Элдор Шомуродов ва Остон Ўруновнинг терма жамоада ўзини кўрсата олмаганини кўпчилик таъкидлади. Чиндан ҳам улар термамизнинг асосий лидери бўлиб, жамоани тортиши керак эди. Бироқ бундай бўлмади. Сабаблар ҳақида гапирадиган бўлсак, буни иккита терма жамоанинг ўйин услубидаги фарқ билан солиштиришимиз мумкин:
Мисол учун, Темур Кападзе жамоаси кўпроқ тўп назоратини ўз қўлига оладиган, майдон марказида креативга урғу бериб, рақиб мудофаасини позицион ҳужумлар орқали ёриб киришга ўрганган жамоа ҳисобланади. Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов эса соло юришлари билан, бўш зоналарга очилиши билан ажралиб туради. Уларнинг устунлиги айнан тезлик ва бўш зоналар.
Бутун бошли механизмга айланиб улгурган жамоа турнир давомида ўз услубидан чекиниб, Элдор ва Остонни тўп билан таъминлашга қилган ҳаракатлари, мана шу футболчиларнинг ўзи ҳам ўша жамоага мослашишга ҳаракат қилмасдан, ўзининг устун томонларидан фойдаланишда қолганларни "қурол"га айлантиргани терманинг ўйинида бузилишларга олиб келди. Ҳужум инструментлари ва креативлар деярли ишламади.
Бу ерда ассимиляция жараёни содир бўлиши керак эди. Яъни позицион футбол ҳамда тезкорлик бир-бирига бирикиши керак эди. Бироқ амалда диссимиляция жараёни содир бўлди. Яъни бир-бирига ўхшамайдиган икки хил қутб бир майдонда бўлиб қолди. Бу вазиятда Элдор ва Остоннинг ҳам ўйини чиқмайди ва Олимпия терма жамоамизнинг ўйланган стратегиялари ҳам иш бермайди.
Дейлик, Ламин Ямал ва Нико Уильямс ўта тезкор. Шу билан биргаликда улар техник томонлама ҳам анчагина мақтовга сазовор. Уларнинг тезкорлиги маълум эпизодларда, соло юришларда иш беради. Техник имкониятлари (яхши узатмалар бера олиши, бирга-бир ҳолатда рақибни алдаб ўтиши) ва жамаовий ўйиннинг ҳам ҳадисини олганлиги уларни Испания терма жамоасида яққол порлашига сабаб бўлди ва улар ўз "skill"лари билан "Қизил Фурия" ўйинини бузиб қўймади. Бироқ мана шу таркибда фақат югурадиган, асосан тезкор қарши ҳужумларда ёки 4-5 та пас билан уюштириладиган таваккал ҳужумларда маҳорати қўл келадиган Коло-Муани ёки Баркола бўлганида, балки Испания бу қадар ёрқин ўйнай олмаган бўларди.
Катанец жамоасида 5 ҳимоячи, иккита таянч ва 3 та ҳужумкор футболчи ҳаракат қилади. Таянчдаги иккита футболчи ҳам одатда креативга жавоб бермайди. Асосан марказда балансни ушлайди, рақиб ҳужумларини тўхтатади ва уларга олдинга ўтишга рухсат кам. Мана шундай ҳолатда Элдор ва Остон тезлиги орқали қарши ҳужумларга тез қочади, прессинг орқали рақиб ҳимоячиларини шошириб қўяди, курашувчанлиги билан тўпни ютиб кетиб, ҳужумда хавф туғдиради.
Кападзе жамаоси тотал футбол ўйнайди. 4 та ҳимоячи, битта таянч ва битта соф ярим ҳимоячи, шунингдек, таркибда тоза ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳам бор (Жасур Жалолиддинов). Уни Испаниядаги Ольмо ёки Педрига қиёсласак бўлади. Ўзбекистон ОТЖнинг услуби учрашувни сокинлаштириб, эҳтиёткорликка урғу бериб, маълум эпизодларни пойлаш ва ўша эпизодларда таркибдаги "тулпор"ларга ишониш эмас. Улар футбол ўйнаганида хавфлироқ.
Биз Еврода кўрган Франция ҳужумдагиларнинг тезлигига таяниб ўйнади, ҳужум инструментлари ишламади ва бор маъсулият уларнинг ҳужумдаги маҳоратига топшириб қўйилди. Бунинг эвазига ярим ҳимоя ва ҳимоя "бетонланди". Рисксиз футбол. Яхши услуб.
"Париж-2024"да нима содир бўлди? Биз шунчаки, "Коло-Муани" ва "Баркола"ни "Испания терма жамоаси"да кўрдик. Афсуски, танловлар икки томон учун ҳам зарарли бўлди. Фойдали бўлишини ҳаммамиз кутгандик. Шундай бўлиши ҳам мумкин ҳам эди, чамамда.
Алиқуловнинг таъсири эса билинар-билинмас, яъни мана шу позицияда ҳаракат қилиб, ўйин динамикасига катта таъсир кўрсатмайди.