Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш натижасида жорий йил биринчи ярим йиллигида 2 млрд метр кубдан зиёд сув тежалган

Улашиш:

Сенатда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳанинг бошқариш механизмларини ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси юзасидан ахборот тингланган.

Ахборот Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев томонидан ўқиб эшиттирилган.

Унинг таъкидлашича, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 11 446 та сув хўжалиги объектида “Ақлли сув”, 6 953 тасида “Дайвер” ҳамда 1709 та насос станциясида “онлайн” назорат қилиш қурилмалари ўрнатилган. Шунингдек, 67 та йирик сув хўжалиги объекти тўлиқ автоматлаштирилган.

Рақамли технологияларни қўллаш, 400 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш натижасида жорий йил биринчи ярим йиллигида 2 млрд метр кубдан зиёд сув тежалган.

Республика бўйича кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 10 540 км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилган, шунингдек, 34 885 км канал, ариқ ва лотоклар тозаланган.

Соҳада “suvkredit.uz” платформаси жорий қилиниб, жами 134,3 минг гектар майдонда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулда суғоришни жорий қилиш учун 2 трлн сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Айдар-Арнасой кўллар тизимига “Чордара” сув омборидан 871 млн метр куб ҳамда бошқа манбалардан 300 млн метр куб чучук сув ташланиши натижасида унинг экологик ҳолати барқарорлашмоқда.

Айтилишича, қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартириш, ирригация тизимларидаги носозликларни бартараф этиш, умумий сув йўқотишларини камайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, жамоатчиликка “сув текин эмас” ғоясини сингдириш ишларига эътибор қаратиш лозим.

Эслатиб ўтамизки, Сенаторлар Халқаро меҳнат ташкилотининг Тўлиқсиз иш вақти шароитларида ишлаш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш ҳақидаги Қонунни маъқуллашган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.