Эрон 33 мамлакат фуқароларига, шу жумладан ўзбекистонликларга визасиз киришни эълон қилган. Бу ҳақда ИРНА ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, Эроннинг Туризм, маданий мерос ва ҳунармандчилик вазири Эззатулло Заргами 2023 йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашувда Ўзбекистон билан визасиз режимни жорий этиш ниятини билдирган эди.
Кеча Эззатулло Заргами Эрон Вазирлар Маҳкамаси 33 мамлакат билан виза режимини бекор қилишни бир томонлама маъқуллаганини ва Эрон бутун дунё учун мамлакат эшикларини очмоқчи эканлигини қўшимча қилган.
Шунингдек, Эззатулло Заргами Маданий мерос вазирлиги 60 мамлакат учун бепул визалар таклиф қилганини, аммо ҳукумат улардан фақат 33 таси учун ушбу чорани маъқуллаганини айтган. "Ушбу қарор Эроннинг бутун дунё бўйлаб меҳмонларни кутиб олишга ва уларга қулай ва ёқимли дам олиш учун мақбул имкониятларни тақдим этишга тайёрлигини кўрсатадиган глобал ҳамжамиятга йўлланган хабардир", - деди вазир.
Ўзбекистондан ташқари, визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар рўйхатида БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Ҳиндистон, Россия, Ливан, Қирғизистон, Тожикистон, Тунис, Мавритания, Танзания, Зимбабве, Маврикий, Сейшель ороллари, Индонезия, Бруней, Япония, Сингапур, Камбоджа, Малайзия, Вьетнам, Бразилия, Перу, Куба, Мексика, Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия ва Беларусь давлатлари бор.