Плоггинг нима? Жиззахда ўзига хос тадбир ташкил этилди

Улашиш:

Жиззах шаҳрида «Плоггинг: ёшлар ўртасида замонавий экологик маданиятни юксалтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш» лойиҳаси доирасида республика миқёсидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.

«Эколог» жамоат бирлашмаси томонидан ўтказилган семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан жами 28 нафар ёш лидер волонтёр йигит-қиз иштирок этди.

Тадбирда «Ёш эковолонтёрларнинг ушбу семинар-тренингдан келиб чиқадиган вазифалари», «Плоггинг нима?» «Чиқинди турлари ва утилизация», «Экологик вазиятни яхшилаш учун ҳар биримиз қандай ҳаракатларни амалга оширишимиз керак?», «Экологик муаммоларни аниқлаш ва уни бартараф этиш лойиҳаси» каби мавзуларда ЎзЖОКУ профессори, «Эколог» жамоат бирлашмаси директори Наргис Қосимова, «Ekolog.uz» сайти ва телеграм канали маъмури Ферузбек Сайфуллаев, Жиззах вилояти «Калб нури» ННТ раҳбари Нодира Алимова ва бошқаларнинг чиқишлари иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

– Республикамизнинг ёш эковолонтёрларини бир жойга йиғишимиздан кўзланган асосий мақсад  улар билан плоггинг ўтказиб, ушбу лойиҳани кенг тарғиб қилиш, экология ва атроф муҳитни тоза, озода ва мусаффо сақлашда уларнинг экологик маданиятини оширишдан иборат, – дейди Наргис Қосимова. – Бугунги кундаги глобал иссиқликка, атроф муҳитимиз, умуман экологиянинг ифлосланишига ҳам, биохилмахилликнинг йўқолиб боришига ҳам айнан, ана шу чиқиндилар сабаб бўлаётир. 

Шу ўринда «Плоггинг нима?» деган ўринли савол туғилиши шубҳасиз. Плоггинг  бу маълум масофада енгил югуриш билан биргаликда белгиланган масофадаги чиқиндиларни йиғишдир. Ушбу ҳаракат 2016 йилда Швецияда пайдо бўлган. Маҳаллий югурувчи Эрик Ахлстрём кўчаларда бир неча ҳафта ётиши мумкин бўлган катта миқдордаги чиқиндиларни кўриб қолади ва у ҳар куни ишга кетаётиб, югурганча, уларни қопга жойлайди ва белгиланган жойга ташлаб ўтади. Шу ишини ижтимоий тармоқларга жойлаб дўстлари билан баҳам кўради. Ахлстрёмнинг ушбу ҳаракати бутун дунёга янги лойиҳа сифатида тарқаб, Ўзбекистонимизга ҳам кириб келди.Ҳозир бу ҳаракат бироз ўзгариб, жамоа бўлиб чиқиндилар билан ифлосланган ҳудудда ўтказилмоқда. Бунда эковолонтёрлар югуради, эгилади, яъний жисмоний машқ бажаради ва албатта полггинг ўтказилган жой чиқиндилардан тозаланади. 

Залдаги машғулотлардан сўнг, тадбир иштирокчилари Жиззах шаҳрининг энг ифлосланган ҳудуди – «Болалар истироҳат боғи»да волонтёр ёш йигит-қизлар билан плоггинг ўтказди. Ана-мана дегунча, «Болалар истироҳат боғи», Сангзор дарёси қирғоқларидан  волонтёрлар  томонидан  йиғилган чиқинди уюми ҳосил бўлди.

– Жиззах шаҳрида ўтган 2 кунлик семиннар-тренингда экологик мавзуда кўп нарсаларни ўргандик, – дейди «Эколог» жамоат бирлашмасининг Сурхондарё вилоятида фаолият юритувчи эковолонтёрлар гуруҳи фаоли Шаҳризода Абдуниёзова. – Айниқса, ушбу тадбир доирасидаги плоггинг акцияси менга жуда ёқди. Унда маълум бир ифлосланган ҳудуд танланиб, иштирокчилар махсус қоплар ва қўлқоплар билан таъминланиб,  жисмоний тарбиянинг бир қанча усулларини бажариш билан бирга атроф муҳитдан ким кўпроқ ва тезроқ чиқинди йиғиш юзасидан баҳслашади. Биз ҳам Термизга қайтиб борганимиздан сўнг, гуруҳимиз аъзолари билан худди шундай плоггинг ўтказишни режалаштирдик.

Ҳар бир тренинг қатнашчиси ўз вилоятида «Тенгдошга-Тенгдош» тамойили асосида  экокўнгиллиларга плоггинг бўйича тренинг ўтиб, ҳар ойда  югуриб, чиқинди териш акциясини ўтказишади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.