Чув тушган элчи: НКВД ўқувчилар ёрдамида АҚШ элчихонасига эшитиш мосламасини қандай ўрнатган эди?

Улашиш:
1945 йил август ойида «Артек» пионерлар лагерида тадбир ўтказилади ва унда АҚШнинг СССРдаги элчиси ҳам қатнашади. Шунда бир гуруҳ совет ўқувчилари Ленд-лиз дастури бўйича берилган ҳарбий ёрдам учун Америка элчисига миннатдорчилик билдиришади ва унга совғалар беришади. Совғалардан бирига НКВД усталик билан эшитиш мосламасини ўрнатган эди. Ана шу совға ва унга ўрнатилган мослама америкаликлар сезиб қолгунча 7 йил элчининг хонасида туради.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач Европа давлатлари учун хавфсизлик масаласи биринчи ўринга чиқади. Бироқ Ҳитлер бошчилигидаги немислар қисқа муддатда Европанинг қарийб барча давлатларини босиб олади. Навбат СССРга келади.

1941 йил 22 июнда немислар СССРга ҳужум бошлайди ва бир неча ойда Москва остонасигача етиб келади. Советлар дарҳол давлат ташкилотларини Куйбишев (ҳозирги Самара) шаҳрига кўчиришади.

Москва метроси бомбапаноҳ учун ҳозирланади. Мамлакат раҳбари Сталин ерости бункерига тушиб олади. Сўнг барча ҳарбий захираларни пойтахтни ҳимоя қилишга ташлашади. Вазият жуда жиддий эди.

Ана шу пайтда советлар учун ёрдам бера оладиган битта давлат бор эди – Америка Қўшма Штатлари. Ўша пайтда Америка немисларга қарши урушаётган давлатларга ёрдам бериш учун Ленд-лиз дастурини қабул қилган ва Британия аллақачон океан ортидан ҳарбий ёрдам олаётган эди.

Советлар ҳарбий ёрдам сўраб АҚШга мурожаат қилишади. 1941 йил сентябрда Москвада СССР, АҚШ ва Британия вакиллари йиғилишади. Йиғилишда Ленд-лиз дастури доирасида СССРга ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинади.

Ўшанда АҚШ делегациясига Уилям Ҳарриман бошчилик қилади. Музокаралар муваффақиятли якунланади ва Ленд-лиз дастурига СССР ҳам қўшилади. Шундан сўнг советлар ҳам АҚШдан ҳарбий ёрдам ола бошлашади ва немисларнинг ҳужумлари муваффақиятли қайтарилади.

1945 йилда уруш тугагандан сўнг халқаро майдонда вазият кескинлашади. Немислардан озод қилинган давлатларни ўз таъсир доирасига олишда АҚШ ва СССР ўртасида рақобат келиб чиқади. Шу тариқа, кечагина бири иккинчисига ҳарбий ёрдам кўрсатган ҳамкор давлатлар бирданига рақибларга айланишади.

Ана шундай вазиятда НКВД (ўша пайтларда давлат хавфсизлик хизмати ҳам шу ташкилот таркибида бўлган) америкаликларга қарши кичик имкониятлардан ҳам фойдаланишга уринади. Натижада 1945 йил август ойида совет ўқувчилари ёрдамида АҚШнинг Москвадаги элчихонасига эшитиш мосламасини ўрнатишга муваффақ бўлади.

1941 йилда АҚШ президенти вакили сифатида Москвада СССРга ҳарбий ёрдам масалаларини муҳокама қилган Уилям Ҳарриман бу пайтда Американинг СССРдаги элчиси лавозимида ишларди.

Уилям Ҳарриман Британия бош вазири Уинстон Черчилл (чапдан биринчи), Сталин ва Вячеслав Молотов (ўнгдан биринчи) билан бирга.
www.alamy.com

Уилям Ҳарриман ҳақида

Сиёсий фаолиятини Республикачилар партиясида бошлаган Уилям Ҳарриман 1928 йилда Демократик партия сафига ўтади. Кўп ўтмай у АҚШ президенти Франклин Рузвелтга маслаҳатчи этиб тайинланади ва бу вазифада бир неча йил ишлайди.

1937-1939 йиллар оралиғида у АҚШ савдо вазирлигида муҳим вазифада фаолият кўрсатади. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, немислар Лондонга авиабомбалар ташлаётганда Британияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ташаббускорларидан бири бўлади.

1941 йил март ойида Ҳарриман Лондонга келади ва Ленд-лиз дастури доирасида Британияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилади.

Немислар СССРга ҳужум қилгач 1941 йил сентябр ойида Москвада АҚШ, Британия ва СССР вакиллари иштирокида Ленд-лиз дастури бўйича советларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокамага қилади.

Ўша йили Ҳарриман АҚШ президентининг Британия ва СССР бўйича махсус вакили лавозимига тайинланади. Унга Ленд-лиз дастури бўйича юборилаётган ҳарбий ёрдам масалаларини мувофиқлаштириш топшириғи берилганди.

1943 йилда Ҳарриман АҚШнинг СССРдаги элчиси лавозимига тайинланади. У бу вазифада 1946 йилгача ишлайди. Ҳарриман элчи вазифасида ишлар экан, НКВД уни чув туширади ва совет ўқувчилари ёрдамида Москвадаги АҚШ элчихонасига эшитиш мосламаси ўрнатишга муваффақ бўлади.

Лев Терман ва унинг ихтироси

1945 йилда уруш тугагандан сўнг дунёдаги геосиёсий вазият ўзгара бошлади. Урушгача хорижий давлатлардан фақат Мўғулистонга таъсир ўтказа олган СССР энди урушнинг ғолиби сифатида Шарқий Европа давлатларини ўз таъсир доирасига олишга уринарди.

Бунга эса АҚШ ва Британия рози эмасди. Буни АҚШ президенти Ҳарри Трумэн ва Британия бош вазири Уинстон Черчилл 1945 йил 17 июлдан 2 августгача давом этган Подстам конференциясида ҳам билдиришган эди.

Иккинчи томондан ана шу конференциягача СССР фойдасига ишловчи жосуслар АҚШ даҳшатли қурол (атом бомбаси) синовини муваффақиятли ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Шундан сўнг советлар АҚШдан атом бомба лойиҳасини ўғирлашга қатъий киришишади. Бир томондан АҚШдаги жосуслар ишга солинади. Иккинчи томондан Сталин нима қилиб бўлса ҳам Москвадаги АҚШ элчихонасига эшитиш мосламасини ўрнатиш вазифасини қўяди.

Ўша пайтда СССРда эшитиш мосламаларининг энг яхши ихтирочиси Лев Терман эди. Бироқ у 1930-йилларда маълум муддат АҚШда яшаб, ишлагани учун қатағон қилинган ва қамоқда ўтирарди.

НКВДдагилар Терманни у ўтирган қамоқхона лагеридан Москвага олиб келишади. НКВД раҳбари Лаврентий Берия унга узоқ муддат ишловчи эшитиш мосламасини ясаш топшириғини беради.

Терман антенна ёрдамида ишлайдиган мўъжаз эшитиш мосламасини ясаб беради. Мазкур эшитиш мосламаси ўша даврдаги энг зўрларидан бири эди.

АҚШ элчихонасига ўрнатилган эшитиш мосламасини ясаган Лев Терман. 1950-йиллар

www.liveinternet.ru

Элчихонага ўрнатилган эшитиш мосламаси

Эшитиш мосламаси тайёр бўлгач, уни элчихонага ўрнатиб чиқиш масаласи кўндаланг бўлади. Ўша пайтда АҚШ элчихонаси америкаликлар томонидан жуда қаттиқ қўриқланар, у ерга кириш осон эмасди.

НКВД аввалига ўт ўчириш хизматидан фойдаланмоқчи бўлади. Элчихона биносига туташ бинода ёнғин келтириб чиқаришади. Ёнғин элчихона биносига ҳам ўтади. Ўт ўчирувчилар кийимида бўлган НКВД ходими элчихонага кириб эшитиш мосламасини ўрнатиб чиқиши лозим эди.

Бироқ элчихона хавфсизлик хизмати совет ўт ўчирувчиларига бинога киришга рухсат бермайди. Америкаликлар оловни ўз кучлари билан ўчиришади.

НКВД АҚШ элчихонасига эшитиш мосламасини ўрнатиш чорасини тополмай турган вақтда элчи Ҳарриманнинг ўзи бу ишга кўмаклашиб юборади.

Гап шундаки, 1945 йил февраль ойида Ялтада АҚШ, Британия ва СССР раҳбари иштирокида конференция ўтказилади. Конференция давом этаётган пайтда советлар немислар томонидан вайрон қилинган «Артек» пионерлар лагерининг очилиш маросимини ўтказишни режалаштиришади.

Конференцияда қатнашаётган АҚШ президенти Франклин Рузвелт, Британия бош вазири Уинстон Черчилл ва Сталинни маросимга таклиф этишади.

Конференция давомида тиғиз кун тартибига эга бўлган раҳбарлар лагернинг очилиш маросимига бора олишмайди ва бу ишни ўз элчиларига топширишади.

Британия бош вазири Уинстон Черчилл, Сталин ва Ҳарриман
www.alamy.com

Кўп ўтмай кўплаб хорижий меҳмонлар ва турли давлат элчилари иштирокида лагернинг очилиш маросими ўтказилиши белгиланади. АҚШ элчиси тадбирга боришга рози бўлади.

Шунда НКВДдагилар АҚШ элчиси Уилям Ҳарриман ёғочдан ясалган турли буюмларни ёқтиришини ва йиғиб юришини эслаб қолишади.

Дарҳол ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланувчи устага АҚШ гербининг каттагина рамзини ясатишади. Сўнг эшитиш мосламасини унинг ичига усталик билан жойлаштиришади. Энди уни АҚШ элчисига совға қилиш қолганди.

