“Ўғлингиздан драма актёри чиқмайди, дейишган” — гўдаклигида дебют ролини яратган, депрессияга тушган ва отасининг ўлимидан сўнг акасини топган Алишер Узоқов 39 ёшда (фото, видео)

Улашиш:

Актёр, режиссёр ва телебошловчи Алишер Узоқов 25 август куни 39 ёшни қаршилади. У ижодкорлар оиласида туғилган бўлишига қарамай, унинг санъаткор бўлишига шубҳа қилишган экан. Хўш, 39 ёшни қаршилаган ижодкорнинг муваффақият сирлари нимада?

Алишер Узоқовнинг бобоси Ўзбекистон халқ ҳофизи бўлган

Фото: “Дарё”

Актёр Алишер Узоқов Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқовнинг набираси ҳисобланди. У ўз даврининг машҳур ижодкори бўлиши билан бирга, олтин фондга кирган кўплаб қўшиқларнинг отаси ҳисобланади. У ижро этган “Мустаҳзод”, “Сайдинг қўябер, сайёд”, “Парво этиб кет” ва “Айрилмасин” каби қўшиқлар ҳалигача ўз мухлисларини йўқотгани йўқ.

 
Фото: Yandex

Актёрнинг отаси Муҳаммаджон Узоқов ҳам ўз даврининг машҳур актёри бўлган. У актриса Шоҳида Узоқовага уйланмасдан аввал оила қурган ва Сарвар исмли ўғилли бўлган. Оилавий келишмовчиликлар сабаб Муҳаммаджон Узоқов аёли билан ажрашади ва кейинчалик Шоҳида Узоқовага уйланади. Бу никоҳдан Алишер Узоқов дунёга келади.

Алишер Узоқов: “Онамга мендан актёр чиқмайди дейишган”

Алишер Узоқов санъаткорлар оиласи вакили бўлса-да, онаси Шоҳида Узоқовага “Ўғлингиздан драма актёри чиқмайди” дейишган экан. Бу гап бўлажак актёрга қаттиқ таъсир этгани аниқ. 

 
Фото: Yandex

— Ҳозирги ёшларга актёр бўлиш қийин. Чунки мен битирган йили курсимиздан тўртта актёр чиққан. Менимча, ҳозир бу рақамлар анча кўп бўлса керак. Аммо натижа йўқ. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топширгани борганимда эшик ёнида ўтирган назоратчи исминг нима, деб сўраган. Алишер десам, бир оз ўйланиб қолиб, онамга қараб “Шоҳида, бундан актёр чиқмаса керак, яхшиси қўғирчоқ театри актёрлиги бўлимига ҳужжат топширсин”, деб маслаҳат берган, — дейди Алишер Узоқов.

Илк ролини гўдаклигида яратган

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

Алишер Узоқов қачон кино оламига кириб келди? Бу савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Маълумотларга кўра, у илк ролини 1984 йили “Кунда” фильмида ижро этган. Гўдак Алишер Узоқов гарчи унда камера гаштини ҳис қилмаган бўлса-да, унинг дебют роли сифатида тарихга мухрланган. Ундан кейин 2001 йили Ҳилол Насимов режиссёрлигидаги “Остона” фильмида суратга тушган. Бу рол ҳам ёш ижодкорнинг шаклланишида муҳим ўрин тутган.

Рус киноижодкорларининг назарига тушган актёр

 
Фото: Yandex

Алишер Узоқов Россия киноижодкорлари томонидан 2003 йилда суратга олинган “Великан” қисқа метражли фильмида рол ўйнаган. Шундан сўнг у яна рус киноижодкорлари билан ҳамкорлик қилди ва “Застава” сериалида бош қаҳрамонлардан бирини ижро этди. Ушбу сериалдаги ижроси актёрга чет элда ҳам муваффақият қозонишига сабаб бўлди. “Застава” сериалида гиёҳванд моддалар савдоси йўлига тўсқинлик қилган, ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳарбийларнинг жасорати, ўз ватанининг чегараларини ҳимоя қилиш ҳаётининг бир қисмига айланганлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу фильмдан сўнг актёрга кўплаб ўзбек режиссёрлари томонидан таклифлар туша бошлайди.

Отасининг ўлимидан кейин топилган ака

Актёр ва бошловчи Алишер Узоқовга  жуда ўхшаш акаси бор. Сарвар Узоқов Алишердан тўрт ёш катта ва айни кунларда тадбиркорлик билан шуғулланади.

Фото: Instagram / @sarvar_uzakov

— Дадам вафотига қадар унинг ёлғиз ўғлиман ва унга жуда ўхшайман, деб юрардим. Вафотларидан сўнг дадамнинг биринчи турмушидан Сарвар исмли ўғиллари борлиги ҳақида эшитдим. Илк марта акам билан учрашганимда у мендан кўпроқ дадамга ўхшашига гувоҳ бўлдим. Нафақат ташқи кўриниши, балки феъл-атвори ҳам жуда ўхшайди. Акам бир неча йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади. Акам билан бир-биримизга жуда ўхшаймиз. Бизни яқиндан билган инсонлар қиёфамиз ўхшашлигини айтишади, — дейди актёр Алишер Узоқов.

