Бугун тунда узоқ музокаралардан сўнг Абхазия президенти Аслан Бжания истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берган. Шунингдек, республика Бош вазири Александр Анкваб ҳам ўз лавозимини тарк этади.
Президент ва мухолифат вакилларининг Абхазиядаги сиёсий инқирозни ҳал қилиш бўйича музокаралари етти соатдан кўпроқ давом этган. Натижада Бжания "мамлакатда барқарорлик ва конституциявий тартибни сақлаш мақсадида" давлат раҳбари лавозимини тарк этиши ҳақида ариза ёзган.
Ҳукумат ва мухолифат вакиллари имзолаган шартномада жума кунидан бошлаб ҳукумат бинолари мажмуаси ҳудудида ва ичида бўлган фуқаролар тарқалиши кераклиги кўрсатилган. Акс ҳолда, Аслан Бжания истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини қайтиб олади.
Президент вазифасини вице-президент Бадри Гунба бажариб туради.
Александр Анкваб Бош вазир лавозимидан озод этилади. Ушбу лавозимга, ҳужжатга кўра, Валерий Бганба тайинланади. Амалдаги вазирлар республиканинг янги сайланган президенти лавозимига киргунга қадар ўз вазифаларини бажарадилар.
Музокаралар натижалари эълон қилинганидан сўнг, намойишчилар ва мухолифат вакиллари Сухумдаги ҳукумат биноларини тарк этишни бошлашган. Улар истеъфога чиқиш ҳақидаги янгиликни мусиқа ва рақс билан кутиб олишган.
Эслатиб ўтамизки, Абхазиядаги норозилик намойишлари 11 ноябрь куни Россия билан инвестиция шартномасига қарши бўлган бир нечта мухолифатчилар ҳибсга олинганидан кейин бошланган.
15 ноябрда парламент ушбу битимни ратификация қилиши керак эди. Бироқ, ҳужжатга қарши бўлганлар маъмурий бинолар мажмуаси яқинида митинг ташкил этишган. Намойишчилар Россия билан муносабатларга қарши эмасликларини, балки Россия олигархларининг ҳаракатларидан ва президентнинг битимдан "ўз манфаати учун" фойдаланишидан қўрқишларини таъкидлашган. Мухолифат президентни "Ватанини сотишда" айблаб, истеъфога чиқишни талаб қила бошлаган.
Натижада парламент сессияси қолдирилган. Бироқ намойишчилар тарқалмаган, улар парламент биносига, Вазирлар Маҳкамасига, президент администрациясига кириб боришган. Намойишчилар 19 ноябрь куни эрталабгача, яъни мухолифат ва ҳокимият музокаралари тугагунига қадар шу бинолар ичида бўлишган.