«У кураши учун ҳаётини тикишига тўғри келди». Алексей Навальний ўлимига муносабатлар

Улашиш:

Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати 16 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальний «Қутб бўриси» колониясида вафот этгани ҳақида хабар берди. Хабарда сиёсатчининг ўлими сабаби айтилмаган. Навальнийнинг жамоаси ва қариндошлари унинг ўлими ҳақидаги маълумотни ҳали тасдиқламади.  

Франция президенти Эммануэль Макрон

«Ҳозирги Россияда эркин руҳлилар ГУЛАГга юборилади ва ўлимга ҳукм қилинади. Ғазаб ва нафрат. Мен Алексей Навальний хотирасига, унинг фидойилигига, жасоратига ҳурмат бажо келтираман. Менинг ўй-хаёлларим унинг оиласи, яқинлари ва рус халқи билан бирга».

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак

«Бу даҳшатли янгилик. Россия демократиясининг энг ашаддий ҳимоячиси сифатида Алексей Навальний бутун умри давомида ақл бовар қилмайдиган жасорат кўрсатди. Менинг хаёлларим унинг рафиқаси ва Россия халқи билан бирга, улар учун бу жуда катта фожиа».

Германия канцлери Олаф Шольц

«Ҳозирча якуний тасдиқ йўқ, аммо биз Навальнийнинг Россия қамоқхонасида ўлган бўлиши эҳтимоли юқори эканидан хабардормиз. Бу бизни жуда тушкунликка туширди. Мен у билан Берлинда, заҳарланиш оқибатларидан Германияда даволанаётганида учрашгандим ва у билан Россияга қайтиш қарори қандай жасорат талаб қилиши ҳақида суҳбатлашгандим. Бугун у буни ўз ҳаёти билан тўлади. Биз бу тузум туфайли юз берганини жуда яхши биламиз. Танқид қилган, демократия тарафдори бўлган ҳар ким ўз ҳаёти ва хавфсизлиги учун қўрқиши керак. Шу сабабли биз шокдамиз. Бизнинг фикрларимиз унинг рафиқаси, болалари, дўстлари, издошлари билан. Бу шунчаки даҳшатли. Ва бу Россия қандай ўзгариб кетганининг белгисидир. Афсуски, бу жараён анча олдин бошланганди, мамлакат демократиядан узоқлашган, узоқ вақтдан бери демократия бўлмаган».

Латвия президенти Эдгар Ринкевич

«Сиёсатчи сифатида Алексей Навальний ҳақида нима деб ўйласангиз ҳам, у бугун Кремль томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. Бу ҳақиқат ва сиз ҳозирги Россия режимининг асл моҳияти ҳақида билишингиз керак бўлган нарса. Марҳумнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдираман».

Бельгия бош вазири Александр де Крос

«Алексей Навальний демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эди. Унинг фожиали ўлими нега биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишимизни яна бир бор тасдиқлайди. Россия Украинада устунлик қилмайди. Бизнинг ўй-фикрларимиз Навальнийнинг оиласи, дўстлари ҳамда жасур россиялик сиёсий маҳбуслар биландир».

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель

«Алексей Навальний эркинлик ва демократия қадриятлари учун курашди. Ўз идеаллари учун энг катта қурбонликни бажо келтирди. Европа Иттифоқи ушбу фожиали ўлимда фақат Россия режимини жавобгар деб билади. Унинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдираман. Ва бутун дунё бўйлаб энг қоронғу шароитларда демократия учун курашаётганларга. Жангчилар ўлади. Аммо озодлик учун кураш ҳеч қачон тугамайди».

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен

«Алексей Навальнийнинг вафоти ҳақидаги хабардан қаттиқ шокда ва қайғудаман. Путин ҳеч нарсадан ўз халқининг норозилигидан қўрққанчалик ҳайиқмайди. Бу Путин ва унинг режими нимани ифодалаши ҳақидаги даҳшатли эслатма. Автократияга қарши чиқишга журъат қилганларнинг эркинлиги ва хавфсизлиги учун курашда бирлашайлик».

