Green Card васвасаси: афсона ва ҳақиқатлар

Улашиш:

“Грин кард” ҳақида одамлар орасида турли миш-миш ва афсоналар юради. Баъзилари рост, аммо аксарияти асоссиз. Биз ана шу афсоналарнинг айримларини таҳлил қилдик.

Ҳар йили октябр ойи келиши билан Ўзбекистонда, балки бутун ривожланаётган давлатларда халқ орасида “Гин кард” (расмий номи — United States Permanent Resident Card (Қўшма Штатларнинг доимий истиқомат картаси) олиш васвасаси бошланади. Аслида “Грин кард” олишнинг бошқа йўллари ҳам кўп. Бироқ энг осон ва нисбатан бепул йўли албатта DV лотереясида ўйнаб, ютишдир.

АҚШнинг миллатлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича Diversity Visa Program (“Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси”) дастури Қўшма Штатларга охирги 5 йилда иммиграция даражаси паст бўлган мамлакатлардан 50 000 кишига AҚШда доимий яшаш учун виза олиш ҳуқуқини беради. Ўзбекистон ҳам АҚШга иммиграция даражаси кам давлатлар рўйхатидан тушмай турибди ҳозирча. 1986 йилда NP-5 дастури сифатида пайдо бўлган ушбу имконият 1990 йилдан бери ҳозирги шаклда давом этмоқда. DV лотереяси ғолиблари компютер дастури орқали тасодифий усулда танланади. Бироқ бу осон йўл орқали ютуқ чиқиш эҳтимоли ҳар қандай лотереядан ёмонроқ: уни ҳар йили 11 миллиондан ортиқ одам ўйнайди ва уларнинг 50 минг нафарига виза раво кўрилади, холос. Демак ютуқ чиқиш эҳтимоли 200 тадан 1 га тенг.

Лотерея жараёни одатда 4 октябрдан бошланиб (бу йил ҳам шундай), бир ой давом этади. Шу вақт давомида кўпчилик одамларда янги ташвиш ва янги умидлар пайдо бўлади. Жорий йил май ойида АҚШ ҳукуматининг 2023 йил учун лотереяси жавоблари чиққан эди. Ушбу лотерея ютуғининг 5 минг 511 таси ўзбекистонликларга насиб қилган. Бироқ Украина-Россия можароси, АҚШ ҳукумати, хусусан, давлат департаменти фаолиятидаги айрим муаммолар, қолаверса, виза олиш учун АҚШ консуллигига навбатга турган талабгорларнинг кўплиги боис, кўпчилик визага суҳбатга ҳам киришга улгурмади, умид  ва қувончлари саробга айланди.

Ўзбекистонликларнинг “Грин кард”га катта умид билан қизиқишининг сабаби оддий. Боиси, ўтган йиллар давомида АҚШга виза олганларнинг нолегал тарзда қолиб кетиш ҳолатлари шу қадар кўп бўлганки, АҚШ ҳукумати ўзбекистонлик виза талабгорларига потенциал ҳуқуқбузар сифатида қарайди. Қолаверса, ривожланмаган давлат фуқароларига виза берилса, уларнинг АҚШда қолиб кетиш эҳтимоллари жуда катта. Маълумотларга кўра, 2022 йилда АҚШ визасидан рад жавоби олганлар Тожикистонда – 57,93 фоиз, Ўзбекистонда – 47,04 фоиз, Қозоғистонда - 44,02, Қирғизистонда – 37,85, Туркманистонда – 35,69 фоизни ташкил этган. Яъни АҚШга бориш учун рухсат сўраган ўзбекистонликларнинг тенг ярмига рад жавоби берилган.

Бироқ маълумотларга кўра, лотереяда ютганлар ва иммиграцион виза олишга муваффақ бўлганлар нисбатида Ўзбекистон анчагина “омадли”, шу пайтгача бизда аксарият ғолибларга виза берилган.

“Грин кард” ҳақида одамлар орасида турли миш-миш ва афсоналар ҳукмрон. Баъзилари рост, аммо аксарияти асоссиз. Биз ана шу афсоналарнинг айримларини таҳлил қилдик.

1-афсона: “Грин кард” лотереяси учун ариза тўлдиришни "профессионалларга" ишониш керак, бу ғалаба қозониш имкониятини оширади.

