«Уни иккинчи Оҳунжон Мадалиев дейишади» - Хонанда Раҳматилло Юсупов (видео)

Улашиш:

«Кетгим келмаяпти онажон», «Келинчак» каби қўшиқларни кўпчилик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Оҳунжон Мадалиев томонидан куйланган деб ўйлашади.

Бу қўшиқларнинг асл муаллифи, Оҳунжон Мадалиевнинг шогирди Раҳматилло Юсупов ҳисобланади. Хонанда Раҳматилло Юсупов ижод йўли, имижи, қўшиқлари Оҳунжон Мадалиевга жуда ҳам ўхшагани сабабли мухлислари уни «иккинчи Оҳунжон Мадалиев» деб эътироф этишади.

Хонанда Раҳматилло Юсупов «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида санъат оламига кириб келиши ва Оҳунжон Мадалиевга қандай қилиб шогирд бўлгани ҳақида гапириб берди.

- "Биз раҳматли Оҳунжон Мадалиев билан бир қишлоқданмиз. Қишлоғимиздаги бир тўйда Оҳун акам хизматда бўлганларида дадам раҳматли Оҳун акамнинг ёнларига мени олиб бориб «ўғлим сизнинг қўшиқларингизни айтиб тили чиқди, энди буни шогирдликка оласиз», деганлар. Ёшимиз каттароқ бўлганидан сўнг Оҳунжон Мадалиевнинг уйларига олиб боришган. Уйларига бориб келиб юрганмиз.


Уларнинг тўйлари жуда ҳам кўп бўлгани учун кўпинча хизматларда бўлардилар. Шогирдлар уларнинг тўйларда юриш, туришларидан кўп нарса ўрганганмиз. Оҳун акамнинг водийдаги хизматларига бирга борганмиз. У вақтларда қўшиқлар бошқача бўлганми ёки эшитувчилар бошқачароқ бўлганми. Билмадим. Бугунги кунда тўйларда хориж мусиқалари, ўйин-кулги кўп бўлади. Авваллари оғир, босиқ қўшиқларни кўп эшитишарди. Ҳозир эса…", - дейди хонанда Раҳматилло Юсупов.

Хонанда Раҳматилла Юсупов «Кетгим келмаяпти онажон» ва Келинчак қўшиқларининг яралиши тарихи ҳақида гапирди.

- "Бундан йигирма йиллар аввал Фарғонада бир тадбирда журналист акамиз «Кетгим келмаяпти онажон» қўшиғини айтди. Шеърни айтиб бўлгач бу шеърни дўстимиз Оҳунжон қўшиқ қилмоқчи эдилар, насиб қилмаган экан, шеърни уларнинг шогирдига берамиз, дедилар. Шеърни олиб, уйга бориб уни куйга солиб, мухлисларимизга тақдим этдим. Ижодкор одам сўзга қараб, унга характер бера олиши керак. Сўз дардли сўз бўлгани учун унинг мусиқаси ҳам, йўналиши ҳам мунгли бўлган.

2003—2004 йилларда халқимизнинг севимли шоири, акамиз Иқбол Мирзонинг китобини варақлаб «Келинчак» шеърини кўриб қолганман. Акамизнинг жуда кўп шеърларини қўшиқ қилганмиз, лекин бу шеърга ҳам алоҳида меҳрим тушиб қолди. Ўша вақтларда бунга ўхшаган босиқ қўшиқларим жуда ҳам кўп бўлгани учун, буни архивимга олиб қўйгандим. 2008 йилга келиб қўшиқни мухлисларга тақдим қилганмиз", - дейди Раҳматилло Юсупов.

Маълумот учун, «Кетгим келмаяпти онажон» қўшиғининг сўзи шоир ва журналист Карим Баҳриевга тегишли.

Хонанда Раҳматилло Юсупов 1981 йил, 15 сентябрь куни, Фарғона вилоятида дунёга келган. 100 дан ортиқ муаллифлик қўшиқлари бор. Оилали, икки фарзанднинг отаси.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.