«Самарқанд дарвоза»да қўлбола ўт ўчириш мосламаси портлади, жароҳат олганлар бор

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида ўт ўчириш мосламасини ёқиб, унинг портлаши натижасида одамлар жароҳатлангани ҳақида маълумотлар ва видеотасвирлар тарқалди.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга кўра, жорий йилнинг 1 январь куни тунги соат 00.45 ларда Шайхонтоҳур тумани «Қоратош» кўчаси автоқатнов йўлида байрам баҳонаси билан аҳоли йиғилиб, бир нечта фуқаролар автойўлни ажратиб турувчи тўсиққа мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган «ўт ўчиргич» мосламасини жойлаштириб, мосламани тагидан ёқиши оқибатида мослама чақнаши кузатилган.

Натижада, мушакбозликни телефони камерасига тасвирга олаётган фуқаролар, 1997 йилда туғилган М.С. (Ташхис: қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши), 1999 йилда туғилган М.А. (Ташхис: ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати) ҳамда 2006 йилда туғилган Х.Н. (Ташхис: ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси) турли кўринишдаги жароҳат олганлар.

Ҳозирда, ҳолат юзасидан мосламани тайёрлаган ҳамда уни ёққан шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.