Ижтимоий тармоқларда тез ёрдам машинаси беморни қўқонлик табибга олиб боргани акс этган видео тарқалди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг хабар беришича, видеода кўрсатилган транспорт воситаси давлат шошилинч тиббий ёрдам хизматига эмас, балки Тошкентдаги хусусий клиникага тегишлидир. Автомобилнинг орқа эшигида кўрсатилган телефон рақами 103 хизматига алоқаси йўқ.
Марказ хабарида айтилишича, Фарғона вилоятида фаолият юритаётган барча тез ёрдам машиналарида 103 хизматига мансублигини тасдиқловчи расмий логотиплар мавжуд.
Видеодан олинган кадрларга кўра, бемор таниқли табиб Иқболжон Солиевга олиб борилган. Шу йилнинг февраль ойида Бош прокуратура унинг фаолиятини тергов давомида тўхтатган эди, аммо март ойида у даволашга қайтган. Шунингдек, у ёш беморнинг мия шишини даволашда ёрдам бергани ҳақида ёзган эдик.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда рухсат этилмаган даволаш усулларидан фойдаланганлик ва уларни тарғиб қилганлик учун жарима ёки ҳатто қамоқ жазоси ҳам тайинланиши мумкин.