Коррупция нимадан бошланади?

Улашиш:

Халқ тилида соддагина қилиб - порахўрлик, кенг маънода коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, ушбу мақолада уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини таҳлил этамиз.

Коррупция нима ўзи?

«Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир». Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Атама, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган.

Иқтисодчи Бэрдҳеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, непотизм ва ҳ.к.

Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда?

Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Гап шундаки, коррупциянинг асл илдизи унинг пайдо бўлиш географияси билан ўзгаради. Хўш, Ўзбекистонда қандай омиллар унинг куртак отиб, «гуллаб-яшнаши»га шароит яратмоқда?

Аввало, юқорида келтирилган изоҳни қайтадан кўриб чиқиш тавсия этилади: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир».

Бу ерда калит сўзи «давлат органлари ходимлари» саналади. Яъни, ушбу жумланинг ўзи коррупция даражаси юқори эканида давлат хизматчиларининг роли муҳим эканлигини кўрсатади. Давлат органларида хизмат қилаётганларни бундай қабиҳ ишга қўл уришга нима ундамоқда?

Жавоб яна изоҳнинг ўзида ястаниб турибди: «моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида»! Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи турибди, бироқ ҳар бир қуйи босқичда унинг ҳакалак отишига давлат хизматчиларининг ойлик маоши пастлиги сабаб бўлмоқда.

Масалан, маҳаллий ҳокимиятнинг оддий хизматчисини кўз олдингизга келтиринг, унинг кичик маоши, аслида ходим инсон капиталига мос эмаслиги, коррупцияга қўл уришга мажбур қилади. Соддароқ қилиб айтганда, кучли билим ва тажрибага эга ходим ҳеч қачон кичик маош таклиф этилган иш лавозимида меҳнат қилмайди. Унинг олдида танлаш учун иккита йўл турибди: иш жойини ўзгартириб, кўп ойлик маош ваъда қилиб турган хусусий секторга ўтиб кетиш ёки кичик маошга «қаноат» қилиб, коррупцияга қўл уриш. Бундай вазиятда, давлат органларида кадрлар етишмовчилиги кузатилиб, тажрибали ва билимли мутахассисларни йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ундан ташқари, ишга жойлашиш масаласида ҳар ким «таниш-билиш» тизими, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, кланизм каби «ижтимоий ҳодиса»ларга дуч келиши тайин. Ана шундай барча «-чиликлар» замирида коррупцияга бошлаб борувчи йўл мужассам. Шунингдек, кучли фуқаролик жамиятининг ҳақиқий белгиси сифатида давлат органларининг халқ олдида ҳисобдорлиги, уларнинг фаолияти ва молиявий ҳаракатлар аниқ рақамлар билан ифодаланиши шарт. 

Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги асосий вазифаси ижтимоий кайфиятни ёритиш: чўққининг ўткир нуқтасига етиб келганимизни эслатиб туришдан иборат.

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.