Ўзбекистон банкларида кредит фоизлари ошгани маълум бўлди

Улашиш:

2024 йилнинг январь ойида Ўзбекистондаги давлат ва тижорат банкларида узоқ муддатли кредитларнинг фоизи юқорилаб, ўртача ҳисобда 24,5 фоизга етган (Имтиёзли кредит ва микроқарз ҳисобга олинмаган ҳолда). Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Тақдим этилган ҳисоботда кўриш мумкинки, жорий йилда кредитнинг ўртача фоизи 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга ошган. Жисмоний шахслар учун ажратилаётган кредит ўртача 25,1 фоизни,  юридик шахслар учун 22,9 фоизни ташкил этмоқда. 

Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистондаги банкларда кредитнинг энг юқори ставкаси 49 фоиз, энг кам ставкаси эса, 14 фоизни (имтиёзли) ташкил этмоқда. 

2023 йилнинг июль ойида эълон қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келгуси етти йил ичида кредит фоизларини 10-12 фоизгача тушириш кўзда тутилган эди. Шунингдек, Президент жорий йилнинг январь ойида банклардаги кредит ставкаларини 2-3 фоизга тушириш кераклигини таъкидлади: 

“Банклар ресурс йўқлиги сабаб кредит фоизи юқори, дейишга ўрганиб олган. Ваҳоланки, муаммоли кредитларни ундиришнинг ўзидан 25 трлн сўмлик кредитга ресурс топса бўлади”, деган эди Шавкат Мирзиёев. 

Сўнгги ўн йил ичида кредитнинг ўртача фоизи қуйидагича ўзгарган: 

  2014 йилда 16,2 фоиз;

  2015 йилда 14,2 фоиз;

  2016 йилда 14,1 фоиз;

  2017 йилда 15,0 фоиз;

  2018 йилда 19,9 фоиз;

  2019 йилда 24,8 фоиз;

  2020 йилда 20,6 фоиз;

  2021 йилда 21,3 фоиз;

  2022 йилда 22,4 фоиз.

  2023 йилда 22,9 фоиз.

Кредит фоизи юқорилашига мамлакатдаги инфляция ва яна бир қанча омиллар таъсир қилган. Ўзбекистонда инфляция даражаси 2018-2019 йилларда анча юқорилаб кетган эди. 2024 йилда Марказий банк миллий валютанинг бироз барқарорлашишига эришди: 

  2014 йил – 9,1 фоиз;

  2015 йил – 8,5 фоиз;

  2016 йил – 8,8 фоиз;

  2017 йил – 13,9 фоиз;

  2018 йил – 17,8 фоиз;

  2019 йил – 17.5 фоиз;

  2020 йил – 14.5 фоиз;

  2021 йил – 12.8 фоиз;

  2022 йил – 10.8 фоиз;

  2023 йил – 11.4 фоиз;

  2024 йил январь ҳолатига кўра, 8,6 фоиз

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2024 йил учун асосий ставкани ўзгаришсиз, 2023 йилдаги каби 14 фоиз этиб белгилади. Банк ташкилотларида кредит ва депозит фоизлари асосий ставкадан келиб чиққан ҳолда белгиланади. 

Шунингдек, маълумот ўрнида, 2024 йил январь ойи ҳолатига кўра, банклар таклиф этаётган депозит фоизлари ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 0,9 фоизга кўтарилиб, ўртача 19,8 фоиз бўлиб турибди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.