Европада фақат ишхонада, бизда уйда, ўқишда ҳам “моббинг” вазиятлар бор – жамиятдаги “босимлар”нинг зарарлари ҳақида

Улашиш:

Табиатда шундай қонуниятлар борки, ҳайвонот оламидаги вазиятлар баъзи кўринишда шариат оламида ҳам такрорланади. Шулардан бири – моббинг.

Моббинг – бир турдан ташкил топган жамоа ўзидан бироз фарқли бошқа тур вакилини таъқиб остига олиши, босим ўтказиши, зуғм қилиши натижасида юзага келадиган контраст (зиддиятли) ҳолатга нисбатан айтилади.

 

“Моббинг” атамасидан илк бор Конрад Лорензнинг “Агрессия ҳақида” (“On Aggression”. 1966) номли китобида қушларнинг жамоавий ҳужумини ёритиш жараёнида фойдаланган. Муаллиф ҳайвонот оламидаги бу ҳодисани инстинктларга боғлайди. Шунингдек, инсонлар орасидаги худди шу вазиятга туғма импулсларни сабаб қилиб келтиради.

 

Европада “моббинг” атамаси фақат ишхонадаги вазият учунгина қўлланилади. Муассасадаги моббинг мутахассиси ўтказган аноним сўровномаси орқали ташкилотда моббинг бор-йўқлиги аниқланади ва вазиятга кўра иш тутилади.

 

Моббинг белгилари:

 

• Тазйиқ

• Босим

• Ҳақорат

• Айблов

• Камситиш

• Менсимаслик

• Айирмачилик

• Қўшимча иш юкламалари

• Камчилик топиш

• Миш-миш/ғийбат

• Ҳайдаш/ҳайдалиш

 

Моббингнинг юзага келиш сабаблари

 

Юқорида таъкидлаганимиздек, моббинг – бир турдан иборат жамоа бошқа тур вакилини ўз сафига қўшилишига турли йўллар билан тўсқинлик қилиши. Бунга сабаблар қуйидагича бўлиши мумкин:


• Диний фарқланиш;

• Ирқий фарқланиш;

• Миллий фарқланиш;

• Ёшдаги фарқланиш;

• Жинсдаги фарқланиш;

• Ижтимоий келиб чиқиши юзасидан фарқланиш (табақаланиш);

• Молиявий ҳолати юзасидан фарқланиш (касодга учраганлик);

• Ижтимоий чекланганлик сабаб фарқланиш (етим, судланган, ажрашган…);

• Саломатлик даражаси бўйича фарқланиш (юқумли касалликка чалинганлик);

• Ижтимоий ҳолати бўйича фарқланиш (руҳий касал, ногиронлик);

• Руҳий ҳолати бўйича фарқланиш (травма олганлик даражаси);

• Ақлий фаолияти бўйича фарқланиш (ахборотни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва узатиш даражаси);

• ва бошқа ҳолатлар.

  

Моббингни қаерларда учратиш мумкин?

 

Моббингни энг аввал табиатда учратамиз. Ўз полапонига бегона полапонларни яқинлаштирмайдиган она товуқ, уюрга қўшилмай танҳо ўтлаётган байтал; жумладан, ёввойи ҳайвонларга тегишли ўрмон қонунларида ҳам моббинг кўзга ташланади. Инсон ҳам табиатнинг бир бўлаги сифатида бу қонуниятлардан четда қолмайди. Моббингни кишилик жамиятида ҳам жамоавий кўринишларда учратиш мумкин. Масалан:

  

Оиладаги моббинг

 

Яқин қариндоши қарамоғига олган етим бола мисолида олайлик. Оталиғига олган оиланинг фарзандларига қўшила олмаслиги, унга тазйиқ ўтказилиши, тенгдошлари ва атрофдагиларнинг етимлигини таъкидлаб, босим ўтказишлари, қурбидан ортиқ иш юклашлари ҳамда шу каби белгиларнинг аксарият ҳолларда гувоҳи бўламиз.

 

Ёки оиланинг янги аъзосига айланган келинчак мисолини олайлик. Бегона муҳит, нотаниш одамлар ва уларнинг турлича характерларини ўрганиш ҳамда бунга кўникиш жараёнида моббингга учрайди. Жамият босими унинг янги – келинлик ролидан жуда кўп нарса талаб қилади. Бундай вазиятда моббингни тушуниш муҳим.