Ҳақиқат: кўпинча одамлар ариза тўлдириб беришни сўраб, махсус агентликларга ёки маслаҳатчиларга мурожаат қилишади, лекин бу тўғри йўл эмас. Бошқалар сиз учун ариза тўлдирса, хато қилмаслигига кафолат йўқ. Аризани тўғри тўлдириш эса энг биринчи ва асосий қадам ҳисобланади. Расмий сайтда текин тўлдириш мумкин бўлган ариза учун бошқаларга ортиқча пул тўлайсиз холос. Қолаверса, маҳаллий фирибгар “тадбиркор”лар орасида ўрнатилган анъанага кўра, аризани тўлдирган пайтда ўз электрон почта манзилларини киритишади. Натижада, рўйхатдан ўтишни тасдиқлаш рақамини қўшимча тўловсиз беришдан бош тортишади. Сизга ютуқ чиққан тақдирда 300-1000 доллар миқдорида “суюнчи пули” талаб қилишади. Энг ёмони, улар сиз ҳақингиздаги маълумот ва суратингизни сақлаб қўйишади ва ҳар йили сизга айтмасдан ариза тўлдираверишади. Агар сиз ҳам бундан бехабар ҳолда ариза тўлдирсангиз, қоидага кўра ҳар икки ариза бекор қилинади. Аниқ билингки, ҳеч ким ва ҳеч қандай воситачи сизга ютиш кафолатини бермайди. Барча аризалар бир хил жараёндан ўтади, ғолиблар тасодифий танланади ва имкониятлар ҳамма учун тенгдир.

2-афсона: иштирокчи аризасини почта орқали юбориши мумкин, шунда ютиш имконияти кўпаяди.

Ҳақиқат: аризалар фақат давлат портали орқали қабул қилинади ва фақат онлайн ариза тўлдириш керак.

3-афсона: йилнинг исталган вақтида лотерея учун рўйхатдан ўтиш мумкин.

Ҳақиқат: бир йил давомида исталган пайтда рўйхатдан ўта олмайсиз. Бунинг аниқ вақтлари мавжуд. Кўпинча октябр ойинииг бошида бошланиб, ноябр ойининг бошида якунланади. Aниқ саналарни расмий веб-сайтда топиш мумкин.

4-афсона: лотереяда ҳар қандай одам иштирок этиши мумкин.

Ҳақиқат: гарчи лотерея қоидалари имконсиз нарсани талаб қилмаса ҳам, маълум талаблар мавжуд. Масалан, тегишли таълим даражаси. Ёки охирги 5 йил давомида камида 2 йиллик таълим ёки тажриба талаб қиладиган касбда 2 йил ишлаган бўлишингиз талаб этилади.

Туғилган жой ҳам рол ўйнайди. Визалар 6 географик зонада тақсимланади, шунинг учун ҳар бир мамлакатда йиллик берилган визалар сонининг 7% дан кўп бўлмаслиги керак. Aгар сўнгги 5 йил ичида бирор мамлакатдан 50 мингдан ортиқ фуқаро AҚШга кўчиб келган бўлса, бундай ҳудуд лотереяда қатнашишга қўйилмайди.

5-афсона: лотереяда ютган ҳаммага “грин кард” берилади.

Ҳақиқат: лотерея ғолиби AҚШ визасини олиш учун ариза берувчига айланади. Фақат уни олиш учун зарур бўлган барча босқичлардан ўтгандан сўнг, унга “Грин кард”, яъни доимий истиқомат ҳуқуқи берилади. “Грин кард”ни фақат AҚШга келгандан кейин олиш мумкин.

6-афсона: ғолибларнинг AҚШ иммиграцион визасини олиши кафолатланган.

Ҳақиқат: афсуски, барча лотерея ғолиблари ҳам виза олмайди. Ҳар йили лотерея иштирокчиларининг 1% дан камроғи ғалаба қозонади ва танланган 80 000-100 000 ғолибдан атиги 50 000 нафари “грин кард” олади. Ғолиб бўлганингиздан сўнг сиз виза учун керакли ҳужжатларни тўплашингиз ва расмийлаштиришингиз, сўнгра AҚШ консуллигида суҳбатдан ўтишингиз керак.

Aгар рўйхатдан ўтишда қоидабузарликлар, ариза тўлдиришда хатолар, нотўғри фотосуратлар аниқланса ёки суҳбатдан ўтмасангиз, виза бериш рад этилади. Aгар консул ҳужжатларни қалбакилаштириш ва фирибгарликда гумон қилса, сиз ҳақингизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларига хабар қилиши мумкин.

Яна бир муаммо шундаки, консулликда суҳбатдан ўтиш жараёни 30 сентябргача тугалланиши ва виза берилиши керак. Aкс ҳолда, лотерея имконияти ўз кучини йўқотади. Ушбу суҳбатдан ўтиш учун ҳам вақт бўлиши керак. Ва агар суҳбат учун навбат тегмаса, Америка орзуси камида яна бир йилга кечикиши мумкин.

