Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги Зиёкор маҳалласидаги хонадонларнинг бири пештоқига давлат байроғи илинди. Маълумки, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон байроғини уйларга осиб қўйишга рухсат берилиши мумкинлиги хақидаги хабарлар оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатила бошланган эди.
Эслатиб ўтамиз бундай амалиёт АҚШда мавжуд бўлиб, давлат байроғи уйларнинг пештоқида илиниб тургани ёки деворга сурати акс этган видео ва фотолардан кўриш мумкин.
Бир вақтлар Жиззах шаҳридаги Дўстлик маҳалласида бир хонадонда байроқни уйининг пештоқига илганлиги учун хонадон эгаси жавобгарликка тортилгани хусусида гап-сўзлар тарқалган эди. Эндиликда эса бундай имкониятдан исталган хонадон ёки фуқаро фойдаланиб ўз уйининг пештоқига давлат рамзини илиб қўйиши мумкин.
Бу ЎзЛиДеп партияси давлат байроғидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни соддалаштиришни таклиф қилганлиги ортидан содир бўлган. Яъни байроқдан, хусусан, фуқароларнинг уйда ва иш жойида эркин фойдаланишига рухсат берилиши кераклиги айтиб ўтилган эди.
Партия етакчилари, мамлакат байроғи қабул қилинган 18 ноябрь куни партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузишган.
«Миллий байроғимизнинг кундалик ҳаётимизда доимий ҳамроҳимизга айланиши бизнинг давлатда яшовчи барча миллат ва элат вакилларини жипслаштиришда муҳим ўрин тутади», — деганди Актам Хаитов ўз чиқишида.