Мен бошқа бундай қилмайман. Тошкентдаги автобуслардан бирининг кондуктори тўққиз ёшли қизга шилқимлик қилган

Улашиш:

Тўққиз ёшли йўловчи қизалоққа шилқимлик қилган Тошкентдаги автобус кондуктори беш кунлик маъмурий қамоққа ҳукм қилинган. Судда у бошқа бундай қилмаслигини айтган. Бу ҳақда зўравонликка қарши Немолчи.уз. лойиҳаси маълумот бермоқда.

Тошкентда 3 ноябрь куни соат 11:30 атрофида 115-автобуснинг 32 ёшли кондуктори 9 ёшли йўловчи қизнинг ёнига ўтирган ва унинг қўлидан ушлаб ўпишини сўраган. Қиз қўрқиб, кейинги бекатда тушган, уйда қариндошларига бу ҳақида гапириб берган, ота-онаси кондукторнинг устидан шикоят қилишган.

22-ноябрь куни суд бўлиб ўтган, унда кондуктор айбини тан олган, тавба қилган ва энди бундай қилмасликка ваъда берган. Судья "тавба қилган" кондукторни 5 кунлик маъмурий қамоққа ҳукм қилган ва буни етарли жазо деб ҳисоблаган.

Зўравонликка қарши Немолчи.уз лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко судьянинг қарорига изоҳ берган.

"Мен вазиятни тўлиқ англай олмаяпман. 9 ёшли қиз автобусда кетмоқда. Эҳтимол, мактабга ёки мактабдан. Назарий жиҳатдан жамоат транспорти хавфсиз жой бўлиши керак. Каттакон эркак боланинг ёнига ўтирган, унинг қўлидан ушлаб, ўпишга кўндира бошлаган. Бу ақлга сиғмас хатти-ҳаракатларку!", - деб ёзмоқда Ирина.

Унинг таъкидлашича, болага нисбатан бундай хатти-ҳаракатлар тегажонлиқ сифатида малакаланиши мумкин эмас, чунки   ёш қиз бола катта аёлдек қаршилик кўрсата олмайди.

"Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан бузуқ хатти-ҳаракатлар учун 129-модда мавжуд. Нима учун терговчилар кондукторни жиноят моддаси бўйича жалб қилмасликка қарор қилишгани – бу битта савол. Аммо мен баъзида судьяларнинг моддаларни қайта кўриб чиқаётганини ёки ишларни қўшимча терговга юбораётганини кўраман. Агар терговчилар хато қилсалар, суд бу хатони тузатади, деган ишончим бор эди. Ҳеч бўлмаганда болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида гап кетганда",- деб ёзмоқда Ирина. 

У бир йил олдин содир бўлган воқеани эслади: метрода вояга етмаган қизга тегажонлик қилган эркак айнан 129-сонли моддага кўра суд қилинган эди.

"...болаларга нисбатан жинсий мазмундаги ҳар қандай ҳаракатлар жиноят сифатида малакаланиши керак. Умид қиламанки, Юнусобод тумани прокурори бу ишга эътибор қаратади ва протест киритади. Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш катталар ва давлатнинг бурчидир", – дея хулоса қилмоқда Ирина.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.