1 январдан скутер ҳайдовчиларидан ҳам «права» сўралиши мумкин

Улашиш:

2024 йил 1 январдан бошлаб ДЙҲХХ органларида двигатели 25 ва ундан ортиқ куб.см иш ҳажмига эга бўлган ёки конструкциявий тезлиги соатига 25 ва ундан ортиқ километр бўлган автомототранспорт воситалари, электродвигателининг қуввати 0,25 кВт ва ундан ортиқ ёки соатига 25 километр ва ундан юқори тезликка эга бўлган электромобиллар (электромотоцикллар, электроскутерлар ва бошқалар), шунингдек, тиркама ва ярим тиркамалар давлат рўйхатидан ўтказилади.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиладиган транспорт воситаларини бошқариш фақат тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахсларга рухсат берилади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир Ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳаси билан:

  • йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлиги таъминлаш бўйича чоралар кўриш;
  • индивидуал ҳаракатланиш воситаларида ҳаракатланиш тартибларини белгилаш, йўл белгиларини тегишли белгилар билан тўлдириш ҳамда улардан фойдаланишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
  • скутер тушунчасига таъриф бериш, улар билан боғлиқ қўшимчаларни Йўл ҳаракати қоидаларида акс эттириш ҳамда йўл белгиларини тегишли белгилар билан тўлдириш кабилар назарда тутилмоқда.

Мазкур тартиб амалиётга татбиқ қилинган тақдирда ИИВга уч ой муддатда илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда электросамокатларни ижрага беришни тақиқлаш, уларни соддалаштирилган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва уларга алоҳида давлат рақам белгиларини бериш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланмоқда.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 14 июнь кунидан бошлаб ўтказилаётган рейд тадбирлари давомида скутерлар бошқарувчилари томонидан 190 марта йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11 май куни «Товарларни етказиб бериш хизматларини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори имзоланган ва унда юқоридаги тавсифларга эга бўлган мопед, квадрицикл (квадроцикл), трицикл, скутер ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишга мослаштирилган бошқа механик мосламаларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шартлиги тўғрисидаги талаб 2024 йил 1 январга қадар тўхтатиб турилиши айтилган эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.