Автотранспортларнинг вазни ва ҳажми устидан назорат хусусий секторга ўтказилади

Улашиш:

Вазирлар Маҳкамаси 28 октябрдаги «Автомобиль йўллари бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжатга кўра, автомобиль йўлларида вазн ва ҳажм параметрлари назорати бўйича замонавий ўлчов воситалари билан жиҳозланган стационар ва кўчма шохобчалар ўрнатилиб, уларни ишлатишга хусусий сектор жалб қилинади.

Шунингдек, шохобчалар аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига 20 йил муддатга ижара асосида ва бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқи билан берилади.

Қарор билан Автомобиль йўлларида оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчаларни тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Электрон онлайн аукцион савдоларига қўйиш учун ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи):

  • халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида — БҲМнинг 50 баравари;
  • давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида — БҲМнинг 40 баравари;
  • маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида — БҲМнинг 30 баравари миқдорида белгиланади.

Электрон онлайн-аукцион савдоларидан тушган маблағлар электрон савдо майдони оператори харажатларини чегириб ташланган ҳолда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.

Ишга туширилган ўлчов назорат шохобчалари орқали қайд этилган юк ташиш қоидалари (тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари, шунингдек, умумий ҳақиқий вазни, ўққа тушувчи оғирлиги белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш, худди шунингдек, рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш) бузилгани учун ундирилган жарималар суммасидан тушган маблағларнинг:

Дастлабки 2 йил давомида:

  • 40 фоизи — тадбиркорлик субъектига;
  • 35 фоизи — жамғармага;
  • 15 фоизи — Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасига;
  • 10 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;

2 йил ўтганидан сўнг:

  • 30 фоизи — тадбиркорлик субъектига;
  • 45 фоизи — жамғармага;
  • 15 фоизи — Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасига;
  • 10 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига йўналтирилади.

Бунда фуқароларга юбориладиган жарималар бўйича почта, интернет ва SMS хабарномалар учун сарфланадиган ҳамда жарималарни саралаш ва улар бўйича қарор қабул қилиш ишларига шартнома асосида жалб этиладиган маъмурий амалиёт ходимлари учун сарфланадиган харажатлар Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.