Россия Давлат Думасига ноқонуний мигрантлар учун тақиқлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш тавсия этилган

Улашиш:

Россия Давлат Думаси қўмиталари Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилган ноқонуний мигрантларни чиқариб юбориш қоидалари ва чекловлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашган. Агар у қабул қилинса, уларга транспортни бошқариш, мол-мулк сотиб олиш ва никоҳ тузиш тақиқланади.  

Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси, шунингдек Хавфсизлик қўмитаси парламент палатасига Ички ишлар органларининг чет элликларни Россиядан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишни тавсия қилган. Ҳужжатни биринчи ўқиш жорий ойга режалаштирилган.

Эслатиб ўтамизки, қонун лойиҳаси ноқонуний равишда чет эл фуқароларини чиқариб юборишнинг янги режимини жорий этишни таклиф қилмоқда. Бундай шахсларнинг рўйхатга киритилиши мамлакатда вақтинча яшаш муддати ёки миграция ҳужжатлари тугаши, вақтинча яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома бекор қилиниши, шунингдек ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ушбу режим остига тушган чет элликларга бир қатор ҳаракатлар қилиш тақиқланади. Хусусан, транспортни бошқариш, мол-мулк сотиб олиш ва никоҳ тузиш мумкин бўлмайди.

Шунингдек, қонун лойиҳаси чет элликларнинг Россияда қонуний вақтинча (визасиз) бўлиш муддатини 180 кундан 90 кунгача чеклашни таклиф қилади.

Шу билан бирга, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳозирда қонунбузарларни судсиз чиқариб юбориш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йили Россия Ички ишлар вазирлиги ноқонуний мигрантлар учун чекловлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси таклиф қилган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.