Жаҳон чемпионати-2026 саралашининг ҳал қилувчи босқичи 6-турида Ўзбекистон терма жамоаси Лаосда Шимолий Корея билан учрашди. Учрашувда Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуров жароҳатлари сабаб майдонга тушмади.
Биринчи таймда рақибдан устунликка эришган вакилларимиз Аббосбек Файзуллаевнинг голи евазига олдинга чиқиб олди — 1:0. Иккинчи бўлимда футболчиларимиз «иккинчи рақам» остида ҳаракат қилишни танладилар, бу эса ўйин жилови ва майдондаги устунлик тўлиқ корейслар назоратига ўтганини кўрсатди. Оғир жазоланишимиз ҳам мумкин эди, аммо омад ва дарвозабонимиз Ўткир Юсупов бизни асраб қолди. 83-дақиқада бош ҳакам Умарбек Эшмуродовнинг қўполлигини ВАР орқали текшириб, уни майдондан четлатди. Жамоамиз бахтига, бу сафар ҳам Юсупов 11 метрлик жарима зарбасини қайтарди. У аввал Тошкентдаги баҳсда ҳам корейсларнинг пеналтидан йўллаган зарбасини бартараф этган эди.
Шу тариқа Ўзбекистон энг ёмон ўйинларидан бирида энг муҳим очколарни қўлга киритиб, гуруҳда 13 очко билан 2-ўринда бормоқда. Ўзбекистон навбатдаги турни кейинги йил март ойида Тошкентда Қирғизистонга қарши ўтказади.
ЖЧ-2026 саралаши: А гуруҳи. 6-тур
КХДР – Ўзбекистон – 0:1
Гол: Аббосбек Файзуллаев, 44
ЖЧ-2026 саралаши доирасида Ўзбекистон билан бир гуруҳдан ўрин олган Қирғизистон Эронни қабул қилди. Эрон аввалига Меҳди Торемий ва Солеҳ Ҳарданийнинг икки голи ҳисобига олдинга чиқди, сўнгра Қирғизистон Кожонинг дубли билан мувозанатни тиклади. Якунда Сардор Aзмун эронликларга муҳим уч очкони келтирган голни киритиб, баҳс тақдирини ҳал қилди. Эрон 16 очко билан гуруҳ пешқадамлигини давом эттирмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар ўртасидаги ўйинда дуранг қайд этилиши Ўзбекистон учун энг мақбул натижа бўларди. Аммо Амирликлар бизни аламли мағлубиятга учратган Қатарни янчиб ташлади — 5:0. БАА 10 очко тўплаб Ўзбекистоннинг бевосита ва хавфли таъқибчисига айланди. Мундиалга боришни истасак, Амирликлар каби ғалаба қозонишимиз ва айнан уларни енгишимиз шарт.
Қирғизистон – Эрон – 2:3
БАА – Қатар – 5:0