Алишер Узоқов томошабинга тарсаки туширгани ҳақида...

Алишер Узоқов театрда рол ижро этаётганида маданиятни билмаган тамошабинга тарсаки тортиб юборган. Бу ҳолатдан нафақат томошабинлар, балки актёрнинг ҳамкасблари ҳам ҳайрон бўлишган.

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

— “Дийдор” театр студияси кичкинагина, актёр ва томошабинлар ораси жуда яқин. Жиддий спектакл намойиш этилаётганда биринчи қаторда ўтирган томошабин кулиб ўтирибди. Унга огоҳлантириш бериш учун баландроқ овозда гапирдим. Аммо у кулишда давом этди. Унинг ҳаракатлари ёмон таъсир қилаётгани учун ёнига бориб беихтиёр тарсаки тортиб юборганман. Аммо энг қизиғи саҳна ортида бўлган. Партнёрим Акбархўжа бошқа ҳамкасбларимизга “Алишер ақлдан озиб қолибди. Олд қаторда ўтирган томошабинни урди”, дебди. Мен эса спектакл якунлангунга қадар қалтираб, ўзимни ёмон ҳис қилганман, — дейди актёр Алишер Узоқов.

Актёрнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳақида 

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

Актёр 2011 йилда Моҳинур исмли қиз билан турмуш қурган. Актёрнинг тўйида машҳур футболчи Одил Аҳмедов куёвжўра бўлган. Ҳозирда уларнинг икки нафар: бир ўғил ва бир қиз фарзанди бор. Актёрнинг рафиқаси Моҳинур Узоқова ҳозирда мактабгача таълим муассасасида логопед бўлиб ишлайди.

Алишер Узоқов “запрет”га тушгани ва бунга нима сабаб бўлгани тўғрисида

Актёр Алишер Узоқов “Чотки TV” YouTube-каналига берган интервьюсида 2012 йилда бир  неча йилга “запрет”га тушгани, запрет уни бутунлай бошқа инсонга айлантиргани ҳақида сўзлаб берган. Алишер Узоқовнинг тахмин қилишича, унинг норасмий тақиққа тушишига Гулнора Каримова ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилган М&TVА тақдирлаш маросимида бирйўла икки номинацияда ғолиб деб топилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

— Билмасам, охирги 2012 йил бир эмас, иккита М&TVА’ни олганимда ҳамманинг кўзига кўриниб қолган бўлсам керак, деб ўйлайман. Иккита олганим учун ҳам кўзга кўриниб қолдим, шекилли, менимча. Айнан мени тақиққа туширган инсонлар у пайт мени топиши муаммо эмасди. “Алишер, мана буни қилиб қўйгандинг, хатонг шу эди”, деса, мен қўлини ўпаман шу одамнинг, раҳмат дейман. Сиз мени хатомни айтяпсиз, эртага шуни қилмай, ҳали ёшман-ку?! Динимизда ҳам бор хатосини, камчилигини айтиш.

Мен ҳар доим айтаман ва кўпчилик хафа ҳам бўлади. Яқинларимга тўғридан тўғри айтаман камчиликларини, менга айтишмайди. Ҳалиям кеч эмас, ўша одам билса, чақириб айцин. Раҳмат, дейман, қаерда эдингиз шунча йилдан бери, дейман. Хато қилган бўлсам, билишим керак, ўша хатони эртага такрорламаслигим учун. Яна такрорлашни хоҳламайман, чунки ҳамма ҳам хато қилади, — дейди Алишер Узоқов.


“Запрет”га тушганидан сўнг ёнида ҳеч ким қолмаган ва 20 минг сўмлик дорига пул топа олмаган 

Актёр 2019 йилда “Дарё” интернет-нашрига берган интервьюсида “запрет”га тушганидан сўнг ёнида ҳеч ким қолмагани ва шундан сўнг соҳасига бўлган муносабати ўзгаргани ҳақида гапирган.

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

— Депрессия бўлади, шунча қийинчиликни депрессиясиз ўтказиш учун одам без бўлиши, юзи ва юраги эшакнинг терисидан бўлиши керак. Тақиқдан кейин анча кўзим очилди, ишимга бўлган муносабатим ўзгарди. Мен аввалги Алишер эмасман. Бутунлай ўзгардим. Бошимдан ўтганларини душманимга ҳам раво кўрмасдим. Чунки фақат кино соҳасида ижод қилаётган ижодкор учун шунчаки 3,5 йил уйда ўтириш жуда қийин. “Запрет” сабабини билмайман. Ҳеч ким бунинг сабабини, нимагалигини айтмаган. Ўша пайтлар ёнимда ҳеч ким қолмади, эшигимни биров тақиллатиб келмади. Шунинг учун ҳам ҳозир кимдир келиб яхши гапирса, уни нима учун бунақа гапираётганини яхши биламан. Ўшандан сўнг ишимга, соҳага бўлган муносабатим ўзгарди.

