менга Нурсултон бу жангга тайёргарликсиз ва иштиёқсиз чиққандек туюлди. Бизнинг давримизда мураббийларимиз бундай ҳолатда “сен хоккей дарвозабони ролини ўйнадинг, яъни шайбаларни ўтказиб юбординг”, дейишарди.

Аманжолов зарбалардан ва зарбалар зонасидан қочиши мумкин эди. Жуда кўп зарба ўтказиб юборгани унинг энг катта хатоси бўлди.

Бу нима билан боғлиқ эканини билмайман, чунки Нурсултон бокс маҳоратини жуда яхши ўзлаштирган эди.

Ўзбекистонлик боксчи жуда яхши ҳужумлар сериясини уюштирди, бунга қарши ҳеч қандай жавоб ва ҳимоя комбинацияларига дуч келгани йўқ. Бу тасодиф эмас, балки қозоқ боксчисининг қўпол  тактик ва техник хатоси эди, - деди Болат Манкенов.

Қақшатқич мағлубият Нурсултон Аманжоловнинг халқаро рейтингига салбий таъсир қилди. Лазизбек Муллажоновга қарши баҳс олдидан қозоқ боксчиси жаҳон рейтингида 310-қаторда турган эди.

Биринчи раунддаги техник нокаутдан кейин Аманжолов бирданига 15 поғона пастлаб, рейтингнинг 325-қаторига тушиб қолди.

Бу билан Нурсултон Аманжолов учун нохуш хабарлар оқими тўхтатагани йўқ.

Маълумотларга қараганда, Нурсултон жанглар ва спарринглардан четлатилгани ҳақида Boxrec.com сайти хабар тарқатди.

Унинг дисквалификацияси 23 сентябрга қадар давом этади. Четлатиш тиббиёт нуқтаи назаридан қабул қилинган. Унга кўра, боксчи Лазизбек Муллажоновнинг оғир зарбаларидан кейин саломатлигини тезроқ тиклаб олиши керак. Дисквалификация Аманжоловга бу борада ёрдам сифатида қабул қилинди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.