Ўзингизга ишонинг: ногиронлар аравачасидаги қизнинг муваффақият ҳақида айтганлари

Улашиш:

Умида Маҳмудова оғир ташхис ва енгиб бўлмасдек туюлган ҳолатга қарамай, қўрқувни енгиб чиққан саноқли инсонлардан биридир. Бу нозик ёш қиз, ижтимоий стереотиплардан фарқли ўлароқ, ногиронлар аравачасида ҳам муваффақият қозониш мумкинлигини исботлади. Муваффақият йўлидаги машаққатли ҳикоясини тинглаш мақсадида у билан учрашдик.

Умида бир ёшга тўлганда барча тенгдошлари қатори илк қадамлар ташлай бошлади. Аммо бир лаҳзада унинг ҳаёти ўзгарди. Уйи ҳовлисида содир бўлган бахтсиз ҳодиса уни оёқсиз қолдирди.

– Кичиклигимда аҳволимни тушунмасдим, дейди Умида. - Кейинроқ барчаси ойдинлаша борди. Мен барча болалар сингари оддий мактабда ўқиганман. Онам мени у ерга ногиронлар аравачасида олиб борар эди. Ота-онам мени бегоналардан яширишга уринмаган. Ҳозир тушунаманки, агар ўшанда ота-онам жон-жаҳти билан киришмаганида ҳозир менга жуда қийин бўлар эди.

Умида руҳий тушкунликка тушмаган ва фаол ҳаёт тарзини олиб боришга интилаётган кам сонли қизлардан биридир. Унинг ҳаёти мазмунга бой, бутун оила фахрланадиган кўплаб мукофотлари бор. Бўш вақтларида қиз милтиқдан ўқ узиш ва ҳунармандчилик – тўқиш билан шуғулланади. Унинг миллий услубдаги ажиб қўғирчоқлари дўконларда сотилади.

– Тажриба қилишдан қўрқманг, ўз мавзуингизни қидиринг, - деб таъкидлайди қиз. - Ногиронлар аравачасидаги айрим танишларим ҳеч қандай тўгаракларга қатнашмайди, янги нарсаларни ўрганишга интилмайди, университетга киришни орзу қилмайди ва натижада ўзини нуқсонли деб ҳисоблайди. Аксинча, асло таслим бўлмаслик ва қийинчиликларга қарамай, мақсадга интилиш керак.

Бағрикенг одамларнинг тор имкониятлари

Албатта, ногиронлар қонуний равишда таълим олиши, яхши иш топиши ва мартабага эришиш имконини берадиган тўлиқ ҳуқуқ ва имтиёзларга эга. Аммо аслида кўпинча бу йўл жуда сермашаққатли.

Умида мактабни тугатгач, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетига ўқишга кирди ва ҳозир у ерда 2-курс талабаси.

- Мен бу университетни нафақат чизишни яхши кўрганим ёки интерьер дизайнига қизиққаним учун, балки уйимизга яқинлиги учун танладим. Чунки барча автобус линияларида пандуслар йўқлиги сабабли жамоат транспортида саёҳат қила олмайман. Университетга ногиронлар аравачасида бораман.

Умида университетга кетаётиб, йўлда дуч келадиган қийинчиликлари ҳақида гапириб берди.

– Мен уйда ҳам, кўчада ҳам мустақил бўлишга ҳаракат қиламан, чунки ота-она абадий эмас. Ҳар куни ногиронлар аравачасида шаҳар бўйлаб ҳаракатланар эканман, йўлда тўсиқларга дуч келаман, яъни бошқалар ёрдамисиз ўтиб бўлмайдиган йўлаклар, бордюр ва қияликлар йўқлиги. Яхшиям, одамлар менга ёрдам беришдан бош тортмайди.

Умида Махмудова университетнинг энг яхши талабаларидан бири бўлиб, келажакда дизайнер бўлишни орзу қилади.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети проректори Шерзод Узоқовнинг сўзларига кўра, университетда ногиронлар аравачасида таҳсил олаётган яна саккиз нафар талаба бўлиб, улар учун тўсиқсиз ҳаракатланиши учун синфхоналарда барча шароит яратилган.

Аслида, бу сўзлар ҳақиқатга тўғри келмади.

Университетда махсус санузел йўқ, шунинг учун ногирон талабалар ноқулайликни бошдан кечирадим. Бу муаммо бошқа университетларда ҳам мавжуд. Афтидан, архитекторлар бинони лойиҳалашда университетда ҳаракати чекланганлар ҳам ўқишини назарда тутмаган. Мисол учун, стандартдан кенгроқ бўлиши керак бўлган эшикларга ногиронлар аравачаси деярли сиғмайди.

– Бугунги кунда кундалик ҳаётимга асосан бир нарса – биз, ногиронлар ҳар куни дуч келадиган ана шундай тўсиқлар муҳити соя молмоқда”, — дея суҳбатни давом эттиради қаҳрамонимиз. – Мен ҳукуматимиз бу борада тегишли чоралар кўриши ва аравачадаги одам шаҳарда ўзини эркин ҳис қилиши учун шароит яратишини кутиб яшайман.

Умида Маҳмудованинг ҳикояси ўзини жамиятдан четда, бефойда, деб ҳисоблайдиган юзлаб инсонлар учун ёрқин мисол бўла олади. Қолаверса нуқсон ва касаллик ҳақида унутиб, орзуларни рўёбга чиқаришни бошлашлаш ҳеч қачон кеч эмас.

Маълумот учун:

Самарқанд вилоятида 95 мингдан ортиқ жисмоний имконияти чекланган фуқаро бор, уларнинг 20 мингга яқини 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлардир.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.