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель

«Оммавий ахборот воситаларида ўз ҳаётини Россия шаънини сақлаб қолишга бағишлаган, демократлар ва фуқаролик жамиятига умид бағишлаган жуда жасур шахс Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабарлардан шокка тушиб қолдим. Қўшимча маълумотни кутар эканмиз, аниқ айтайлик: бунинг жавобгарлиги фақат Путин зиммасида».

Польша бош вазири Дональд Туск

«Алексей, биз сизни ҳеч қачон унутмаймиз. Ва биз уларни ҳеч қачон кечирмаймиз».

Голландия бош вазири Марк Рютте

«Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабар мени қаттиқ ҳайратда қолдирди. Бу Россия режимининг мисли кўрилмаган шафқатсизлигини кўрсатади. Навальний демократик қадриятлар ва коррупцияга қарши курашди. У бу кураши учун энг оғир ва ғайриинсоний шароитларда ўз ҳаётини тикишига тўғри келди. Унинг оиласи, яқинлари ва у билан бирга Россиядаги ўзгаришлар учун курашган барчага кўп куч тилайман».

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

«Биринчидан, агар бу хабарлар рост бўлса, унинг рафиқаси ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз. Қолаверса, унинг Россия қамоқхонасидаги ўлими, инсонлардаги васваса ва қўрқув Путин қурган тизим негизидаги заифлик ва чиркинликни кўрсатади. Россия бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Биз буни Алексей Навальний тақдиридан хавотирда бўлган бошқа кўплаб давлатлар билан муҳокама қиламиз, айниқса, бу хабарлар ҳақиқат бўлиб чиқса».

Эстония бош вазири Кая Каллас

«Алексейнинг ўлими биз курашаётган жиноий тузум ва нима учун Россия ва барча айбдорлар ҳар бир жинояти учун жавобгарликка тортилиши кераклиги ҳақидаги яна бир даҳшатли эслатма ҳисобланади. Ҳамдардлик билдираман. Хаёлим сиёсий қарашлари учун ҳали ҳам панжара ортида қолаётганлар билан бўлади».

Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Билльстрём

«Агар унинг Россия қамоқхонасида вафот этгани ҳақидаги хабар ҳақиқат бўлса, бу Путин режимининг навбатдаги даҳшатли жиноятидир. Навальнийга нисбатан шафқатсизлик нега авторитаризмга қарши курашни давом эттириш зарурлигини яна бир бор кўрсатади».

Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная

«Фақат Россиядаги ҳукумат манбаларидан келаётган даҳшатли хабарга ишониш ёки ишонмасликни билмайман. Чунки кўп йиллардан бери Путин ва унинг ҳукуматига ишона олмаймиз, буни барчангиз биласиз. Улар ҳар доим ёлғон гапиришади. Аммо агар бу рост бўлса, мен Путин, унинг атрофидагилар, дўстлари, ҳукумати мамлакатимиз, оилам ва эрим олдида қилган ишлари учун жавобгар эканини билишларини истайман. Ва бу кун жуда тез келади. Мен бутун дунё ҳамжамиятини, бу залдаги барчани, бутун дунёдаги одамларни бирлашишга ва бу ёвузликни енгишга чақирмоқчиман».

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов

«Очиғи, Навальнийнинг Путин қамоқхонасидан тирик чиқишига ишониш қийин эди. Шу пайтга қадар уни ўлдириш учун кўп уринишлар бўлди. Лекин Навальний қўрқмасдан Россияга қайтган эди. Унинг қайтишини кўпчилик рус мухолифатчилари „катта хатолик“ дейишганди. Навальнийни, мана, охири ўлдиришди. Уни махсус усулда ўлдиришганини тахмин қилиш мумкин. Энди унинг жасадини текширишса ҳам, қийноқ изларини топиш имконсиз бўлади».

Молиячи Отабек Бакиров

«Эзгулик ва бетарафлик ўртасидаги охирги кураш тугади».

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов

«Россия учун Навальнийнинг қатл қилиниши катта трагедия».

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.