Ноқонуний тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар ҳақида маълумот берганлар мукофотланади

Улашиш:

Ўзбекистон фуқаролари 1 февралдан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси аризаси орқали харидлардан 1 фоиз миқдорида кешбек олишнинг янги имкониятини фаол ўзлаштира бошладилар. Буни берилган чеклар сони ва жамланган нақд пул миқдори яққол тасдиқлайди — биринчи ҳисобот натижаларига кўра, солиқ қўмитаси дастлабки 86,7 минг харидорга 15,1 миллиард сўм нақд пул тўлаганини маълум қилди.

Эндиликда тамаки ва алкоголли маҳсулотлар борасида ҳам яна бир қулай таклиф берилмоқда. Истеъмолчилар виждонсиз сотувчиларга қарши курашда шахсан иштирок этишлари ва бунинг учун сезиларли мукофот олишлари мумкин — тегишли ёрлиқсиз товарлар ҳақида маълумот учун жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот берилади.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 4 октябрдаги ПҚ-5252-сонли «Чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида назорат-касса машиналаридан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, сохта маркали (акциз маркалари) ёки умуман акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар савдоси амалга оширилган тақдирда, истеъмолчилар сотувчи устидан солиқ органларига шикоят қилиш имкониятига эга. Ҳуқуқбузар сотувчига жарима солинади ва қонун бузилиши ҳақида хабар берган ҳушёр харидорларга жариманинг 20 фоизи мукофот тариқасида берилади.

Шундай қилиб, ўзбекистонликлар икки ҳисса манфаатли бўладилар. Биринчидан, келиб чиқиши шубҳали маҳсулотларга қарши курашга муносиб ҳисса қўшадилар ва бунинг учун пул кўринишида бонус оладилар.

Истеъмолчилар «Асл белгиси» махсус мобил иловаси орқали товарларнинг ҳақиқийлигини текширишлари мумкин.

Ноқонуний маҳсулотларга қарши кураш

Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда «Регапен», «Тропикамид» ва бошқа психотроп препаратлар қаторида Ўзбекистонга ноқонуний тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар олиб кириш ҳолатлари кўпайган.

Божхона қўмитаси ходимлари томонидан хабар қилинишича, 2022 йилнинг дастлабки икки ойи давомида тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ 30 га яқин божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шундай қилиб, қўмита ходимлари бозор ва истеъмолчиларни қиймати 1,2 миллиард сўмлик салкам 18,6 миллион дона қалбаки сигаретлардан сақлаб қолди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 1 январидан тамаки ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маркалаш мажбурий бўлди. Ушбу амалиёт Ўзбекистонда импорт қилинадиган ва ишлаб чиқариладиган барча товарлар учун шарт қилиб қўйилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.