Маслаҳат: ариза тўлдиришдаги хатолик DV визасини олиш имкониятингиз учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Уни диққат билан тўлдиринг ва синчиклаб қайта текширинг. Aгар сиз аллақачон ғолиб сифатида танланган бўлсангиз, виза учун DS-260 Immigrant Visa Electronic Application формасига ҳужжатларингизда кўрсатилган тўғри маълумотларни киритганингизга ишонч ҳосил қилинг.

7-афсона: “Грин кард”ни бепул беришади.

Ҳақиқат: фақат лотереяда иштирок этиш учун онлайн ариза бериш бепул. Aгар сиз ғолиб бўлсангиз, консуллик йиғими, иммиграция йиғими, тиббий кўрикдан ўтиш ва “Грин кард”ни чоп этиш учун пул тўлашишингиз керак бўлади.

8-афсона: “Грин кард” АҚШда иш, ҳатто турар жой топишни кафолатлайди.

Ҳақиқат: йўқ, “Грин кард” фақат АҚШда доимий ва қонуний яшаш ҳамда ишлаш ҳуқуқини беради холос. Уни ҳам консуллик суҳбатидан ўтиб, иммиграцион виза олиб, АҚШга кирганингиздан кейин қўлингизга оласиз.

9-афсона: лотерея Самарқандда ўйналса, ютуқ чиқиш эҳтимоли ошади.

Ҳақиқат: тўғри, Самарқанд вилоятидан лотерея ғолиблари кўп чиқади. Бироқ бу Самарқанд бўлгани учун эмас, Самарқандда ниҳоятда кўп лотерея ўйналгани учун ютуқлар сони ҳам кўп бўлади холос. Оддий арифметика!

Маслаҳат: лотереяни истаган жойингизда ўйнанг. Юртдошларимизнинг соддаликлари ва билимсизликлари шу даражада аянчлики, ҳар йили лотерея вақтида машина ва таксиларда атайлаб Самарқандга бориб лотерея ўйнаб келишади. Ҳатто Тошкентдаги “грин кардчи” фирмалар “Самарқандга бориб ариза тўлдириб келинади” ёхуд “Самарқанд услубида ариза тўлдирамиз” каби кулгили, аслида миллат учун аянчли рекламалар ҳам беришади.

Хўш, нега Самарқанддан ғолиблар кўп чиқади? Бунинг тарихи узоқ 80-йилларга бориб тақалади. Шу даврда СССР халқаро ҳамжамиятнинг босимлари ва санкциялари натижасида, ўзининг яҳудий миллатига мансуб фуқароларига Исроил ёки Ғарбга чиқиб кетиш рухсатини берган. Самарқандда эса яҳудийлар кўп яшаган. Уларнинг аксарияти Исроилга ҳам қаноат қилмасдан АҚШга ўтиб кетишган. Улар жойлашиб олгач, Самарқанддаги танишларига АҚШга кетишга ёрдам бера бошлаган. Яҳудий бўлмаган самарқандликлар ҳам АҚШда кўпайгач, улар ўзқариндошлари ва танишларини чорлаган ва ҳоказо. Виза олиш қийинлашган 2000 йилларга келиб, “Грин кард” бўйича масалаҳат бериб, одамларнинг кўпроқ хабардор бўлишларига ҳисса қўшишган.

Ўтган 20 йил мобайнида Самарқандда “Грин кард” бизнеси ростамана “картел” конвейерига айланди. “Грин кард” нималигини эшитмаган одамларга ҳам ушбу лотереяни ўйнаш таклиф этилади. Ҳатто одамларнинг шахсий маълумотлари турли йўллар билан олиниб, улар ўзлари билмаган ва истамаган тарзда аризалар тўлдирилади. Ютуқ чиқса, “суюнчи пули” ва бошқа турли хизматларга пул таъма қилинади.

Ҳатто айрим шахс ва ташкилотлар, ОТМ, архив ва корхоналарнинг кадрлар бўлими ходими ёки шахсий маълумотларни олиш имкониятига эга бошқа шахслар билан тил бириктириб, талаба ва ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳамда суратларини сотиб олишади. Одатда 1 одам маълумоти учун 1 доллардан берилади. Кейин уларнинг ҳаммаси номидан, ўзларини хабардор қилмаган ҳолда “Грин кард” учун ариза тўлдиришади. Ютуқ чиқса, ғолибни топиб бориб, пулини шилишади.

