Машҳур жосус Штирлиц – Вячеслав Тихонов ҳаётига чизгилар...

Улашиш:

Кинога ҳавас, тўсиқ ва кўз ёшлар

Кинода бетакрор роллар қолдирган актёр Вячеслав Тихонов 1928 йилнинг 8 февралида Москва вилоятининг Павловск шаҳрида дунёга келган. У оддий ишчи оиласида ўсиб-улғайди. Кўплаб тенгқурлари каби кўча чангитиб ўйнаш Славанинг ҳам эрмаги эди.

У ота-онасига ёрдам берар, устачилик билан шуғулланарди. Бўш вақтларида ўртоқлари билан кинотеатрга югурар, севимли фильмларини ташналик билан кўрарди. У санъат йўлидан кетишни ният қилди. Аммо тўқиш дастгоҳи механиги бўлган отаси, болалар боғчаси тарбиячиси бўлмиш онаси ўғлини қишлоқ академияси талабаси сифатида кўришарди. Икки ўртада тушунмовчилик келиб чиқди. Бунга оқила ва донишманд буви охирги нуқтани қўйди. «Боланинг йўлини тўсманглар. Бугун Славикнинг йўлига ғов булсаларинг, бутун умр кўнгли ўксиб юради», – деди у.

Бироқ абитуриент Вячеслав Тихонов актёрлик маҳорати бўйича имтиҳондан йиқилиб, ВГИКка кира олмади. 17 ёшли ўсмир эълонлар тахтасига кўз тикканча аламидан аччиқ йиғлади. Ана шунда тасодиф рўй берди. Йўлакдан ўтаётган профессор Борис Бибиковнинг унга кўзи тушиб, меҳри жўшиб кетди.

Кириш имтиҳонларидан сўнг Б.Бибиков Вячеславни ўзи таҳсил берадиган курсга қабул қилди. Тихоновдаги интилувчанлик, тиришқоқлик сезила борди. У тинмай ўз устида ишларди. Ўқишни муваффақиятли тугатгач, иш фаолиятини ҳам жўшқинлик билан бошлади.

Аммо, минг афсуски, бошқа актёрлардан фарқли ўлароқ, Тихонов салкам ўн йил давомида кўзга кўринарли роллар ижро этмади. Ташқи қиёфасига эътибор қаратган режиссёрлар унинг актёрлик иқтидорини назардан қочиришарди. Шунга қарамай, Тихоновнинг ўзи бу йилларни самарасиз ўтган деб ҳисобламаган.

Танилиш учун «эскалатор»

Урушдан кейинги йилларда режиссёр Сергей Герасимовнинг «Навқиронлар» фильми экранларга чиқди. Унда Вячеслав Тихонов Володя Осьмухин ролини ўйнаган эди. Дебют омадли бўлди. Фильм ўша замон ёшлари – Нона Мордюкова, Сергей Бондарчук, Евгений Моргунов ва Виктор Авдюшколарнинг ўз иқтидорларини намоён этишлари учун яхшигина «эскалатор» эди. «Навқиронлар»даги роли учун ёш Тихонов махсус мукофот билан ҳам тақдирланди.

Унинг дастлабки ролларида ўзига хос жўшқинлик, шавқ-завқ намоён бўлди. «Ташналик»даги Олег Безбородко, «Фавқулодда ҳолат»даги Райский, «Мичман Панин»даги Панин, «Оптимистик фожиа»даги Алексей томошабинлар эътиборини қозонди.

Тихоновга ҳақиқий машҳурлик Станислав Ростоцкийнинг «Бу Пеньковда бўлган эди» фильмидаги оддий қишлоқ йигити Матвей Морозов роли орқали келди. У қаҳрамонини ижобий ва салбий мезондаги турли бўёқларда талқин қилганди.

Ёш актёрнинг қиёфаси тракторчи ролига мос тушмаса-да, мухлислар Матвей Морозовни жуда яхши қабул қилишди. Дарҳақиқат, ҳақиқий драма бахтсиз муҳаббатда эмас, балки ҳаётий зиддиятлардаги ички номувофиқликда эканини ҳис этиш мумкин эди. 

Хароб қилган роль

60-йилларда Вячеслав Тихонов кўпроқ зиёлилар ролини ижро эта бошлади. Улардан бири «Душанбагача омон бўлсак» фильмидаги тарих ўқитувчиси Илья Семёнович ҳисобланади. Мазкур туркумдаги роллари – Андрей Болконский («Уруш ва тинчлик»), Штирлиц («Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси»), касби ёзувчи бўлган Бимнинг эгаси («Оқ Бим, Қора Қулоқ»)... Бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган қаҳрамонлар...

