Ўзбекистон автомобил бозорида Trade-up дастури жорий этилади

Улашиш:

Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ савдо тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳукумат қарори лойиҳаси қуйидаги мақсадлар учун ишлаб чиқилган:

1. «Дистрибютор» ва «дилер» мақомини аниқ белгилаш

Вазирлар Маҳкамаси қарорларида «дистрибютор» ва «дилер» тушунчаларининг талқини бошқа характерга эга.

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарорида «дистрибютор» воситачи ташкилоти сифатида кўрсатилган ва «дилер» сўзининг изоҳи унда акс эттирилмаган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сонли қарорида «дистрибютор» сўзининг изоҳи йўқ, бироқ унда «расмий дилер» сўзига таъриф берилган. Бундан ташқари, ушбу қарорда ҳам аввалги қарор каби ҳам «дистрибютор» воситачи ташкилоти сифатида кўрсатиб ўтилган.

«Дистрибютор» ва «дилер» таърифларини тўғри талқин қилиш мақсадида таклиф қилинаётган лойиҳада уларнинг талқинлари аниқ кўрсатиб ўтилган.

Амалдаги қонунчиликда дистрибютор ва дилерлар томонидан автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилардан олдиндан (аванс) тўлови эвазига сотиб олиш механизми йўқлиги сабабли, воситачилик (топшириқ) шартномалари бўйича фаолият юритилмоқда. Бу автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарининг айланма маблағлари музлатиб қўйилишига, дистрибютор (дилер) корхоналари автомобил сотилишида замонавий ва ривожланган давлатлар тажрибасида кенг қўлланиладиган дастурларни истеъмолчиларга тақдим қилишда чекланишига олиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналари автомототранспорт воситаларини ўзлари томонидан тайинлаган дистрибютор (дилер) корхоналарига олдиндан тўлов (аванс) асосида сотиш имконини беради.

2. Trade-up дастурини жорий этиш

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, истеъмолчиларга ўзлари фойдаланган автотранспорт воситасини янги маҳаллий ишлаб чиқарилган автотранспорт воситасига алмаштириш имкониятини яратувчи Trade-in дастури жорий қилинган.

Trade-up дастури эса – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини бошқа илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасига алмаштириш ҳисобланади.

Trade-up дастурининг жорий этилиши юридик ва жисмоний шахсларга ўзларида фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини бошқа илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасига алмаштириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Бугунги кунда республикада Trade-up дастури бўйича амалга оширилаётган битимлар амалиётда нарх фарқини тўлаган ҳолда илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаси эвазига фақат янги автомобиль бериш билан чекланади.

Trade-up дастурини жорий этиш орқали истеъмолчига дистрибюторлик (дилерлик) марказида бошқа ёки шунга ўхшаш тоифадаги автомобилни топиш имконияти берилади, бунда қўшимча тўловдан қочиш имконияти мавжуд бўлса ҳам, ундан фарқли ўлароқ, янги автомобиль учун фарқни қўшимча тўлаш, илгари фойдаланишда бўлган автомобиль учун арзонроқ бўлади ёки эҳтимол нархдаги фарқ истеъмолчининг ўзига тўлаб берилиши мумкин.

3. Дистрибютор ва дилерлик корхоналари томонидан тузиладиган битимларни нотариал тартибда расмийлаштирмасдан амалга оширилиши мумкин бўлган битимлар рўйхатига қўшиш

Илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситалари иккиламчи бозорида нақд пул айланмасини қисқартириш ва бюджетга солиқ тушумларини кўпайтириш мақсадида юридик шахсларга (дистрибюторлик ва дилерлик корхоналарига) илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ олди-сотди битимларни нотариал тартибда расмийлаштирмасдан туриб, уларни тўғридан тўғри амалга ошириш имконияти берилиши керак.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси қарорларида акс эттирилган, нотариал тартибда расмийлаштирмасдан туриб амалга оширилиши мумкин бўлган битимлар рўйхати дистрибютор ва дилерлар томонидан тузиладиган илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар билан тўлдирилди.

Бу чора асосан яширин иқтисодиёт ва нақд пул айланмасини қисқартириш, шунингдек, илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларининг иккиламчи бозорида содир этилаётган турли фирибгарлик схемаларини камайтиришга қаратилган.

Илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситалари бозорида битимлар тузишнинг қўшимча механизмининг жорий этилиши дистрибютор ва дилерлик корхоналарига олди-сотди шартномаларини оддий ёзма шаклда, яъни нотариал тартибда расмийлаштирмасдан тузиш имконини беради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.