  

Мактабдаги моббинг

 

Деярли ҳар биримиз мактаб ёшидаги қайсидир даврда синфга янги келган ўқувчи бўлганмиз ёки янги келган синфдошимиз бўлган. Хўш, эслай оласизми, янги келган ўқувчи қиз бола бўлса, сочидан тортишлар, сумкасини олиб қочиб, ўша сумкани йигитлар даврасида бир-бирига оширишлар; ёки ўғил бола бўлса, ручканинг идишида думалоқ ҳолатга келтирилган қоғоз отишлар, қаламдонини яшириб қўйишлар; сочидан бит чиққан синфдошимизга яқин йўламаслик, даврамизга қўшмаслик, у билан бир партада ўтирмаслик ва шу каби ҳолатлар кўзимизга болаларча шўхлик бўлиб кўринса-да, лекин бунинг номи МОББИНГ эканини билмаймиз.

 

  

Олийгоҳдаги моббинг

 

Олийгоҳ – ҳудуди, шеваси, маданияти, эътиқоди ва характери турлича бўлган инсонлар йиғиладиган жой. Бу турличалик моббингда ҳам ўз аксини топади. Бунда кимдир овқатни қўли билан ейдиган талабани кулгига олиши мумкин. Яна кимдир шевасини пародия қилиши мумкин. Кимнингдир лифтдан қўрқишини жиддий тушунмаслиги мумкин, аммо гап миллат, ирқ ва дин мавзусига келганда аҳвол кескинлашиши ҳеч гап эмас.

 

  

Ишхонадаги моббинг

 

Ишхонада моббингнинг кўплаб кўринишлари учрайди. Булардан: ёши катта тажрибали ходимлар янги, тажрибаси кам ходимга менсимай қараши; аксарияти эркаклардан иборат ташкилотда аёл ходимга нисбатаб беписандлик, қўшимча иш юклаш; имконияти чекланган ходимга нисбатан соғлом ходимларнинг руҳий босим ўтказиши; аввал судланган ходим ҳақида миш-миш тарқатиш; ақлий фаолияти сустроқ ходимлар ишидан камчилик қидириш, камситиш ва шу каби вазиятларни учратиш мумкин.

 

Юқоридаги ҳолатлар моббингнинг кенг тарқалган кўриниши бўлиб, шунингдек, саёҳат, мусофирликда ва ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам моббингга учрашингиз ёки шундай ҳолатга гувоҳ бўлишингиз эҳтимоли йўқ эмас.

Бундан ташқари, инсоният ижод маҳсули бўлмиш мақол, масал, эртак ва бадиий адабиётимиз намуналарида ҳам моббингни учратамиз. Масалан, мақолда:

 

Бўлинганни бўри ер,

Айрилганни – айиқ.

 

Эртакдаги моббинг тасвирига энг оддий мисол тариқасида “Зумрад ва Қиммат”ни олайлик. Бош қаҳрамон – Зумрад – ўгай онаси ва опаси томонидан моббингга учрайди. Эртакда моббинг белгиларининг деярли барчаси бор. Сабаби сифатида эса “ижтимоий чекланганлик”ни олишимиз мумкин.

 

Моббингнинг инсон руҳиятига таъсири

 

Моббингга учраган инсоннинг бирламчи фожеаси травма билан “сийланиши”дир. Моббинг қолдирган травмадан халос бўлиш катталарда осонроқ кечса-да, болалар учун ҳақиқий жароҳатга айланади. Бу травма ўзи билан айбдорлик ҳиссини, айбдорлик ҳисси эса қўрқоқлик ҳиссини етаклаб келади. Ва яна руҳий ҳамда уйқи бузилиши – бунинг натижасида тажовузкорлик, тушкунлик ҳисси; молиявий танглик – бунинг натижасида жиноятга мойиллик; одамовилик, нафрат, ўч олиш истаги ва ўз жонига қасд қилишга мойиллик ҳисларини келтириб чиқариши мумкин.

 

 

Жамиятда юз бериб турувчи жиноятлар, қотилликлар, ажиримлар сонининг ўсиб боришининг асл сабаби ҳам моббинг эмасмикан аслида? Моббинг қамрови жамоалар қамровига нисбатан кенгайиб борар. Балки миллатлар ўртасидаги тўқнашув ва Жаҳон урушларининг туб сабаби моббингга бориб тақалар?!

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.