Сергей Бондарчукнинг машҳур «Уруш ва тинчлик» фильмидаги князь Болконский роли туфайли Тихонов маданият вазири Людмила Фурцеванинг ҳам меҳрини қозонган. Мазкур киноасарни суратга олиш ишлари тўрт йил давом этиб, актёрнинг иқрорига кўра, бу ишлар уни роса «хароб қилган».

«Лев Толстой мени ўзимга хос бўлмаган ишларни қилишга мажбур этди, – деган эди Тихонов. – Болконскийни ўйнар эканман, ўзимга шундай савол берардим: агар мен ҳам урушда бўлганимда отамга ҳар куни хат ёзармидим? Ёзмасдим. Мен ишчилар муҳитида ўсганман. Бизни нафақат мактаб, балки кўча ҳам тарбиялаган. Билагимда татуировка ҳам бор. Яхшиям «Слава» деб исмимни ўйдириб ёздирмаган эканман. Ҳеч қачон ўчириб бўлмасди. Князь ролимни наколька билан ижро этишга тўғри келган».

Аммо «Уруш ва тинчлик» экранларга чиққач, Тихоновнинг роли танқид қилинди. Актёр ҳам ўзидан қониқмади, ҳатто кинодан кетмоқчи бўлди. Хайрият, бу фақат лаҳзалик қарор экан.

Машҳур айғоқчи ва шов-шувлар

Вячеслав Тихонов энг машҳур роли Исаев – Штирлицни «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» киносериалида ижро этган. Режиссёр Татьяна Лиознова бу ролга дастлаб бошқа актёрларни синаб кўрганди. Номзодлар орасида Иннокентий Смоктуновский, Арчил Гомиашвили ҳам бўлган. Улар Лиозновага ёқмади ва режиссёрлик нигоҳи Тихоновга келиб тақалди.

Актёрнинг хотираларидан:

«Сценарий роман бўйича ёзилгани боис, мендан кўп нарса талаб қилинмади. Тўғри, ўзимдан анча ёш бўлган Штирлицни тўлақонли очиб бериш осон бўлмаган. Мен разведкачилар ҳақидаги бошқа фильмларда учрайдиган «суперменлик»ни Штирлицдан олиб ташлашим керак эди».

Фильма премьераси 1973 йил ёз ойида бўлиб ўтди. 11 августдан 24 августгача бўлган вақт мобайнида бутун мамлакат экран қаршисидан кетмади. Айрим гап-сўзларга кўра, бу пайтда жиноятчилик ҳам сезиларли тарзда камайган. Фильмнинг охирги қисмлари намойиш этилаётганида томошабинлар нафас ютиб телевизорга кўз тикишган.

Тихонов мислсиз шон-шуҳратга кўмилди: ака-ука Васильевлар номидаги давлат мукофоти, газеталардаги мақолалар, интервьюлар! «17 лаҳза» қаҳрамонлари халқ ичига сингиб кетди: Штирлиц ҳақидаги латифалар, адабий ва мусиқий асарлар, карикатуралар... Йиллар ўтиб, махсус компьютер дастурлари ҳам чиқди. Бу эса фильмнинг шуҳрати ҳали-бери ўчмаганини билдирарди.

Ит билан дўстлашув

70-йиллар Вячеслав Тихоновнинг гуллаш даври бўлди, дейиш мумкин. Унинг фильмлардаги ижросига ёрқин бўёқлар уйғунлашиб борарди.

1977 йили Вячеслав Тихонов бош қаҳрамонни ўйнаган «Оқ Бим, Қора Қулоқ» фильми экранларга чиқди. У янги топилмаларга қўл урган эди. Актёр шундай деган:

«Мен қисқа вақт ичида «Бим» лақабли ит билан дўстлашишим, томошабинда у менинг кучугим эканлиги ҳақида ишонч туғдиришим керак эди. Бу эса осон эмасди! Бим уни бир ярим йилга бериб турган эгасини жудаям соғинганди. Ижодий жамоа типирчиларди: кимдир итга колбаса, кимдир ширинлик, яна кимдир сосиска беришга ҳаракат қиларди. Мен эса, энг аввало, ит билан бирга сайр қила бошладим. Орадан маълум вақт ўтгач, Бим мени кутадиган бўлди. Суратга олиш ишлари бошланганида эса мени студия бўйлаб излашга тушди. Фильмда Бим менга ўз эгасидек муносабатда бўлади, мен эса гўё унга эътибор қаратмайман. Аслида бир бурчакка боришим билан Бим орқамдан эргашишини билардим».

