Швейцария шаҳарлари ҳақида 10 та қизиқарли факт

Улашиш:

Швейцария деганда кўпчиликнинг кўз олдига аввало унинг бемисл гўзал табиати келади. Лекин бу мамлакатнинг шаҳарлари ҳам турли жабҳалардаги ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Швейцария аҳолиси 8,7 млн кишини ташкил этади ва шундан 85 фоизи шаҳарларда яшайди. Энг катта шаҳарлари – Цюрих, Женева, Базел, Лозанна ва Берн.

Қуйида келтириладиган маълумотлар кўпчилик учун янгилик бўлса ажаб эмас.

1. Берн – Швейцариянинг пойтахти. Ҳа, Цюрих ёки Женева эмас, бор-йўғи 133 минг аҳолига эга, жами швейцарияликларнинг 1,5 фоизини ўзида жамлаган Берн де-факто бу мамлакат пойтахти ҳисобланади. Де-факто дейишимизга сабаб, Швейцария конституциясида ҳам, қонунларида ҳам бу шаҳар мамлакат пойтахти деб аталмайди. Берннинг ҳуқуқий мақоми – федерал шаҳар. Федерал бошқарув органлари шу ерда жойлашган.

2. Цюрих – дунёнинг энг қиммат шаҳри. Бу – ойлик маошларнинг юқорилиги, яшаш стандартларининг баландлиги, кўчмас мулк қимматлиги ва бошқа омиллар билан боғлиқ. Умуман, доимий равишда турли рейтингда дунёнинг энг қиммат 10 та шаҳри орасида Швейцариянинг камида 3-4 та шаҳри жой олади. Бунга, юқоридаги омиллар билан бирга, Швейцария франкининг қиймати бошқа валюталарга нисбатан юқорилиги ҳам таъсир кўрсатади.

3. Давос – Европанинг энг баланд нуқтада жойлашган шаҳри. Алп тоғлари бағридаги шаҳарнинг 11 минг кишилик аҳолиси денгиз сатҳидан 1560 метр баландликда ҳаёт кечиради. Бу шаҳар ҳар йили бўладиган Жаҳон иқтисодий форумига мезбонлик қилиши билан машҳур.

4. Женева – Мишлен юлдузини олган ресторанлар сонининг аҳоли сонига нисбати бўйича энг юқори ўринлардаги шаҳарлардан бири. Ҳар 100 минг женеваликка Мишлен юлдузли 7 та ресторан тўғри келади. Бу – дунё бўйича Люксембург (1-ўринда), Кйото, Сан-Себастян ва Париждан кейинги бешинчи кўрсаткич.

5. Женева – халқаро ташкилотлар энг кўп жойлашган шаҳар. Бу ерда БМТнинг тўртта асосий офисидан бири, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Халқаро қизил хоч жамияти ва бошқа ўнлаб халқаро ташкилотларнинг бош штаб-квартиралари жойлашган.

6. Дунёдаги энг катта жамоат транспорти тизими. Швейцария шаҳарлари темирйўллар билан шу қадар узвий боғланганки, кўп ҳолатларда бир шаҳардаги “А” нуқтадан иккинчи шаҳардаги “Б” нуқтага бориш учун автомобилга умуман зарурат йўқ: шаҳарлараро қатновчи поездлар шаҳар жамоат транспорти билан жуда яхши интеграция қилинган. Дунёдаги энг узун (57 км) темирйўл туннели Алп тоғларининг тагидан ўтиб, Швейцариянинг икки шаҳри – Эрсфелд ва Бодио шаҳарларини, шунингдек, Цюрихни Италиянинг Милан шаҳри билан боғлайди.

7. Лозанна – дунёда олимпия ҳаракатининг пойтахти. Шаҳарга бундай норасмий статус Халқаро олимпия қўмитаси шу ерда жойлашгани учун берилган.

8. Базел – Швейцариядаги энг қадимги университет жойлашган шаҳар. 1460 йилда ташкил этилган Базел университети Нобел мукофотининг ўн нафар лауреатининг илмий фаолиятида муҳим ўрин тутган. Университет ҳузурида Швейцариядаги энг йирик кутубхона бор. Швейцариянинг биринчи рақамли олийгоҳи эса – Цюрихдаги ETH университети (Федерал технология институти) бўлиб, у 2024 йилда QS'нинг дунё университетлари рейтингида 7-ўринни эгаллаб турибди.

9. Швейцария шаҳарлари – дунёнинг энг ишончли молиявий марказлари. Пул айланмаси ҳажми бўйича Ню-Йорк ёки Лондондан анча орқада бўлса-да, Швейцария банклари ишончлилик ва барқарорлик бўйича биринчи ўринда туради. Бунга сабаб эса – мамлакатнинг 1815 йилдан буён ташқи сиёсатда нейтралликни бош тамойил қилиб олгани. Швейцария шундан бери бирорта ҳам урушда иштирок этмаган.

10. Айрим қишлоқларга ички ёнув двигателли автомобилларнинг кириши тақиқланган. Мақола Швейцария шаҳарлари ҳақида бўлса-да, қишлоқлар ҳақидаги бу қизиқарли фактни ҳам қўшишга жазм этдик. Бундай тақиқ киритилган қишлоқлардан энг машҳури – Церматт. Тоғ бағридаги эртакнамо қишлоқда ҳаракатланиш учун электромобиллар, от-арава ва велосипеддан фойдаланилади. Чекловдан мақсад – атроф-муҳитни соф ҳолатда сақлаш ва қишлоқдаги эстетик муҳитни асрашдан иборат.


2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.