Партиялар Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимига ўтиш масаласини муҳокама қилишни бошлади

Улашиш:

Ўзбекистонда партиялар фракциялари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлашнинг мажоритар-пропорционал (аралаш) тизимига ўтиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилишни бошлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси 9 октябрь куни Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда сайлов ва референдум ўтказиш тартибига оид еттита қонунни муҳокама қилди. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Шунда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

Сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи март ойида Ўзбекистон президенти томонидан депутатлар билан учрашувда илгари сурилган эди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумдан сўнг Шавкат Мирзиёев 8 май куни мажоритар-пропорционал сайлов тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бунгача Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.