“Тарихчининг сўзлари тўлиқ унинг виждонига ҳавола”. Мария Захарова Смолиннинг “ўзбек ва қозоқлар мавжуд бўлмаган халқлар” деган фикрларини изоҳлади

Улашиш:

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова тарихчи Смолиннинг инқилобдан олдин ўзбеклар ва қозоқлар мавжуд бўлмаганлиги ҳақидаги фикрларига изоҳ берган.  

Эслатиб ўтамизки, 22 январь куни Россиянинг НТВ телеканалидаги "Учрашув жойи" ток-шоусида тарихчи Михаил Смолин Марказий Осиёнинг баъзи замонавий давлатларининг шаклланиши ҳақида гапирган.

"Масалан, ўзбеклар инқилобдан олдин умуман мавжуд бўлмаган, бундай этник ном йўқ эди. Улар бир неча Ўрта Осиё халқларидан ўзбекларни яратишган", - деди Смолин.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова россиялик тарихчининг сўзларига қўйидагича изоҳ берган.

"Россия ва Марказий Осиё республикаларини умумий тарих, яқин инсоний ва гуманитар алоқалар, минглаб савдо-иқтисодий ва хўжалик алоқаларнинг "ришталари" бирлаштириб турибди. Бизнинг чинакам устувор ҳамкорлигимиз, стратегик шериклик ва аксарият ҳолларда иттифоқчилик   - ўзаро бўлган ҳурмат ва маданиятлар мулоқотига таянади", - деди Мария Захарова.

Унинг таъкидлашича, Смолиннинг сўзлари фақат субъектив характерга эга ва тўлалигича унинг виждонига ҳавола.

"Улар (Смолиннинг сўзлари - таҳр.) Россия ва Марказий Осиё минтақасининг суверен, мустақил давлатлари бундай муносабатларнинг аҳамиятини тўлиқ англайдиган воқелик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ", - деб таъкидлади Захарова.

Эслатиб ўтамизки, 2023 йил декабрь ойида Мария Захарова Россия ёзувчиси ва публицисти Захар Прилепиннинг меҳнат миграцияси шароитида Россия Ўзбекистонни қўшиб олиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари бўйича тўғрисида расмий изоҳ бериб, ёзувчининг   сўзлари унинг шахсий фикри эканлигини ва Москванинг расмий нуқтаи назарини акс эттирмаслигини айтганди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.