Жанни Инфантино Шавкат Мирзиёевга унинг исми туширилган тўп совға қилди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Жанни Инфантинони 2023 йилги футбол бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон ва ФИФА ўртасидаги самарали шериклик алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Футболни ривожлантириш ва ёшларни кенг жалб қилиш бўйича қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ФИФАнинг йирик халқаро тадбирларини, шу жумладан аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги биринчиликларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Федерация раҳбари Ўзбекистонни 2024 йилда илк бор ФИФА шафелигидаги футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши билан табриклади ва унинг юқори савияда ўтказилишига муваффақиятлар тилади.

Жанни Инфантино юртимизда оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва таълим базасини яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.

Шунингдек, ФИФА раҳбари Жанни Инфантино Президент Шавкат Мирзиёевга унинг исми туширилган футбол тўпини совға қилди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.