Яқинда Жиззах вилоят солиқ бошқармасининг етакчи мутахассислари иштирокида Шароф Рашидов туманида жойлашган “Бокар текстил” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, корхона ходимларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар борасида учрашув бўлиб ўтди.
Солиқ ходимлари корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан ва уларга яратилган шарт-шароитлар юзасидан суҳбат ўтказди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 январида қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан тарғибот тадбири ӯтказилди.
“Бокар текстил” корхонаси эркаклар учун кийим-кечаклар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. Корхонада 36 нафар хотин-қизлар бўлиб, 26 нафари қонуний фаолият олиб бораётганлиги маълум бўлди.
Солиқ ходимлари томонидан олиб борилган тарғибот ишлари натижасида шу куннинг ўзида 10 нафар хотин-қизлар фаолияти корхона томонидан легаллаштирилди.
Корхона бош ҳисобчиси Зафар Пўлатовнинг айтишича заводда бир ойда 50 миллион сўмдан ортиқ кийим-кечаклар тайёрланиб, маҳсулотлар тўлиқ маҳаллий бозорга етказилаётганлигини маълум қилди.
Мазкур корхона Қўшкўприк МФЙ ҳудудида қиймати 2 миллиард 800 миллион сўмлик янги лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилмоқда.Лойиҳа ишга тушиши натижасида 1-босқичда 200 та, 2-босқичда 500 та янги иш ўринлари яратилади. 2025 йил сўнгига қадар жами 800 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати