2024 йил маҳаллий бюджети тасдиқланди

Улашиш:

Жиззах вилоятининг 2024 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш масалалари бўйича ўтказилган Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг сессиясида маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди раҳбарлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Эргаш Салиев олиб борди. 

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари А.Шодмонов, З.Жалолов, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари О.Фозилкаримов, Солиқ қўмитаси департамент раҳбари З.Қурбанов қатнашди. 

Сессия кун тартибидан асосий ўрин эгаллаган Жиззах вилоятининг 2024 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида Жиззах вилояти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Акбар Раҳматуллаев сўзга чиқиб, бюджет лойиҳаси ҳақида маълумот берди. 

Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Шуҳрат Умаров ҳамда Жиззах вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Ҳасанов сўзга чиқди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Адҳам Шодмоновнинг Жиззах вилоятида Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш юзасидан ахбороти тингланди. 

Шундан сўнг, Жиззах вилоятида юридик ва жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича базавий солиқ ставка миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида Жиззах вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатовнинг маълумоти эшитилди. 

Сессияда бир гуруҳ фаол депутатларга, “Йил аёли” танлови ғолиби, Жиззах шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Рўзигул Орзиқуловага вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.