Вячеслав Тихоновнинг бошқа роллари уруш ҳақидаги фильмлар билан кечди. Унинг қаҳрамонлари турли-туман, бир-биридан фарқ қиларди. 

Кутилмаган инфаркт...

90-йилларнинг ўрталарида Тихонов кинода кам кўринадиган бўлди. Унинг охирги қаҳрамонларидан бири «Ғалаба кунидаги иншо» фильми бўлиб, қаҳрамони кўзи ожиз уруш фахрийси эди. Сценарий актёрлар Вячеслав Тихонов, Михаил Ульянов ва Олег Ефремов учун махсус ёзилганди. Улар режиссёр Урсулякнинг севимли актёрлари бўлиб, 70 ёшга тўлган эдилар. Шундан сўнг Тихонов кинода деярли суратга тушмади.

«Мен бутун ҳаётимни кинога бағишладим, – деган эди у. – Бу истак қандай йўқолиши мумкин?»

Гап шундаки, Тихоновга мос ролларни беришмас, у эса турли жиноий тўдалар раҳнамоларини ўйнашни рад этарди. Фақат 2005 йилда қизи Анна Тихонова уни «Бўрилар кўзи билан» триллерида роль ижро этишга кўндирди, бироқ актёр башорат қилганидек, мазкур фильм анча бўш чиқди...

Тихонов Эльдар Рязановга рад этолмасди. У Рязановнинг «Андерсен. Севгисиз ҳаёт» фильмида роль ижро этди. Кичик бўлса-да, муҳим роль эди бу. Андерсеннинг ҳаётини очиб берган Тихонов фильм бошида мунис қиёфада намоён бўлади. Кейин эса сўнгги лавҳаларда кўринади.

Вячеслав Тихоновнинг кинодаги энг охирги роли режиссёр Никита Михалковнинг «Офтобдан толиққанлар-2» фильмидаги Всеволод Константинович ҳисобланади. Бироқ уни экранда кўриш актёрнинг ўзига насиб этмади. 2009 йилнинг ноябрь ойида Тихонов такрорий инфаркт миокарди билан шифохонага ётқизилди. 28 ноябрь куни аҳволи оғирлашиб, операция қилинди. Актёр шифокорларнинг назоратида бўлса-да, аҳволи ўнгланмади. Орадан бир ҳафта ўтгач, 2009 йилнинг 4 декабрида Вячеслав Тихонов вафот этди. У душанба кунигача омон қолмади. 

Шахсий ҳаёти, тарк этган уйи ва бойлиги

Тихонов икки марта уйланган. Биринчи рафиқаси билан «Навқиронлар» фильмини суратга олиш чоғида танишган. У анча вақтгача актриса Нонна Мордюковага эътибор бермаган. Ташаббус Мордюковадан чиққан. Нонна индамас йигитчанинг бошини айлантириш учун роса ҳаракат қилганди ўшанда...

«Навқиронлар» экранга чиқар-чиқмас, уларнинг ўғли Владимир дунёга келди (Владимир 1990 йилда гиёҳвандлик туфайли ҳаётдан кўз юмган). Тихонов ва Мордюкова 13 йил бирга яшашгач, ҳеч бир жанжалсиз ажрашишди.

Актёрнинг иккинчи хотини «Совэкспортфильм» ишчиси бўлди. Мазкур никоҳидан Вячеслав Тихоновнинг қизи Анна дунёга келди. Бу никоҳига ҳам дарз кетаётганини сезган Тихонов Москвадаги уйини хотини ва қизига қолдирди-да, дала-ҳовлига кўчиб ўтди.

Вячеслав Тихонов футбол ва хоккейнинг мухлиси, «Спартак» жамоасининг ашаддий шинавандаси эди. Қишда балиқ овлашни яхши кўрарди. Севимли асари «Уруш ва тинчлик», яхши кўрган киноси эса «Катта ҳаёт» эди.

Тихонов ижросидаги барча фильмлар машҳур ва даромад ҳам шунга яраша бўлган, албатта. Бироқ актёр оддийгина яшаган. Унинг мулки – президент мукофоти, «Кропоткинская» метро станцияси ҳудудидаги уй ва дала-ҳовлидан иборат эди, холос.

Акбар Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.