Ўзбекистонда ўзганинг товар белгисидан фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Улашиш:

“Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги “Huquqiy axborot” канали хабар берди.

Қарорга кўра:

  • истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик кучайтирилади;
  • этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб ўрнатилади;
  • санитария қонунчилиги ва ветеринария, ветеринария-санитария қоидаларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик кучайтирилади;
  • ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан, адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади;
  • белгиланган талаблар ва шартларнинг қўпол равишда бузилиши оқибатида лицензияси бекор қилинган ёки хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириши тугатилган тадбиркорларга қуйидаги рўйхатда келтирилган фаолият турлари билан шуғулланишига чекловлар белгиланади.

Мазкур масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қарорга мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назорати кучайтирилади. Жумладан:

  • мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали қабул қилинади ва ваколатли органлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилади;
  • ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди. 2023 йил 1 августдан алкогол маҳсулотларининг товар белгилари рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензия талаби ҳисобланади. 2023 йил 1 сентябрдан эса тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.