Хонзода машҳур бўлгунича нима иш қилгани ҳамда инстаблогерлар одамларни қандай алдаши ҳақида гапирди

Улашиш:

«Дарё» нашрининг YouTube’даги каналида актриса ва блогер Хонзода Қамбарова билан интервью уюштирилди. Instagram тармоғида 1,5 миллион обуначига эга блогер оилавий шароити сабаб болаликдан пул топишга мажбур бўлгани ва тўйлардан «тўйгани» ҳақида сўзлаб берди.

— Онам санъатга қизиққан бўлса-да, дадам бу соҳани танлашимни истамаган. Ҳатто мактабни битиришим арафасида «Санъат коллежига ҳужжат топширсанг, оёғингни синдираман. Бир умр уйда ўтирасан», деб огоҳлантирган. Мактаб шаҳодатномасини олгач, онамга қўнғироқ қилиб, «Қайси коллежга ҳужжат топширай?», деб сўраганман. «Билмадим, кўнглинг нима деса, шуни қил», деб гўшакни қўйган. Онамнинг бу гапи куч бағишлаб, Тошкент маданият коллежига ҳужжат топширганман. Рости, кириш имтиҳонларига умуман тайёргарлик кўрмаганман.

Шунинг учунми, менинг ўқишга киришимга ҳеч ким ишонмаган. Имтиҳонга киришдан аввал интернет орқали монолог нима эканлигини ўқиб олганман. Ижодий имтиҳондан юқори балл олиб, драма актёрлиги бўлимига ўқишга қабул қилинганимда ҳамма шок ҳолатига тушган. Аммо бу бўлимда ўқиш насиб этмади. Боиси драма актёрлиги бўлимидаги машғулотлар шомга қадар давом этар экан. Афсуски, оилавий шароит сабаб узоқ вақт ўқишда қололмасдим. Чунки дадамнинг ишлари юришмай қолгач, ҳаммамиз ишлашга мажбур бўлганмиз. Онам «Абу-сахий» бозоридаги сотувчиларга дўконма-дўкон юриб косметика сотарди. Акам ўқишдан кейин ярим кечга қадар чойхонада ишларди.

Мен эса овқатларни қилиш ва онамга ёрдамлашишга масъул эдим. Онам билан оғир халталарни кўтариб, ҳар бир дўконга кириб «Косметика олинглар, насияга ҳам берамиз», деб чиқардик. Хуллас, кечгача ўқиш менга тўғри келмасди. Шунда кимдир анъанавий хонандалик бўлимида ўқишни тавсия қилган. Чунки уларда дарс тушдан кейин тугар экан. Ана шу жиҳати маъқул бўлгани учун драма актёрлиги бўлимида ўқишдан воз кечганман. Аммо у пайтда мақом қўшиқлар бўйича ўқишим хаёлимга ҳам келмаганди
, — дейди актриса ва блогер Хонзода Қамбарова.


Хонзода тўйларга чиқиб пул топишга мажбур бўлгани ва баъзи пайтлари бундан афсусланиши ҳақида айтиб ўтди.

— Коллежнинг биринчи курсида ўқиётганимизда устозларимиз тўйга олиб чиқишган. Адашмасам, ўшанда 50 минг сўм пул беришганди. Мана шундан кейин тўйларга чиқиб, бек-вокал хонандаси сифатида ишлаб, пул топишим мумкинлигини тушунганман. Ижарага кўйлак олиб, тўйларга чиқишга қарор қилганман. Чунки ўша пайтда онам кун бўйи ишлаб 50 минг, акам 30 минг топса, мен битта тўйдан 150 минг сўм ҳақ олардим. Рўзғоримиз яхшиланаётганидан оила аъзоларим ҳам қувонишган. Аммо мен баъзида бундан афсусланаман. Чунки ўқувчилик йилларимнинг энг ширин пайтлари тўйдан тўйга югуриш билан ўтган. Аммо тўйнинг ҳам яхши томонлари бор. Жуда кўплаб машҳур санъаткорлар ҳам тўй хизматлари сабоғини олиб, машҳурлик чўққисига етишган, — дейди Хонзода Қамбарова.

Бундан ташқари, Хонзода кейинги пайтларда уй ва қимматбаҳо машина олгани ҳақидаги хабарларни омма билан бўлишаётган блогер ва вайнерларга ўз муносабатини билдирди.

— Кўпчилиги уйни реклама қилиш учун «олдим» деб видео қўйишади. Аслида эса бу шунчаки реклама видеоси. Қурилаётган уй 2-3 йилда битгунича одамларнинг эсидан чиқиб кетади ёки сотиб юбордим дейишади, — дейди у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.