Қарабсизки, томорқасида кетмон чопиб турган, дунёдан бехабар Эшматвойнинг ёки Ойпопукнинг уйига май ойида (чунки шу пайтда лотерея жавоблари чиқади) бир нотаниш йигит (ёки қиз) келиб, “Америкага қонуний кетишни истайсизми, ёрдам бераман” дейди. Кейин эса ютуқ чиққанини айтиб, тегишли рақамни бериш эвазига 5000 доллар сўраб, савдолаша бошлайди. Айримлар ютуқ чиққанидан хурсанд бўлиб, боши гангиб, 15000 доллар бериб юборган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Нафақат Самарқандда, балки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам “Грин кард” бизнеси авж олган. Метро бекатлари, бозорлар, умуман одам гавжум бўладиган жойларда йил — ўн икки ой “Грин кард”га ариза тўлдириш учун буюртма қабул қилиб, пул олишади. Ютуқ чиқса, яна пул олишади. Ҳужжатлар ва суҳбатни белгилаб бериш учун янада кўпроқ пул олишади. Бу устамонларни бўйнидан судраб АҚШга тортсангиз ҳам кетмайди. Чунки ўзлари шу ерда АҚШда ишлаётган ватандошларидан кўпроқ пул топишади.

Ҳозирда ҳатто профессионал совчилар ҳам “Грин кард” реалликларига мослашиб олишган. Улар “грин кардчи”лардан ютуқ чиққан йигит ёки қизнинг маълумот ва манзилларини сотиб олишади. Кейин эса келин ёки куёв қидираётган талабгорларга бу маълумотларни маълум ҳақ эвазига тавсия қилишади. Ҳатто ўзлари совчиликка боришлари мумкин. “Сизда грин кард чиққан бир гул бор экан, бизда эса хотинининг орқасидан Америкага кетишдан уялмайдиган бир булбул бор, тақдирлари қўшган бўлса эҳтимол...”, дея эшикдан кириб келишади. “Грин кард”асосига қурилган муҳаббат эса АҚШга бориб олгач, парчаланиб кетади аксарият ҳолларда. Шунингдек, ютуқ чиққанлар билан катта пул эвазига фиктив никоҳ рўйхатдан ўтиш, унинг визаси ҳисобидан АҚШга кетиш ҳолатлари ҳам кенг тарқалган.

10-афсона: эр ва хотин ҳам лотерея ўйнаса, ютуқ чиқиш эҳтимоли кўпаяди.

Ҳақиқат: ҳа, тўғри, бу оддий арифметика — агар эр ва хотин лотереяга мувофиқлик мезонларига жавоб беришса, ҳар бири ариза тўлдириши мумкин. Aгар улардан бири лотереяда ютса, иккинчиси турмуш ўртоғи визаси билан АҚШга кета олади.

Умуман олганда, шахсий маълумотлар деярли ҳимоя қилинмайдиган, бу маълумотларни бошқаларга рухсатсиз, ноқонуний бериш IMEI код баҳонасида шахсий маълумот йиғувчи МЧЖ, маҳаллалар ва ҳоказолар туфайли Ўзбекистон “грин кардчи”лар олтин конининг ўзгинаси.

Аслини олганда ҳам, “Грин кард” васвасаси олтин васвасасига ўхшайди. Олтин васвасаси даврида, хусусан, 1849 йилда Калифорнияда (АҚШ) олтин қазиб олиш бошланганида, миллионлаб одамлар “фалон жойдан олтин чиқибди”, деган биргина хабар ортидан, уй-жой ва оилаларини ташлаб, катта пуллар сарфлаб, совуқ ва нам, хавфли ва номаълум жойларга сафарга чиқишган. Уларнинг 2-3 фоизи олтин топиб, бойишга муваффақ бўлган холос. Қолганлари эса ёки ноумид қайтган, ёки турли қийинчилик, хасталик ва йиртқич ҳайвонлар ҳужумидан ўлиб кетишган. Ёхуд олтинини олишни кўзлаган қароқчилар қўлида жон берган. Олтин васвасидан энг кўп фойда қилган одамлар эса шу сафарларни уюштиришга бош-қош бўлган, олтин изловчиларга йўлбошчилик қилган, уларга турли иш қуроллари, кийим-кечак ва озиқ-овқат сотган одамлар ҳисобланади. Ҳатто 1853 йилда сотилмай қолган брезент материалидан “деним” (кейинроқ Levi’s деб аталган) илк жинси шимларини тиктириб сотган яҳудий тадбиркор Леви Страус ҳам айнан олтин васвасаси туфайли бойиб ва машҳур бўлиб кетган. “Грин кард” васвасасида ҳам турли воситачи фирмалар ва айрим совчилар катта фойда кўришади холос. Қолганлар эса Америка орзусининг ёрқин, аммо иситмайдиган ёлқинидан маст бўлиб юраверишади...

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.