Кетказган вақтингизга ачинмайсиз: Анжелина Жоли иштирокидаги энг яхши биографик фильмлар

Улашиш:

Режиссёр Пабло Ларраиннинг “Мария” фильми 2024 йилнинг асосий премьераларидан бири бўлди. Фильмда бош ролда Анжелина Жоли 20-асрнинг энг буюк опера хонандаларидан бири Мария Каллас образини гавдалантирди. Ундаги воқеалар 1970 йилларда Парижда, Каллас карьерасининг сўнгги йилларида бўлиб ўтади. Фильм ҳақида кино танқидчилар ва мухлислар ҳам ижобий, ҳам салбий фикрлар билдирди. Биз сизни ушбу муҳокамага қўшилишга таклиф қиламиз ва Анжелина Жоли иштирокидаги энг сара биографик фильмларни ёдга оламиз.

“Жиа” (1998)


Фото: Дзен

1970 йилларнинг энг машҳур мода олами намоёндаси ҳақидаги фильм Анжелина Жоли фильмографиясидаги биринчи йирик муваффақиятли лойиҳага айланди. Фильм моделнинг шахсий кундалигига асосланган бўлиб, унинг қисқа, аммо ёрқин умри ҳақида ҳикоя қилинади. Жиа исмли қаҳрамон ҳаёти ҳақиқатан ҳам ғалати ва баъзида даҳшатли воқеаларга тўла эди: ёшлигида отаси учун идиш ювувчи бўлиб ишлаган қиз бир зумда дунёга машҳур супермоделга айланади.

У йирик мода уйлари — Аrmani, Dior, Versace ва Yves Saint Laurent каби энг яхши брендлар билан ҳамкорлик қилади. Бироқ гўзаллик ва бойлик Жиага бахт олиб келмайди: модел шахсий ҳаётида жуда ёлғиз ва бахтсиз бўлади.

Фото: Дзен

Жоли узоқ вақт давомида ролдан воз кечганини тан олди, чунки унинг қаҳрамон билан кўп умумий жиҳатлар бўлган — актрисанинг ўзи ҳам бир вақтлар гиёҳванд моддалар истеъмолидан кейин касал бўлган. Шунга қарамай, Жиа образи америкалик актрисанинг барча истеъдодини очиб берди ва Анжелина жиддий драматик актриса сифатида машҳур бўлди. Мазкур рол унга “Олтин глобус” олиб келди.

“Алмаштирилган бола” (2008)

Фото: Тhe VoiceMag

61-Канн кинофестивалида премьераси бўлиб ўтган Клинт Исвуд режиссёрлигидаги триллерда Жоли тўққиз ёшар Уолтер исмли ўғлини йўқотиб қўйган Кристин Коллинз образини ижро этди.

Фильмдаги воқеалар 1920 йилларнинг охирида Лос-Анжелесда бўлиб ўтади ва ўғирлаб кетилганидан кейин полиция томонидан онага қайтарилган бола унинг ўғли эмаслигини англаб этган аёлнинг ҳикоясига асосланади. Она фарзандини қидиришни қайта бошлашдан умидвор бўлиб, журналистларга мурожаат қилади, аммо бу ҳукуматга ёқмайди ва уни ақлдан озган деб эълон қилинади. Шу пайтдан бошлаб Коллинзнинг шафқатсиз тизим билан курашуви бошланади, чунки АҚШ даги полиция тизими ўз ишининг самарадорлигига шубҳа қиладиганларга тоқат қилмас эди.

Фото: Тhe VoiceMag

Режиссёр Иствуднинг айтишича, Жоли она бўлгани ва ўша давр қаҳрамони учун ташқи жиҳатдан жуда мос эканлиги учун айнан шу актрисани танлаган. Фильмни суратга олиш пайтида Анжелина кўп фарзандли она эди. Унинг уч нафар асраб олинган ва битта биологик фарзанди — қизи Шайло бор эди. Фильм премьераси бўлиб ўтган йилда Жоли яна бир бора она бўлди ва эгизаклари — Нокс ва Вивенни дунёга келтирди. Бу рол Жолига “Оскар”га номзоди қўйилишига сабаб бўлди.

“Мария” (2024)

Фото: Тhe VoiceMag

Биографик фильмлар суратга олиш бўйича ўз ишининг устаси Пабло Ларраин экранга яна бир аёл ҳақидаги ҳикоясини олиб чиқди. Бу сафар режиссёр ХХ асрнинг энг буюк опера хонандаларидан бири Мария Калласнинг Парижда ўтган сўнгги йилларини кадрга муҳрлади.

Фото: Тhe VoiceMag

Танқидчилар фильмни аъло даражада баҳоламаган бўлса-да, Венеция кинофестивалидаги премьерада томошабинлар фильмни саккиз дақиқалик олқишлар билан кутиб олган ва Анжелина Жоли кўз ёшларини яшира олмаган.

“Фикримча, Каллас ҳеч кимга озор бермайдиган, меҳнаткаш ва оқила аёл бўлган”, — дейди Жоли ўзининг қаҳрамони ҳақида.

Фильмда Каллас овозидан фонограмма орқали фойдаланган, аммо бир нечта саҳналарда Жолининг ўзи ҳам опера куйлаган. Бунинг учун актриса етти ой давомида опера қўшиқчилиги бўйича таҳсил олди, вокал техникаси, италян тили, суратга олишда қадни қандай тутиш ва нафас олиш қоидаларини ўрганди.

Фото: Тhe VoiceMag

Актриса  биринчи марта қўшиқ куйлаганида жуда асабийлашган, шунинг учун репетиция пайтида хонага ҳеч ким кира олмаслиги учун актрисанинг ўғиллари хона эшикларини қулфлаб қўйишган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.