Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислик Эронга ўтди

Улашиш:

9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида «Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари» шиори остида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари ва уни янги босқичга олиб чиқиш муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти саммитни очар экан, ушбу муҳим тадбирдаги иштироки учун олий мартабали меҳмонларга самимий миннатдорлик билдирди, бу ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган умумий интилишларнинг тасдиғи эканини таъкидлади.

Шунингдек, минтақавий хавфсизлик, аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика каби масалаларга тўхталди.  

Саммитда Озарбайжон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Покистон, Қозоғистон делегациялари раҳбарлари ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий ҳам сўзга чиқди.

Кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти саммит раиси сифатида ташкилотнинг илм-фандаги муваффақиятлар учун мукофоти ғолибларини эълон қилди. Ҳар бир мамлакатдан бир нафар вакил мукофотга сазовор бўлди.

Тадбир якунида Тошкент коммюникеси қабул қилинди.

Ташкилотга раислик Эронга ўтди, навбатдаги саммит Озарбайжонда ўтказилиши белгиланди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.