Ўша пайтда ичига эшитиш мосламаси жойлаштирилган ёғоч гербни элчихонага совға ҳам қилишса бўларди. Бироқ бундай қилинса америкаликлар уни жиддий текшириб кўриши ва ичидаги мосламани топиб олиши мумкин эди.

Шу жойда НКВД болалардан фойдаланишга қарор қилади. Ташкилотнинг пухта режасига кўра «Артек»да ўтказиладиган тадбирда ўқувчилар ёғоч гербни элчига совға қилишлари лозим эди.

1945 йилда август ойида «Артек»нинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбирда АҚШ элчиси ҳам қатнашади ва лагернинг тўлиқ тиклаш ишлари учун бошқалар каби салмоқли пул хайрия қилади.

Тадбир давомида бир гуруҳ ўқувчилар Ҳарриманга фашизм устидан биргаликда қозонилган ғалаба учун миннатдорчилик билдиришади. Сўнг дўстлик рамзи сифатида унга ичига эшитиш мосламаси ўрнатилган ёғоч герб рамзини совға қилишади.

Ҳарриманга совет ўқувчилари совға қилган ёғоч герб
www.yaplakal.com

Ёғоч буюмлар жинниси бўлган элчи совғани кўриб қувониб кетади ва Москвага қайтгач уни кабинетига илиб қўяди. Шу тариқа советлар Ҳарриманнинг кабинетида бўлаётган барча суҳбатларни эшитиш имкониятига эга бўлишади.

Ўша пайтда Сталин эса Ҳарриманнинг хонасида муҳокама қилинган барча ишлардан хабардор бўлиб туради.

Эшитиш мосламасининг фош этилиши

1946 йилда Ҳарриман элчиликдан бўшатилади ва АҚШга қайтиб кетади. Бироқ у хонасига илинган ёғоч герб рамзини ўз ўрнида қолдиради.

Ҳарримандан сўнг унинг ўрнига тайинланган Уолтер Смит СССРда элчи сифатида икки ярим йил ишлайди. Ундан кейин икки йил ошиқроқ муддат Алан Крик АҚШнинг СССРдаги элчиси бўлади. 1952 йил 14 май куни бу вазифага Жорж Кеннан киришади.

Британия элчихонаси жойлашган бино АҚШ элчихонасига яқин жойда бўлган. (Иккала элчихона ҳам Кремл атрофида жойлашганди). Кунлардан бирида Британия элчихонасида радиооператор бўлиб ишлаётган ходим тасодифан эшитиш мосламасидан чиқаётган сигнални тутиб олади.

Ҳарриманга совға қилинган ёғоч гербнинг ичи. Унга ихчам эшитиш мосламаси ўрнатилган.

smotrim.ru

Сигнал текшириб кўрилганда АҚШ элчихонасидан чиқаётгани маълум бўлади. Охир-оқибат сигнал бир пайтлар совет ўқувчилари томонидан Ҳарриманга совға қилинган ёғоч герб рамзидан тарқалаётгани аниқланади.

Бошқа бир версияга кўра америкаликларга элчихона биносига ўрнатилган эшитиш ускунаси ҳақида Марказий разведка фойдасига жосуслик қилаётган НКВД ходими маълум қилган.

Ёғоч герб рамзи очиб кўрилганда унинг ичида эшитиш мосламаси борлиги ва у элчининг хонасида етти йилдан буён тургани ойдинлашади. (Ҳозирги кунда герб рамзи АҚШдаги музейда сақланади)

Ҳарриманнинг кейинги тақдири

1946 йилда Ҳарриман АҚШнинг СССРдаги элчиси лавозимидан бўшатилиб, Британиядаги элчиси лавозимига тайинланади.

У Лондонда икки йил ишлагач иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа давлатларига ёрдам кўрсатиш бўйича ташкил этилган «Маршалл режаси» дастурининг бош координатори вазифасида ишлайди.

1950-1951 йилларда Президент Ҳарри Трумэннинг ташқи сиёсат масалалари бўйича ёрдамчиси бўлади.

Москвадаги элчихонага ўрнатилган эшитиш мосламасининг фош қилиниши Ҳарриманнинг сиёсий фаолиятига соя солмайди. У 1954 йилда Нью-Йорк штати губернаторлиги учун ўтказилган сайловда ғалаба қозонади ва тўрт йил шу штатни бошқаради.

1963-1965 йилларда АҚШ давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлайди.

Ҳарриман АҚШ президенти Жон Кеннеди билан. 1960-йиллар бошларида
www.alamy.com

Ҳарриман Вьетнам урушини тугатиш бўйича ҳам ишлайди ва 1969 йилда Парижда Шимолий Вьетнам вакиллари билан урушни тезроқ тугатиш бўйича ўтказилган музокараларда АҚШ делегацияси раҳбари сифатида иштирок этади.

Ҳарриман учта китоб муаллифи саналади. 1982 йилда ҳали тириклигидаёқ АҚШдаги нуфузли Колумбия университети таркибидаги Рус институтига унинг номи берилади. Ҳарриман 1986 йилда вафот этади.

Ғайрат Йўлдош

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.