Ўша пайт бурнимда бир касаллик бор эди, бурним тез-тез битарди, унга дори олиб, сепиб юришим керак. Ўша пайтларда у дори 20 минг сўм турарди. Ҳаттоки ўша дорини олишга ҳам пулим бўлмай қолганди. Кейин 2-3 минг сўмга “Нафтизин” олиб, томизиб юрдим. Уйимга келиб, эшигимни тақиллатиб, тўйга 400, 500, 800 доллар бераман дейишганида чиқмаганман. Ношукрлик қилмаганман. Шундай қийинчилик бўлиши керак экан, чидадим”, — деган эди актёр.

Кўплаб юлдузларни кашф этган ва машҳур лойиҳалар асосчиси 

Алишер Узоқов асос солган лойиҳалар кўплаб янги юлдузларнинг яралишига сабаб бўлди. Шундай лойиҳалардан бири 2017 йилда “Zo‘r TV” телеканали орқали мухлисларга тақдим этилган “Тhе cover up” лойиҳаси ҳисобланади. Бу лойиҳа ҳозирда миллионлаб мухлисларга эга Ёрқинхўжа Умаров, Афруза, Ғайбулла Турсунов, Заҳида, Лаълиддин Холматов каби хонандаларнинг истеъдодини янги босқичга олиб чиқди. Кейинчалик кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этган “Тhе cover up kids” лойиҳаси ҳам ўз мухлисларини топди.

Алишер Узоқов нега санъатдан кетди?

Актёр Алишер Узоқов санъат ўрнини эгаллаётган вайнерлар ва уни ҳасадчиликда айблаётганларга ўз муносабатини билдириб ўтди.

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

— Мен кинодан бутунлай узилдим. Бунинг сабаблари жуда кўп. Охирги 10 йилда бирорта яхши сценарий қўлимга тушгани йўқ. Агар театрда “Отасининг қизи”, “Келинлар қўзғолони” ёки “Андишали келинчак” даражасидаги спектакл саҳналаштирилганда, барибир халқ оғзига тушган бўларди. Афсуски, театр ишлаяпти, кинолар суратга олиняпти. Аммо уларнинг ҳеч бири томошабин назарига тушаётгани йўқ. “Қилиндими-қилинди” тарзида қолиб кетяпти. “Ўзи кинода суратга тушмаётгани учун танқид қиляпти”, деган хаёлга боришларини истамайман. Мен ёки фалончи актёр суратга тушган тақдирда ҳам, аввалгидек кинолар бўлмайди. Яъни режиссёрларнинг актёргача бўлган муаммолари кўп. Энг биринчиси сценарий билан боғлиқ бўлса, кейингиси молиявий муаммоларга бориб тақалади, — дейди актёр.

“Мендирман Жалолиддин” фильмидаги ролдан воз кечгани ҳақида

Алишер Узоқов “Мендирман Жалолиддин”да суратга тушмаганидан ачинмаслиги ва шундан кейин кўп фильмларнинг кастингидан ўтолмагани ҳақида айтиб ўтди.

Фото: Instagram / @alisheruzakov_official

— “Мендирман Жалолиддин” сериалини суратга олиш майдончасидан нега кетиб қолганим ҳақида кўп гапирганман. Чунки режиссёр ўзбек актёрига актёрдек муносабатда бўлмаган. “Мана бу рол сенга ва сен сериалнинг ҳамма қисмида кўринасан”, деган. Аммо менга ролнинг катта-кичиклиги эмас, ўша сериалда унинг қанчалик аҳамиятли эканлиги муҳим эди. У ерда нафақат ўзбек актёрига, балки миллатга нисбатан бўлган муносабат ёқмагани учун кетганман. Мен табиатан шундай инсонман, ёқмадими, кетаман. Қайтгандан кейин балки нотўғри хулоса қилгандирман, деб бир оз иккиландим. Аммо кўп ўтмай, қарорим тўғри эканлигини тушуниб етдим. Ундан кейин учта яхши фильмга кастинг топширдим. Улардан бири “Илҳақ” эди. Жаҳонгир Аҳмедов билан аввал ҳам ишлаганмиз, бир-биримизни яхши тушунамиз. Аммо у фильмига олмади. Унинг ҳам қарорини ҳурмат қиламан. Ундан кейинги кастингидан ўтолмаган фильмларим эса ҳали ҳам экранга чиққани йўқ, — дейди актёр.

Актёр айни кунларда фақатгина телебошловчи сифатида фаолият юритмоқда. Яқин йиллардан буён у бирорта ролда суратга тушгани йўқ.



2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.