Хонанда Жаноб Расул оиласи ва отаси ҳақидаги армонлари ҳақида гапириб берди

Улашиш:

«Дарё» нашрининг YouTube’даги каналида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Жаноб Расул билан суҳбат уюштирилди. Хонанда нима учун оиласи ҳақида гапиришни истамаслиги ва отасининг вафотидан кейин англаб етган ҳақиқати ҳақида гапирди.

— Оилани оммага кўрсатишнинг нима кераги бор? Аслида аёли ва фарзандларини оммага кўрсатиш мумкин эмас. Шукрки, икки ўғил ва икки қиз фарзандим бор. Баъзан улар Instagram’даги жонли эфирларда кўриниб қолишади, аммо атайин уларни оммага кўрсатмайман.

Ўғилларим яхши инсон бўлиб улғайишларини ва оталари сингари санъаткор бўлишларини орзу қиламан. Шунинг учун ҳам ҳозирча уларнинг юзини оммага танитмай юрибман. Улғайгач, яхши қўшиқ ижро этиб халққа кўрингани бошқача. Кичкиналигидан қўшиқ айтиб чиқса, улғайганда ҳам одамларнинг тасаввурида кичкина болача бўлиб қолиб кетади. Шунинг учун ҳам ҳозир ўғилларимга қўшиқ ҳам айттирмайман, болалик гаштини сурсин, деяпман. 7-8 ёшидан кейин ижодни ўрганишни бошлайди.

Кўпчилик фарзандларини олиб келиб, шогирдликка олиб, клип чиқариб беринг, деб сўрашади. Ҳозир клип олиб, телевидениега ҳам чиқардингиз дейлик, аммо 17 ёшга тўлганида нима қиласиз, дейман. Чунки у бола энди халқ учун қизиқ бўлмай қолади, аввал кўрганман-ку, эшитганман-ку, дейишади.

Агар ўғилларим кун келиб санъаткор бўламан деб жиддий аҳд қилса, албатта, ёрдам бераман. Аслида ҳозир ҳам имконият бор. Концертимда дуэт айтиб чиқса ҳам бўлади. Чунки тўнғич ўғлимнинг чиройли овози бор. Аммо унинг ижодини ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Болага барибир боладек муносабатда бўлишади, — дейди хонанда Жаноб Расул.

Хонанда отаси ҳақида берилган саволга қуйидагича жавоб берди.

— Қандай фарзанд бўлолганим ҳақида бирор нарса деёлмайман, аммо ҳеч қачон отамнинг кўзига тик қарамаганим аниқ. Менимча, энг муҳими ҳам ана шу. Икки йил аввал қандли диабет сабаб отам вафот этди. Унинг ўлимидан кейин ҳамма нарса отам билан қизиқ эканлигини тушуняпман. Уй қуришим ҳам отамнинг тавсияси билан қизиқ эди. Ҳозир ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ. Афсуски, бу нарсаларни уларни йўқотгандан кейин кўпроқ ҳис қилар экансиз.

Оила борасида ҳеч қандай армоним йўқ. Чунки менда бир инсонда бўлиши керак бўлган ҳамма оилавий бахт бор. Фақат отамдан эрта айрилганим кўнглимни тирнайди. Онам, фарзандларим ва аёлим билан бутун дунёни кезиб чиқишни орзу қиламан. Хизматлар сабаб ҳеч бунга вақт ажратолмаяпман, — дейди хонанда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.